Сўнгги тўққиз йилда босқичма-босқич амалга оширилган ислоҳотлар айнан жорий йилда бир нуқтада туташиб, иқтисодий ўсишнинг янги манбалари, янгича мазмуни ва фалсафасини шакллантирди.
Бу йил иқтисодий жараёнларни фақат ялпи рақамлар орқали баҳолаш етарли эмас. Асосий савол шунда: бу ўсиш қаердан келяпти, қандай манбалар ҳисобидан таъминланмоқда ва у қанчалик барқарор? Ана шу саволларга жавоб бериш 2025 йил иқтисодиётини англаш калитидир.
Жорий йилнинг тўққиз ойи якунларига кўра, мамлакатимиз ялпи ички маҳсулоти 7,6 фоиз ўсди. 2025 йилнинг январь-ноябрь ойларида ташқи савдо айланмаси 72,8 миллиард АҚШ долларини ташкил этиб, 2024 йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 22 фоиз ошди. Жумладан, экспорт ҳажми 30,9 миллиард долларга етиб, 26,2 фоиз ўсишни қайд этди. Импорт эса 41,8 миллиард долларга етиб, 18,7 фоиз кўпайди. Мамлакатимиз ташқи савдо айланмасида энг катта улуш Хитой ҳиссасига тўғри келди (20,1 фоиз). Ундан кейинги ўринларни Россия (16,2 фоиз), Қозоғистон (6 фоиз), Туркия (3,7 фоиз) ва Корея Республикаси (2,2 фоиз) эгаллади.
Бу кўрсаткичлар ўтган йилнинг шу давридаги ўсишдан сезиларли даражада юқори. Бир қарашда бу навбатдаги ижобий статистикадек туюлиши мумкин. Аммо иқтисодчи нуқтаи назари билан қаралганда, ушбу ўсишнинг сифат таркиби анча муҳим.
Аввалги йилларда иқтисодий ўсиш кўп жиҳатдан ички истеъмолни рағбатлантириш, бюджет харажатларини кенгайтириш, айрим тармоқларда бир марталик фаоллик ҳисобига таъминланган эди. 2025 йилда эса манзара ўзгарди. Ўсиш инвестиция, ишлаб чиқариш ва хизматлар секторидаги барқарор фаоллик орқали шаклланмоқда. Бу эса иқтисодий ўсишни қисқа муддатли эмас, балки ўрта ва узоқ муддатли траекторияга чиқараётган асосий омилдир. 2025 йил иқтисодий сиёсатининг энг муҳим ютуқларидан бири — макроиқтисодий барқарорлик ва юқори ўсиш ўртасида нозик мувозанатга эришилгани.
Жорий йил 1 ноябрь ҳолатига кўра, йиллик инфляция даражаси 7,8 фоизга тушди. Бу ўтган йилдаги 10,2 фоиз билан солиштирганда жиддий пасайишдир. Муҳими, инфляция пасайиши иқтисодий фаолликнинг сусайиши ҳисобига эмас, балки пул-кредит сиёсати ва таклифни кенгайтириш чораларининг уйғунлиги орқали таъминланди.
Марказий банк юритаётган қатъий, бироқ мувозанатли пул-кредит сиёсати инфляция кутилмаларини барқарорлаштирди, миллий валютанинг ички барқарорлигини мустаҳкамлади, бизнес учун прогноз қилинадиган муҳит яратди.
Шу билан бирга, иқтисодиётда ликвидлик етарли даражада сақланиб, инвестиция ва кредит фаоллиги чекланмади. Бу ҳолат кўп мамлакатлар учун мушкул вазифа ҳисобланган “ўсиш ва барқарорлик дилеммаси” юртимизда амалий ечим топаётганини кўрсатади.
2025 йилдаги иқтисодиётнинг яна бир муҳим хусусияти ўсиш манбалари диверсификация қилинаётганидир. Жорий йилда иқтисодий ўсиш деярли барча асосий тармоқлар ҳисобига таъминланди. Саноат ҳажми 6,8 фоиз ошиб, ЯИМ ўсишига 1,7 фоиз пункт ҳисса қўшди. Айниқса, қайта ишлаш саноатининг улуши 85 фоиздан ошгани қўшилган қиймат яратиш сиёсати самара бераётганини кўрсатади.
Қишлоқ хўжалиги 4,1 фоиз ўсди. Бу натижа фақат об-ҳаво билан эмас, балки агротехнологиялар, кластер тизими ва меҳнат унумдорлигининг ошиши билан боғлиқ.
Қурилиш соҳаси 14,2 фоиз ўсишни қайд этди. Инфратузилма ва уй-жой қурилиши иқтисодиётнинг бошқа тармоқлари учун кучли мультипликатив таъсир кўрсатмоқда. Хизматлар сектори 14 фоиз ўсиш билан иқтисодиётнинг асосий локомотивига айланди ва ЯИМ ўсишига 4 фоиз пункт ҳисса қўшди.
Рақамлар иқтисодий ўсиш бир ёки икки тармоққа боғланиб қолмаётгани, балки иқтисодиётнинг ички тузилмаси мустаҳкамланаётганини кўрсатади.
Бу моделнинг асосий белгиларини хомашёдан қўшилган қийматга ўтиш, давлат иштирокидан хусусий сектор фаоллигига таяниш, ижтимоий сиёсатни иқтисодий сиёсат билан интеграция қилиш, инновация ва рақамлаштиришни ўсиш драйверига айлантириш кўринишида ифодалаш мумкин. Шу маънода, 2025 йил Ўзбекистон учун фақат иқтисодий кўрсаткичлар яхшиланган йил эмас, балки иқтисодий фикрлаш ўзгарган йил сифатида муҳим аҳамият касб этмоқда.
Иқтисодиётда бундай қоида бор: тез ўсиш кўпинча инфляцияни, қатъий барқарорлик эса сустликни олиб келади. Кўп мамлакатлар айнан шу икки танлов ўртасида қолиб кетади. 2025 йил юртимиз учун эса ушбу анъанавий зиддиятни енгиш йўлидаги амалий тажриба йили бўлди. Жорий йил иқтисодий сиёсатининг энг муҳим натижаси шундаки, макроиқтисодий барқарорлик ва иқтисодий ўсиш бир-бирини инкор этувчи эмас, балки ўзаро тўлдирувчи жараёнлар сифатида намоён бўлди.
