Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, ўтган 6 ойда ялпи ички маҳсулот 6,2 фоизга ўсган. Бунга асосан саноат 8,5 фоиз, инвестициялар 5,9 фоиз ва хизматлар ҳажми 8 фоизга ошгани ҳисобига эришилди. Инфляция даражаси 10,9 фоизни ташкил этди.

Ушбу даврда жами 200 триллион сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилди. Саноатда юқори ўсиш суръатлари Қашқадарёда 26 фоиз, Сирдарёда 23, Жиззахда 15, Тошкент шаҳрида 14  ва Наманганда 12 фоизни ташкил этди.

Йиғилишида қайд этилган кўрсаткичлар: 

Озиқ-овқат саноати маҳсулотлари  ишлаб чиқариш ҳажми республикада жами 14,7 фоизга ошган.

Ҳудудий инвестиция дастурлари доирасида биринчи ярим йилликда прогнозга нисбатан 2,5 баробар кўп ёки 5 минг 246 та лойиҳа амалга оширилган.

Ҳисобот даврида мамлакатда жами 53 минг янги кичик тадбиркорлик субъектлари ташкил этилиб, ўтган йилга нисбатан 14 фоизга ошган.

Жорий йил биринчи ярим йилликда эса 190 минг гектар қўшимча ер майдонлари ўзлаштирилди.

2020 йилнинг биринчи ярмига нисбатан хизматлар кўрсатиш ҳажми 18,3 фоизга ошди.

Президент Шавкат Мирзиёев ҳудудлар ва тармоқларни барқарор ривожлантириш учун яратилаётган молиявий ва иқтисодий шароитларни санаб ўтди.

Жумладан, саноат тармоқларига бир ярим йил давомида 50 триллион сўмдан зиёд божхона имтиёзлари ва тариф преференциялари берилган. Биргина автомобиль саноатига 9,5 триллион сўмлик, нефт-газ тармоғига 2,8 триллион сўмлик божхона имтиёзлари тақдим этилган.

Сўнгги 3 йилда  қишлоқ хўжалигига 1,5 триллион сўм субсидия ажратилди. Қишлоқ хўжалигини барча йўналишларида кластер тизими жорий қилиниб, уларга жорий йилнинг ўзида 6 триллион сўмдан зиёд кредитлар берилди.

Чорвачилик соҳасида бошқарув Ветеринария қўмитасига берилиб, унинг таркибида алоҳида агентлик ташкил қилинди. Сўнгги 3 йилда соҳага 350 миллион долларга яқин имтиёзли маблағлар жалб этилди.

Хизматлар соҳасини ривожлантириш бўйича алоҳида Президент қарори қабул қилиниб, тадбиркорлар учун зарур имтиёзлар ва барча имкониятлар яратиб берилди. Хусусан, биринчи босқичда 7 та тижорат банкига 1 триллион 575 миллиард сўм маблағ ажратилди.

Давлатимиз раҳбари йиғилишда автомобилсозлик, энергетика, кимё саноати, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, тўқимачилик, чарм саноати, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, жумладан, картошкачилик, мева-сабзавотчилик, узумчилик, пахтачилик, ғаллачилик, чорвачилик, паррандачилик, озиқ-овқат саноати, хизмат кўрсатиш, тадбиркорлик соҳаларини ривожлантириш бўйича аниқ вазифаларни белгилаб берди. 

Йирик тармоқ саноат корхоналарида 86 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш, электр энергияси генерация қувватларини 1 минг 800 мегаваттга ошириш, йирик маҳаллий саноат корхоналарида 60 триллион сўмлик юқори қўшилган қийматга эга маҳсулот ишлаб чиқариш, тўқимачиликда 15,3 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш ва 1,7 миллиард долларлик экспортни таъминлаш, 3,5 миллион тонна пахта етиштириш, 1,5 миллион тонна гўшт, 6,5 миллион тонна сут ишлаб чиқариш, 1 минг 113 та маҳаллани жамоат транспорти билан қамраб олиш, йиллик инфляция даражасини прогноз кўрсаткичлари - 10 фоиз доирасида бўлишини таъминлаш шулар жумласидан.