Юқорида қайд этганимиздек, 2025 йил 1 ноябрь ҳолатига кўра, йиллик инфляция даражаси 7,8 фоизни ташкил этди. Бу рақам қуруқ статистика эмас. Унинг ортида аҳоли учун харид қобилияти, тадбиркор учун прогноз, инвестор учун ишонч турибди.
Ўтган йил инфляция 10 фоиздан юқори бўлган шароитда нархлар тез ўзгарди, бизнесни режалаштириш қийинлашди, аҳоли реал даромадларига босим кучайди. 2025 йилда эса вазият ўзгарди. Инфляция пасайиши орқали иқтисодиётда ишонч муҳити шакллана бошлади. Бу эса иқтисодий ўсишнинг энг муҳим, аммо кўпинча кўзга кўринмайдиган шартидир. Муҳими, инфляцияни пасайтириш “иқтисодий тормоз” ҳисобига эмас, аксинча, тўғри танланган сиёсат орқали амалга оширилди.
Марказий банк 2025 йилда пул-кредит сиёсатини “қаттиқлаштириш ёки юмшатиш” каби содда танлов доирасида эмас, балки баланс санъати сифатида юритди. Бир жиҳатдан ортиқча пул массаси чекланди, инфляция кутилмалари назоратга олинди, фоиз ставкалари бозор учун тушунарли коридорда ушлаб турилди.
Иккинчи томондан эса иқтисодиётда ликвидлик танқислигига йўл қўйилмади, кредитлаш кескин қисқармади, инвестиция фаоллиги сақлаб қолинди. Бу ёндашув иқтисодий сиёсатда муҳим тамойилни намоён қилди. Мақсад инфляцияни ҳар қандай нарх эвазига тушириш эмас, уни иқтисодий ўсишга зарар етказмаган ҳолда назорат қилишдир.
Инфляция пасайиши миллий валютанинг ички барқарорлигига ҳам ижобий таъсир кўрсатди. Валюта курсининг кескин тебраниши камайди. Бу эса ташқи савдо, инвестиция ва бизнес қарорларига ижобий сигнал бўлди. Айниқса, хусусий сектор учун валюта барқарорлиги импорт ускуналарини режалаштириш, экспорт шартномаларини узоқ муддатли тузиш, ташқи қарзларни бошқариш имкониятларини кенгайтирди. Бу жиҳатдан 2025 йил иқтисодиётда узоқ муддатли фикрлаш учун асос яратган йил бўлди.
Давлат бюджети ҳам анъанавий “харажатлар сметаси”дан иқтисодий ривожланиш инструментига айлана бошлади. Давлат харажатларида устувор йўналишлар аниқ белгилаб олинди. Бюджет маблағлари истеъмолни сунъий рағбатлантиришга эмас, балки таклифни кенгайтиришга йўналтирилди. Бу эса инфляцияни пасайтиришга ҳам, иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватлашга ҳам хизмат қилди.
Эришилган макроиқтисодий мувозанат келгуси йиллар учун мустаҳкам пойдевор вазифасини бажармоқда. Инфляцияни 2026 йилда 7 фоиз, 2027 йилда эса 5 фоиз атрофида ушлаб туриш режалари шунчаки декларация эмас. Бу режалар таклифни ошириш, рақобатни кучайтириш, хусусий сектор фаоллигини кенгайтириш орқали рўёбга чиқарилиши кўзда тутилган. Шу маънода, 2025 йил макроиқтисодий сиёсатни стратегик бошқаришга ўтиш йили бўлди.
Энг муҳим жиҳат рақамларда эмас. Энг муҳим ўзгариш иқтисодий сиёсат фалсафасида. Агар аввал “ўсиш учун барқарорликдан воз кечиш” ёки “барқарорлик учун ўсишни қурбон қилиш” деган қарашлар мавжуд бўлган бўлса, 2025 йил бу стереотипни бузди. Тажриба шуни кўрсатмоқдаки, тўғри йўналишдаги институтлар, ҳисоб-китобли сиёсат ҳамда бозор механизмлари орқали ўсиш ва барқарорликни бир вақтда таъминлаш мумкин.
Агар 2025 йил иқтисодиётини битта ибора билан ифодалаш керак бўлса, уни “инвестиция фикрлаши ўзгарган йил” деб аташ мумкин. Чунки жорий йилда инвестиция сиёсати миқдор ортидан қувишдан воз кечиб, сифат, самарадорлик ва иқтисодиётга реал таъсир мезонларига ўтди. Энди савол “Қанча маблағ кирди?” эмас, балки “Қайси соҳаларга, қандай шартларда ва қандай натижа билан кирди?” деган мазмунда қўйилмоқда. Бу эса инвестиция сиёсатининг мутлақо янги босқичга чиққанини кўрсатади.
Январь-сентябрь ойларида марказлашмаган манбалар ҳисобидан асосий капиталга 400 триллион сўмдан ортиқ инвестиция ўзлаштирилди. Бу кўрсаткич сўнгги тўрт йилда деярли уч баробар ўсган. Бир қарашда мазкур рекорд рақамлар навбатдагисидек туюлиши мумкин. Аммо иқтисодчи нуқтаи назаридан қараганда энг муҳим жиҳат кўринади: бу инвестиция манбаларининг таркиби ўзгарганидир.
Аввал давлат бюджети, давлат кафолатидаги лойиҳалар, йирик инфратузилма дастурлари асосий ўрин эгаллаган бўлса, 2025 йилга келиб вазият ўзгарди. Инвестиция жараёнининг марказида хусусий сектор, тижорат банклари, хорижий инвесторлар турибди. Бу эса иқтисодиётда давлатнинг мақоми тўғридан тўғри иштирокчидан шароит яратувчи ва қоидалар белгилаб берувчига айланаётганини англатади.
Тижорат банклари томонидан иқтисодиётга ажратилган кредитлар ҳажми 450 триллион сўмга яқинлашди. Бу рақам фақат молиявий кўрсаткич эмас, балки иқтисодий фаолликнинг қай даражада эканини кўрсатувчи индикатордир. Муҳими, ушбу кредитларнинг катта қисми микро, кичик, ўрта бизнес субъектларига йўналтирилди. Яъни инвестиция фаоллиги фақат йирик корхоналар билан чекланиб қолмади, иқтисодиётнинг “қон томирлари” бўлган минглаб тадбиркорлар орқали тарқалди. Бу жараён иқтисодий ўсишнинг инклюзив характер касб этишига хизмат қилди. Инвестиция иқтисодиётнинг тор сегментларида эмас, балки кенг қатламларида иш бошлади. Хусусий сектор инвестиция жараёнида фақат маблағ киритувчи эмас, иқтисодий ислоҳотларнинг фаол иштирокчиси сифатида намоён бўлди.
Натижада хусусий бизнес ишлаб чиқаришни модернизация қилмоқда, рақамли технологияларни жорий этмоқда, экспортга йўналган маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ўтмоқда. Эътиборлиси, хусусий инвестициялар нафақат янги корхоналар очишга, балки мавжуд ишлаб чиқаришларни сифат жиҳатдан янгилашга қаратилмоқда. Бу эса иқтисодиётда “қуриш” билан бирга “такомиллаштириш” жараёни кетaётганини англатади.
Жорий йил охирига келиб, чет эл инвестицияси иштирокидаги корхоналар сони 17 минг 900 тадан ошди. Мазкур кўрсаткич сўнгги беш йилда қарийб икки баробар ўсган. Бу ерда гап фақат сармоя қийматида эмас. Хорижий инвестиция бу технология, бошқарув маданияти, экспорт бозорларига чиқиш имконияти дегани. Шу маънода, ҳар бир хорижий инвестор иқтисодиёт учун қўшимча билим ва тажриба манбаидир.
Эътиборли жиҳати шундаки, хориж сармояси асосан саноат, қурилиш, ахборот-коммуникация, хизматлар соҳаларига кириб келмоқда. Бу эса иқтисодиётнинг келажакдаги ўсиш нуқталари айнан шу соҳаларда кўрилаётганини англатади. Инвестиция сиёсатидаги яна бир муҳим ўзгариш муҳитга эътибор кучайганидадир. Инвестор учун фақат имтиёзлар эмас, балки қонун устуворлиги, прогноз қилинадиган сиёсат, барқарор макроиқтисодий муҳит ҳал қилувчи омилга айланди. Бу борада валюта либераллашуви, капитал ҳаракатининг эркинлашиши, банк тизимидаги ислоҳотлар ва рақамлаштириш инвестиция муҳитини сифат жиҳатдан яхшилади.
Шу маънода, 2025 йилни Ўзбекистон учун инвестиция иқтисодиёти пойдевори қўйилган йил деб аташ мумкин. Бу йил инвестициялар иқтисодий ўсишни тезлаштирди, тармоқларни модернизация қилди, хусусий секторни фаоллаштирди, келгуси 5-10 йиллик ривожи учун замин ҳозирлади. Энг муҳими, инвестиция сиёсати иқтисодий ислоҳотларнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучига айланди.
Мамлакатимиз иқтисодиёти ҳақида гап кетганда, узоқ йиллар давомида битта савол такрорланиб келган: биз хомашё сотувчисими ёки тайёр маҳсулот ишлаб чиқарувчи давлат? 2025 йил ана шу саволга амалда жавоб берила бошланган йил бўлди. Бу йил саноат тармоғи учун ўсиш ва сифат жиҳатдан янгиланиш даври бошланди. Ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш эмас, қўшилган қиймат яратиш асосий мақсадга айланди.
Якунланаётган йилнинг тўққиз ойида саноат ишлаб чиқариши 6,8 фоиз ўсди. Айримлар бу рақамни аввалги йиллардаги кўрсаткич билан солиштириб, “суръат секинлашдими?” деган саволни қўяди. Аммо иқтисодий таҳлил бу ерда масала суръатда эмас, таркибда эканини кўрсатди. Эътиборлиси, саноат ўсишининг 85 фоиздан ортиғи қайта ишлаш саноати ҳиссасига тўғри келмоқда. Бу эса иқтисодиётимиз хомашёга боғлиқ ўсишдан чиқиб, тайёр маҳсулотга асосланган саноат моделини шакллантира бошлади деган муҳим хулосани чиқаришга асос бўлади. Тўғри, бу жараён бир йилда амалга ошмайди. Аммо 2025 йилда айнан шу йўлга қатъий қадам қўйилди.
Металлургия ҳам саноатнинг таянч устунларидан бири бўлиб қолди. Январь-октябрь ойларида металлургия маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 184 триллион сўмдан ошди. Навоий ва Тошкент вилояти ушбу соҳада етакчи ҳудудлар сифатида шаклланиб, мамлакат саноат салоҳиятининг муҳим қисмини таъминлади. Бироқ бу ерда асосий ўзгариш рақамларда эмас. Асосий бурилиш металлургиянинг функцияси ўзгарганида. Агар аввал металлургия хом металл ишлаб чиқариш, экспорт учун ярим тайёр маҳсулот тайёрлаш билан чекланган бўлса, жорий йилга келиб, металл конструкциялар, машинасозлик учун бутловчи қисмлар, қурилиш ва саноат ускуналари ишлаб чиқариш кенгаймоқда. Яъни металлургия саноат занжирининг бошланғич нуқтасидан унинг марказий бўғинига айланмоқда.
Сўнгги йилларда машинасозлик соҳаси иқтисодиётимизда стратегик йўналиш сифатида қайта шаклланмоқда. 2025 йилда бу соҳада икки муҳим тенденция яққол кўзга ташланди. Биринчидан, импорт ўрнини босиш сиёсати чуқурлашди. Илгари тўлиқ импорт қилинадиган кўплаб бутловчи қисмлар энди маҳаллий корхоналар томонидан ишлаб чиқарила бошлади. Бу нафақат валютани тежаш, шу билан бирга, маҳаллий саноат кооперациясини ривожлантиришга хизмат қилмоқда.
Иккинчидан, айрим сегментларда экспортга йўналтирилган маҳсулотлар пайдо бўлди. Автомобилсозлик, электротехника ва қишлоқ хўжалиги техникасида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар қўшни бозорларга чиқа бошлади. Бу машинасозликни ички бозорга хизмат қилувчи тармоқдан минтақавий рақобатчига айлантириш сари ташланган қадамдир.
Қурилиш соҳасидаги жадал ўсиш қурилиш материаллари саноати учун кучли ички талаб яратди. Цемент, шиша, металл конструкциялар, полимер маҳсулотларга эҳтиёж кескин ошди. Мазкур ҳолат қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчилар учун икки имкониятни очди, яъни ички бозорни тўйинтириш, қўшни давлатларга экспортни кенгайтириш.
Соҳада хусусий корхоналар улуши тез ўсмоқда. Янги заводлар, модернизация қилинган ишлаб чиқариш қувватлари рақобат муҳитини кучайтириб, маҳсулот сифати ва нарх барқарорлигига ижобий таъсир кўрсатмоқда.
Саноат ривожида ҳудудий ихтисослашув тенденциялари янада аниқлашди. Бугун мамлакат харитасида саноат фақат пойтахт атрофида жамланиб қолмаяпти. Навоий вилояти металлургия ва кимё, Фарғона водийси енгил саноат ва машинасозлик, Тошкент шаҳри ва вилояти юқори технологик ишлаб чиқариш ва электротехника марказларига айланиб бормоқда. Бу жараён ҳудудлар ўртасида соғлом рақобатни шакллантириб, логистика харажатларини қисқартириш ва ишлаб чиқариш самарадорлигини оширишга хизмат қиляпти. Шу билан бирга, айрим ҳудудларда саноат инфратузилмасини янада кучайтириш зарурати сақланиб қолмоқда.
Саноатдаги энг муҳим, аммо кам кўринадиган ўзгариш рақамлаштириш бошланганидир. Кўплаб корхоналарда энергия самарадор технологиялар, автоматлаштирилган бошқарув тизимлари, рақамли ҳисоб ва назорат механизмлари жорий этилди. Айрим йирик корхоналарда сунъий интеллект элементларидан фойдаланиш тажрибаси бошланди. Бу ҳали кенг оммавий босқичга чиқмаган бўлса-да, унинг стратегик аҳамияти жуда катта. Яъни бу жараёнда саноат харажатларини камайтириш, маҳсулот сифати ва хавфсизлигини ошириш имконияти пайдо бўлмоқда. Шу маънода, 2025 йил Ўзбекистон саноати учун бурилиш нуқтаси бўлди. Бу йил қайта ишлаш улуши ошди, маҳаллийлаштириш кўлами кенгайди, хусусий сектор фаоллашди, технологик янгиланиш бошланди.
Энг муҳими, саноат ривожи энди фақат давлат дастурлари ҳисобига эмас, балки бозор механизмлари, хусусий ташаббус ва инвестициялар орқали таъминланмоқда. Бу эса 2026-2030 йилларда мамлакатимизнинг жаҳон бозорида рақобатбардош саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи давлат сифатида намоён бўлиши учун мустаҳкам асос яратади.
Иқтисодиётда айрим тармоқлар борки, улар фақат ўзи ўсиб қолмай, бошқа соҳаларни ҳам ортидан етаклайди. Қурилиш ана шундай тармоқлардан. 2025 йилда қурилиш соҳаси айнан шу вазифани бажарди. Яъни иқтисодий ўсишни ҳудудларга тарқатувчи асосий механизмга айланди.
Қурилиш ишлари ҳажми 14,2 фоиз ўсди. Аммо унинг аҳамияти фақат қурилган бинолар сони билан эмас, балки қайси йўналишларга, қандай мақсадда ва қандай иқтисодий таъсир туфайли қурилаётгани билан ўлчанади. Жорий йилда қурилиш фаоллигининг катта қисми уй-жой қурилиши, йўл ва транспорт инфратузилмаси, энергетика объектлари, ижтимоий инфратузилма ҳисобига тўғри келди. Бу эса қурилиш ижтимоий-иқтисодий вазифани ҳам бажараётганини кўрсатади.
Уй-жой қурилиши кенг кўламда давом этди. Янги массивлар, кўп қаватли уйлар, муҳандислик коммуникациялари нафақат аҳолининг турар жойга эҳтиёжини қондириш, балки ички бозорда талабни қўллаб-қувватлаш вазифасини ҳам бажарди. Уй-жой қурилиши қурилиш материаллари саноати, мебель ва маиший техника, хизматлар соҳаси учун барқарор талаб яратди. Шу маънода, ҳар бир қурилган уй иқтисодиёт учун мультипликатив самара бермоқда.
Йўллар, кўприклар, электр тармоқлари, газ ва сув таъминоти каби инфратузилма объектларига катта эътибор қаратилди. Бу сармоя бир қарашда дарҳол даромад келтирмаслиги мумкин. Аммо иқтисодий нуқтаи назардан қарасак, айнан инфратузилма узоқ муддатли ўсишнинг энг ишончли гарови эканини кўрамиз.
Яхши йўл арзон логистика бўлса, барқарор энергия узлуксиз ишлаб чиқариш демакдир. Сифатли коммуникация инвестиция жозибадорлигини оширувчи муҳим омил. Амалга оширилган инфратузилма лойиҳалари иқтисодиёт учун айнан шу шароитларни яратиб берди. Эътиборли жиҳати, 2025 йилда қурилиш ишларининг ярмидан ортиғини кичик ва ўрта корхоналар бажарди. Бу ҳолат қурилиш соҳасида рақобат муҳити шакллангани, монополия хавфи камайгани, хизматлар сифати ошганини кўрсатади. Муҳими, қурилишда кичик бизнес фаоллиги минглаб иш ўринлари очиб, аҳолининг даромад манбаларини кенгайтирди.
Шу маънода, қурилиш соҳаси иқтисодий ўсишнинг инклюзив характер касб этишига ҳам хизмат қилди. Қурилиш фаоллиги фақат пойтахт ёки йирик шаҳарлар билан чекланиб қолмади. Қорақалпоғистондан тортиб, Фарғона водийсигача, тоғли ҳудудлардан чўл минтақаларигача инфратузилма лойиҳалари амалга оширилди.
Бу жараён икки муҳим натижа берди. Биринчидан, ҳудудларда иқтисодий фаоллик ошди, иккинчидан, ишлаб чиқариш ва хизматлар учун янги имкониятлар очилди. Шу орқали иқтисодий ўсиш марказлашиб қолмасдан, мамлакат бўйлаб тарқала бошлади.
Қурилиш соҳасидаги жадал ўсиш қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни ҳам фаоллаштирди ва янги қувватлар ишга туширилди. Асосийси, бу маҳсулотлар ички бозорни тўйинтирмоқда, импорт ўрнини босмоқда, айрим йўналишларда экспортга чиқмоқда. Бу эса қурилиш соҳасининг саноат билан чуқур боғланиб, иқтисодиётда ёпиқ айлана эмас, балки қўшилган қиймат занжирини шакллантираётганини кўрсатади.
Лўнда қилиб айтганда, қурилиш ва инфратузилма соҳаси иқтисодиётда ўсиш архитектори вазифасини бажарди. Қурилиш иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватлади, ҳудудларни ривожлантирди, ижтимоий эҳтиёжларни қондирди, саноат ва хизматлар учун шароит яратди. Энг муҳими, қурилиш сиёсати қисқа муддатли эффект эмас, балки узоқ муддатли иқтисодий барқарорликни кўзлаб юритилмоқда.
Иқтисодиёт тараққиётида шундай палла келади: завод қувватлари ва қурилиш майдонлари
билан бирга инсон эҳтиёжи, хизмат сифати ва технология ҳал қилувчи аҳамият касб эта бошлайди. 2025 йил юртимиз учун айнан шундай босқичга ўтиш йили бўлди. Чунки жорий йилда хизматлар соҳаси иқтисодиётнинг ёрдамчи сегментидан чиқиб, асосий ўсиш локомотивига айланди. Бу ўзгариш тасодифий эмас. У узоқ йиллар давомида шаклланган ички талаб, рақамлаштириш сиёсати ва аҳоли даромадларининг ўсиши натижасидир.
Ниҳоясига етаётган йилда хизматлар соҳаси 14 фоиз ўсиб, ялпи ички маҳсулот ўсишига 4 фоиз пункт ҳисса қўшди. Бу рақам иқтисодий статистикада муҳим, аммо унинг аҳамияти бундан ҳам чуқур. Чунки хизматлар соҳасидаги ўсиш тез иш ўринлари очади, кам сармоя билан юқори самара беради, аҳоли даромадларига тўғридан тўғри таъсир қилади. Савдо, транспорт, алоқа, молиявий хизматлар ва ахборот технологиялари сегментларидаги жадал ривожланиш иқтисодиётда янги талаб маданияти шаклланаётганини кўрсатади.
Чакана савдо айланмасининг 11 фоиз ўсиши аҳолининг харид қобилияти барқарор ўсиб бораётганини англатади. Бу ерда муҳим жиҳат шундаки, истеъмол ўсиши реал даромадлар, барқарор инфляция, иш билан бандлик орқали таъминланмоқда. Рақамли савдо платформалари, онлайн тўловлар ва логистика хизматларининг ривожланиши истеъмолни янги босқичга олиб чиқди. Харид қилиш энди фақат бозор ёки дўкон билан чекланиб қолмаяпти. Иқтисодиёт рақамли маконга кўчмоқда.
Транспорт хизматлари ҳажми 150 триллион сўмдан ошди. Бу соҳадаги ўсиш фақат ички ҳаракат билан эмас, балки ташқи савдо ва транзит салоҳияти билан ҳам боғлиқ. Географик жойлашувимиз табиий устунлигимиздир. Жорий йилда логистика марказлари, транспорт коридорлари ва рақамли бошқарув тизимларига йўналтирилган сармоялар айнан шу устунликни иқтисодий фойдага айлантиришга қаратилди. Натижада транспорт хизматлари иқтисодиётда боғловчи ҳалқа, тезлаштирувчи механизм, харажатларни қисқартирувчи омил сифатида намоён бўлмоқда.
Бу йил туризм соҳаси учун ҳам алоҳида аҳамиятга эга бўлди. Хорижлик туристлар сонининг 10 миллиондан ошиши ва туризм хизматлари экспортидан тушган даромаднинг 4 миллиард доллардан ортиши бу соҳани иқтисодиётнинг тўлақонли экспорт тармоғига айлантирди. Муҳими, туризм энди фақат тарихий обидалар билан чекланиб қолмаяпти. Экологик, гастрономик, тиббий ва қишки туризм йўналишлари кенгайиб, хизматлар диверсификация қилинмоқда. Бу эса туризмни мавсумий эмас, йил давомида ишлайдиган иқтисодий сегментга айлантирмоқда.
Хизматлар соҳасидаги энг катта бурилиш рақамли иқтисодиётнинг кенг ёйилиши бўлди. Электрон тижорат, финтех, онлайн банк хизматлари ва давлат хизматларининг рақамлаштирилиши аҳоли ва бизнес учун вақт ҳамда харажатни тежаш имконини берди.
Ахборот технологиялари хизматлари экспортининг кескин ўсиши Ўзбекистоннинг рақамли маҳсулот ярата оладиган давлат сифатида майдонга чиқишидан далолат беради. Бу ерда гап фақат технологияда эмас. Рақамли иқтисодиёт бу очиқлик, шаффофлик, самарадорлик демакдир.
Ана шу сифатлар хизматлар соҳасида иқтисодий фаолликни янада рағбатлантирмоқда. Хизматлар соҳаси бандлик масаласида ҳам муҳим ўрин тутди. Бу соҳадаги иш ўринлари ёшлар, аёллар, касбий қайта тайёрлашдан ўтган фуқаролар учун кенг имконият очди. Шу маънода, хизматлар иқтисодиёти нафақат ўсиш, балки ижтимоий барқарорлик манбаи сифатида ҳам алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Умуман, 2025 йил иқтисодиётда хизматлар соҳаси янги локомотив сифатида ишга тушди. Бу соҳадаги ўсиш иқтисодий фаолликни оширди, аҳоли даромадларини кўпайтирди, рақамлаштиришни жадаллаштирди, экспорт имкониятларини кенгайтирди. Энг муҳими, хизматлар иқтисодиёти инсон эҳтиёжларига яқин, тезкор ва самарали бўлгани учун иқтисодий ислоҳотларнинг жамиятга таъсирини кучайтирди.
Иқтисодиётни “қон айланиш тизими”сиз тасаввур қилиб бўлмаганидек, молия тизимисиз ҳам барқарор ривожланиш ҳақида гапириш мумкин эмас. 2025 йил молия тизими учун айнан шундай “қон айланишини тозалаш” ва тизимни мустаҳкамлаш йили бўлди.
Агар аввалги йилларда асосий мақсад иқтисодиётга кўпроқ пул киритиш бўлган бўлса, жорий йилда эътибор пулнинг сифати, ҳаракат йўналиши ва қай даражада самара бераётганига қаратилди. Бу эса молия тизимида фалсафий ўзгариш бошланганидан далолат.
Жорий йилга келиб, банк тизими активлари ҳажми 877 триллион сўмдан ошди. Бу сўнгги йиллардаги изчил ислоҳотлар натижаси. Аммо жорий йилда асосий савол бундай қўйилди: банклар қанча эмас, қандай кредит беряпти?
Банклар фаолиятида рискларни баҳолаш кучайтирилди, корпоратив бошқарувга эътибор ошди, кредит портфелининг сифати устувор масалага айланди. Бу жараён осон кечмади. Чунки тез ўсишга ўрганиб қолган тизим учун сифат мезонларига ўтиш ҳар доим ҳам қулай бўлавермайди. Аммо 2025 йил шу жиҳатдан масъулиятли танлов йили бўлди.
Халқаро валюта жамғармаси ва Жаҳон банкининг молиявий секторни баҳолаш дастурида иштирокимиз муҳим воқеа бўлди. Бу жараён молия тизимини ташқи кўз билан кўриб чиқиш, заиф жойларни аниқлаш ва ислоҳотларни чуқурлаштириш имконини берди. Халқаро баҳолаш банк назорати, капитал етарлилиги, тўлов тиз и м л а р и , инқирозларни бошқариш механизмлари каби йўналишларда миллий тизимни жаҳон стандартларига яқинлаштиришга хизмат қилди. Бу эса инвесторлар ва молия бозори иштирокчилари учун муҳим сигналдир.
2025 йилда банклараро пул бозори фаоллиги сезиларли даражада ошди. REPO операцияларининг кенгайиши, қисқа муддатли молиялаштириш инструментларининг ишга тушиши банклар ўртасида ишонч ортганини кўрсатади. Фоиз ставкалари асосий ставка коридорида шаклланиб, бозор учун тушунарли ва прогноз қилинадиган муҳит яратди. Бу эса молия тизимида интуиция эмас, қоида асосида ишлаш тамойили мустаҳкамланаётганидан далолат беради.
Капитал бозори масаласи кун тартибининг олдинги сафига чиқди. Ҳозир қимматли қоғозлар бозорининг ялпи ички маҳсулотга нисбатан улуши 20 фоиз атрофида. Бу кўрсаткич ривожланган бозорлар билан солиштирганда ҳали паст. Бироқ иқтисодий нуқтаи назардан қарасак, бу камчилик эмас, балки улкан имкониятдир. Шу боис, жорий йилда капитал бозорини жонлантиришга қаратилган қатор муҳим қадамлар ташланди. Хусусан, “дуал листинг” амалиётига рухсат берилди, валютада чиқариладиган облигациялар жорий этилди, хорижий инвесторлар учун бозор очиқлиги таъминланди. Ушбу ислоҳотлар иқтисодиётни фақат банк кредитига боғлаб қўймай, узоқ муддатли сармоя манбаларини диверсификациялашга хизмат қилади.
Тижорат банклари томонидан ажратилган кредитлар ҳажмининг кескин ошиши, айниқса, кичик ва ўрта бизнес учун янги имкониятларни очди. “Маҳаллабай” ишлаш тизими орқали кредит ресурслари бевосита жойлардаги тадбиркорлик ташаббусларига етиб борди. Бу жараённинг аҳамияти шундаки, молиявий ресурслар фақат йирик лойиҳаларда эмас, балки минглаб кичик ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш нуқталари орқали иқтисодиётга тарқалди. Шу орқали молия тизими иқтисодий ўсишнинг реал иштирокчисига айланди.
Инфляцияни пасайтиришда таклифни ошириш сиёсати ҳал қилувчи ўрин тутади. Озиқ- овқат, қишлоқ хўжалиги ва хизматлар соҳаларидаги инвестициялар ички бозорни маҳсулот ва хизматлар билан тўйинтирди. Бу ёндашув иқтисодий сиёсатда муҳим хулосани намоён қилди: узоқ муддатда инфляцияга қарши энг самарали кураш ишлаб чиқаришни кенгайтиришдир.
Умумлаштириб айтсак, 2025 йил молия тизими учун ишонч йили бўлди: банк тизими сифатга ўта бошлади, капитал бозори очилди, молиявий қоидалар ойдинлашди, иқтисодиёт учун узоқ муддатли сармоя пойдевори яратилди. Энг муҳими, молия тизими иқтисодий ўсишга хизмат қилувчи, аммо уни хавф остига қўймайдиган механизм сифатида қайта шаклланмоқда.
Иқтисодий ислоҳотлар ҳақида гап кетганда кўпинча рақамлар, фоизлар ва диаграммалар тилга олинади. Аммо ислоҳотларнинг энг аниқ ўлчови инсон ҳаётидаги ўзгаришдир. 2025 йилда иқтисодий сиёсатда айнан шу қараш устуворлик касб эта бошлади: иқтисодиёт рақамлар учун эмас, инсон учун хизмат қилиши керак.
Ижтимоий сиёсат фалсафаси ҳам тубдан ўзгарди. Илгари асосан нафақа ва моддий ёрдамга таянган тизим энди инсонни иқтисодий фаолликка олиб чиқишга қаратилмоқда. Бу ўзгариш камбағалликка қарши пассив қўллаб-қувватлов билан эмас, балки даромад яратиш орқали курашилаётганидан далолат беради. Иқтисодчи сифатида айтиш мумкинки, бу энг тўғри йўлдир. Чунки барқарор фаровонлик фақат меҳнат ва ташаббус орқали таъминланади.
Ижтимоий ҳимоя тизимидаги энг муҳим янгилик Ижтимоий реестрнинг жорий этилиши бўлди. Мазкур тизим орқали аҳолининг ижтимоий-иқтисодий ҳолати комплекс баҳоланиб, давлат ёрдами ҳақиқатан муҳтож қатламларга манзилли етказила бошлади. Ижтимоий реестр давлат маблағларининг самарадорлигини оширди, ортиқча сарф-харажатларни қисқартирди, ижтимоий адолат тамойилларини мустаҳкамлади.
Камбағалликка қарши курашиш сиёсати янги босқичга чиқди. Илгари асосий эътибор нафақа ва ижтимоий тўловларга қаратилган бўлса, энди касбга йўналтириш, қайта тайёрлаш, тадбиркорликка жалб этиш устувор йўналишга айланди. “Маҳаллабай” ёндашув бу борада институционал ечим сифатида ишлаяпти. Ҳар бир маҳаллада аҳолининг салоҳияти, меҳнат қобилияти ва бизнес ғоялари ўрганилиб, аниқ лойиҳаларга айлантирилмоқда. Бу иқтисодий ислоҳотларнинг жойларда сезилишини таъминламоқда.
Меҳнат бозори сиёсати ҳам сифат жиҳатдан ўзгарди. Асосий эътибор иш ўринлари сонига эмас, балки уларнинг барқарорлиги ва даромадлилигига қаратилди. Янги иш ўринлари қурилиш ва хизматлар соҳасида, саноат ва логистика тармоқларида, рақамли иқтисодиёт йўналишларида очилди. Бу меҳнат бозорини диверсификация қилишга ундади, аҳолини фақат бир соҳада ишлашга мажбур бўлиб қолишдан халос этди. Ёшлар ва аёллар бандлигига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Касб-ҳунар таълими, қайта тайёрлаш дастурлари ва хусусий сектор билан ҳамкорликдаги лойиҳалар инсон капитали сифатини оширишга хизмат қилди. Бу жараён иқтисодий нуқтаи назардан ҳам жуда муҳим. Чунки иқтисодий ўсиш қанчалик кенг қатламни қамраса, шунчалик барқарор бўлади. Шу маънода, инклюзив ўсиш ижтимоий шиор эмас, балки иқтисодий заруратдир.
Ижтимоий хизматлар тизими кенгайтирилди. Ҳудудий ижтимоий хизматлар марказлари орқали ногиронлиги бўлган шахслар, қариялар ва оғир ҳаётий вазиятдаги фуқароларга комплекс хизмат кўрсатила бошлади. Бу хизматлар нафақат моддий ёрдам, балки реабилитация, таълим, психологик қўллаб-қувватлаш йўналишларини ҳам қамраб олди. Мазкур ҳолат ижтимоий сиёсатда инсон қадрини марказга қўйиш тамойили мустаҳкамланаётганини кўрсатади.
Жорий йил тажрибаси ижтимоий ва иқтисодий сиёсатни алоҳида юритиш самара бермаслигини кўрсатди. Улар бир-бирини тўлдиргандагина барқарор натижа беради. Ижтимоий ҳимоя аҳолини иқтисодий фаолликка тайёрласа, иқтисодий ўсиш ижтимоий имкониятларни кенгайтиради. Ана шу уйғунлик ислоҳотларнинг энг муҳим ютуқларидан бири бўлди.
2025 йил иқтисодий сиёсатни инсон қиёфаси билан бойитган йил бўлди. Бу йил иқтисодий ўсиш рақамларда, заводларда, ҳисоботларда эмас, аввало, одамлар ҳаётида сезила бошлади. Шу маънода, ижтимоий ислоҳотлар иқтисодий тараққиётнинг асосий моҳиятига айланди.
Тарихга назар ташласак, ҳар бир иқтисодий сакраш муайян технология билан боғлиқ бўлганини кўрамиз. Буғ машинаси саноат инқилобини, электр энергияси оммавий ишлаб чиқаришни, интернет глобаллашувни тезлаштирди. 2025 йилда мамлакатимиз учун ана шундай янги технологиявий бурилиш нуқтаси сунъий интеллект билан боғлиқ бўлмоқда.
Жорий йил рақамли иқтисодиёт ҳақида шунчаки гапирилган даврдан чиқиб, уни реал иқтисодий ресурс сифатида қўллаш бошланган йил сифатида муҳим аҳамият касб этмоқда. Юртимизда сунъий интеллектга алоҳида ахборот технологиялари йўналиши эмас, балки иқтисодий ўсишни таъминловчи фундаментал омил сифатида қарала бошлади. Бу ўзгариш давлат сиёсатининг ўзида акс этди. 2030 йилга қадар сунъий интеллектни ривожлантириш стратегияси қабул қилиниши узоқ муддатли мақсадларни белгилаб берди, давлат ва хусусий сектор учун аниқ “йўл харитаси”ни яратди, инновацияларни тизимли жараёнга айлантирди. Муҳими, ушбу стратегия сунъий интеллектни “келажакда керак бўладиган технология” эмас, балки ҳозир ишлаши керак бўлган иқтисодий восита сифатида кўради.
Сунъий интеллект технологиялари илк бор кенг кўламда реал секторга жорий этила бошлади. Бу жараён, айниқса, соғлиқни сақлашда ташхис қўйиш тизимлари, тиббий маълумотларни таҳлил қилиш орқали хизмат сифатини ошириш, транспортда ҳаракат хавфсизлигини назорат қилиш, логистика жараёнларини оптималлаштириш, қишлоқ хўжалигида ер ҳолатини мониторинг қилиш, ҳосил прогнозини аниқлаш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилмоқда. Бу мисоллардан кўриниб турибдики, сунъий интеллект иқтисодиётга икки йўналишда таъсир қилмоқда. Биринчидан, харажатларни камайтиряпти, иккинчидан, қўшимча қиймат яратяпти.
Инновацион муҳит ҳам сифат жиҳатдан ўзгарди. Стартаплар сони ортиб, венчур молиялаштириш элементлари пайдо бўлди. Технологик парклар, акселерация дастурлари ва халқаро компаниялар билан ҳамкорлик янги ғояларни бозорга олиб чиқиш имконини бермоқда. Инновация энди алоҳида энтузиастлар иши эмас, балки иқтисодий тизимнинг бир қисмига айланмоқда.
Ахборот технологиялари хизматлари экспорти бир неча баробар ўсди. Бу рақамлар ортида жуда муҳим тенденция ётибди: Ўзбекистон жаҳон бозорига нафақат хомашё ёки анъанавий маҳсулотлар, балки интеллектуал маҳсулот ҳам таклиф қила бошлади. АT хизматлари экспорти валюта тушумини диверсификация қилмоқда, ёшлар учун юқори даромадли иш ўринлари очмоқда, мамлакатнинг технологик имижини шакллантирмоқда. Бу келажак иқтисодиётининг белгисидир.
Сунъий интеллект ва инновациялар соҳасидаги энг муҳим масала кадрлардир. Таълим тизимида сунъий интеллект, дастурлаш ва рақамли кўникмаларни ўқитишга алоҳида эътибор қаратилди. Мактабдан тортиб, олий таълимгача бўлган тизимда технологияга мос кадрлар тайёрлана бошлади. Ушбу ёндашув иқтисодий сиёсатдаги муҳим хулосани акс эттиради: келажак иқтисодиёти заводларда эмас, билимли инсонларда қурилади.
Инновациялар рақобатбардошликнинг асосий омилига айланаяпти. Арзон ишчи кучи ёки табиий ресурслар энди етарли эмас. Бозорда ғалаба қозониш учун технология, самарадорлик, тезкор қарор қабул қилиш талаб этилади. Сунъий интеллект ва рақамли ечимлар айнан шу устунликларни таъминламоқда.
2025 йил Ўзбекистон учун сунъий интеллект ва инновациялар соҳасига кириш йили бўлди: технология иқтисодий сиёсат марказига чиқди, инновациялар тизимли жараёнга айланди, келажак иқтисодиёти учун пойдевор қўйилди. Албатта, бу йўлнинг боши. Олдинда мураккаб вазифалар, рақобат ва янги чақириқлар бор. Аммо энг муҳими, йўналиш тўғри танланган.
Иқтисодий тарихда шундай йиллар бўлади: улар алоҳида қарорлар ёки битта кўрсаткич билан эмас, балки умумий йўналишнинг ўзгариши билан эсда қолади. 2025 йил Ўзбекистон учун айнан шундай йил бўлди. Бу йил мамлакат иқтисодиётида бутун тизим янгича ишлай бошлади. Агар сўнгги йилларда ислоҳотлар “йўл очиш”, “тўсиқларни олиб ташлаш”, “тизимни ҳаракатга келтириш” босқичи бўлган бўлса, 2025 йилда ушбу ислоҳотлар аниқ иқтисодий самара бера бошлади.
Натижалар шунчаки ўсиш суръати билан эмас, балки уларнинг мазмуни билан қимматли. Ялпи ички маҳсулот ўсди, инфляция пасайди, инвестициялар рекорд даражага чиқди. Аммо энг муҳими, бу рақамлар ортида диверсификация, барқарорлик ва қўшилган қиймат ётибди. Иқтисодий ўсиш фақат истеъмол ҳисобига, давлат харажатлари, хомашё экспорти орқали эмас, балки инвестиция, қайта ишлаш, хизматлар ва технологиялар орқали таъминланди. Бу эса иқтисодиётни ташқи шокларга нисбатан анча барқарор қилади.
Жорий йил иқтисодий сиёсатда муҳим фалсафий ўзгаришни намоён қилди. Давлат иқтисодиётда ҳамма ишни ўзи бажарувчи, бозорни тўлиқ назорат қилувчи сифатида эмас, аксинча шароит яратувчи, қоида белгилаб берувчи ва адолатни таъминловчи субъект сифатида майдонга чиқди. Хусусий сектор, тадбиркорлик, инвесторлар айнан шу ишончли муҳитда фаоллашди. Бу иқтисодий тараққиётнинг энг тўғри ва синовдан ўтган йўлидир. Натижада саноат, хизматлар ва инновациялар ўртасида янги мувозанат шаклланди. Саноат хомашёдан қўшилган қийматга ўта бошлади. Хизматлар соҳаси иқтисодиётнинг асосий локомотивига айланди. Сунъий интеллект ва рақамли ечимлар келажак иқтисодиётининг пойдевори сифатида белгиланди. Бу учлик: “ишлаб чиқариш — хизмат — технология” янги Ўзбекистон иқтисодий моделининг асосий устунларидир.
2025 йилда иқтисодий ўсиш инсондан узилиб қолмади. Ижтимоий сиёсат иқтисодий сиёсатдан ажралган ҳолда эмас, балки у билан уйғун равишда амалга оширилди. Камбағалликка қарши кураш нафақа билан чекланмади, инсонни иқтисодий фаолликка олиб чиқишга қаратилди. Бандлик, таълим, касбга йўналтириш, ижтимоий хизматлар — буларнинг барчаси иқтисодий ўсишнинг ижтимоий қийматини оширди.
Энг муҳим хулоса бундай: 2025 йилни “ислоҳотлар якуни” деб қараш нотўғри бўлади. Бу йил янги иқтисодий моделнинг шаклланганини тасдиқлаган босқичдир. Олдинда рақобат кучаяди, глобал бозорлар ўзгариб боради, технологиялар янада тез ривожланади. 2025 йилда қўйилган пойдевор мамлакатимиз бу рақобатга тайёр, барқарор, ўз ички ресурсларига таянган ҳолда кириб бораётганини кўрсатади.
Шу маънода, 2025 йил Ўзбекистон учун навбатдаги одатий йил эмас. Жорий йил иқтисодий ишонч қайта тикланган, давлат ва жамият ўртасида янги келишув шаклланган, келажакка ишонч билан қараш мумкин бўлган давр сифатида тарихда қолади. Янги Ўзбекистон иқтисодиёти айнан шу йилда ўз қиёфасини топа бошлади.