Иқтисодиётда пул маблағлари доим ҳаракатда бўлади. Сотувчи ва харидор ўртасидаги айнан шу олди-сотди муносабатлари молия бозорини белгилаб беради. Замонавий молия бозорини шакллантиришнинг устувор йўналишларидан бири эса капитал ёки фонд бозорини ривожлантириш орқали амалга оширилади. Бунда харидор нафақат пул, балки бошқа турдаги молиявий инструментлар, жумладан, қимматли қоғозлар орқали ҳам савдо қилиши мумкин.

Сўнгги йилларда мамлакатимиз очиқ бозор иқтисодиётига ўтиб бормоқда. Молиявий бозор имкониятларининг ошиши капитал бозори ривожида ҳам акс этмоқда.

Капитал бозори ўз номи билан капитализм тарафдори — бу хусусий мулк устуворлиги ва кафолатланганлиги демакдир. Янада кенгроқ маънода эса, фонд бозори бу вақтинча бўш турган пул маблағларини тўплаш, уларни ссуда капиталига айлантириш, сўнг ишлаб чиқариш жараёни иштирокчилари ўртасида тақсимлашни англатади. Бунда олди-сотди операциялари қимматли қоғозлар, хусусан корхоналарнинг акциялари ҳамда давлат облигациялари билан амалга оширилади. Савдолар онлайн тартибда Тошкент РФБ ягона савдо тизими платформаси ҳисобланган fondbozori.uz сайти орқали олиб борилади. Бу шаффоф бозор инфратузилмаси бўлиб, ўз ичига талаб ва таклиф, соф рақобат, котировкалар, листинг категориялари каби тушунчаларни қамраб олади.

Аслида, биржалар уларда савдога қўйиладиган маҳсулотлар, яъни биржа товарларига қараб турларга бўлинади. Товар биржасида хомашё ва маҳсулотлар асосий ўрин тутса, валюта биржасида пул, фонд биржасида эса қимматли қоғозлар унинг муҳим объекти ҳисобланади.

Умуман, бу онлайн савдо макони ишлаб чиқарувчи ва харидорларни ўзаро боғловчи механизмдир. Қимматли қоғозлар бозорининг ривожланиши эса миллий иқтисодиётни узоқ муддатли молиявий ресурсларга бўлган эҳтиёжини таъминлаб, унинг юқори ва барқарор ўсишига қаратилган муҳим восита ҳисобланади. Бу соҳа молиявий ресурсларни жамғарувчилар ва қўшимча маблағларга эҳтиёжи бўлган хусусий сектор вакиллари, банклар, суғурта компаниялари, давлат корхоналари ва ҳукуматнинг инвестициялар асосида трансформация жараёнларини амалга оширишига хизмат қилади.

Савдо майдонидаги воситачи

Дунёнинг етакчи давлатлари тажрибасида молия бозорини ривожлантириш ва таркибий жиҳатдан ўзгартириш бевосита капитал бозорининг ривожи билан боғлиқ. Мамлакатимизда бу йўналиш сўнгги йилларда янги босқичга кўтарилмоқда. Молия бозорлари, жумладан, фонд бозорини ривожлантириш янги иқтисодий шароитда асосий мақсадларимиздан бири сифатида белгиланган.

Бу капитал бозордаги савдо-сотиқ кўрсаткичларини янада оширмоқда. Биргина мисол, ўтган йили фонд биржаси савдо айланмаси 1260,5 миллиард сўмни ташкил этиб, 2020 йилга нисбатан икки юз фоиздан ортиқроқ ёки 2,2 бараварга ошган. Тузилган савдо битимлари ҳажми бўйича ҳам ижобий натижалар қайд этилиб, 71 489 та қайд этилган.

Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 13 апрелдаги “Капитал бозорини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан капитал бозорининг рақобатбардошлигини ошириш ва унинг капиталлашувини 2023 йил якунига қадар эркин муомаладаги қимматли қоғозларга асосланган бозор капиталлашувини амалдаги 1,9 дан 45 триллион сўмга етказиш вазифаси қўйилган. Бунда банклар томонидан кредитлашга муқобил бўлган самарали молиялаштириш механизмини ишлаб чиқиш, капитал бозорини тартибга солишнинг яхлитлигини ва тизимли таваккалчиликларнинг олдини олишни таъминловчи қонунчилик базасини яратиш ҳамда миноритар инвесторлар, капитал бозорининг бошқа иштирокчилари ҳамда аҳоли кенг қатламларининг билим, кўникма ва молиявий саводхонлигини оширишни қўллаб-қувватлашни назарда тутилган. Мазкур дастурлар доирасида 2023 йил якунига қадар 40 минг нафар аҳоли қамраб олинади.

Капитал бозори ҳақида турли таърифларни келтириш мумкин. Масалан, европалик иқтисодчилар капитал бозорига акциядорлик компанияларининг инвестицион жозибадорлигини таъминлашдаги муҳим омил сифатида қарайди. Молия бозорини оптималлаштириш орқали миноритар акциядорларнинг ҳам манфаатларини ҳимоя қилишга эришиш мумкинлиги таъкидланади.

Чунки корпоратив тузилмалар фаолияти иқтисодий тараққиётда муҳим ўрин тутади. Шу боис, юртимизда уларнинг фаолияти самарадорлигини ошириш, замонавий корпоратив бошқарув тизимини жорий этишга доир қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Мазкур соҳанинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги, “Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида”ги Қонунлари янги таҳрирда қабул қилинди ва амалиётга жорий этилди. Шунингдек, бир қанча қарорлар қабул қилиндики, улар акциядорлик жамиятларини сон жиҳатдан оптималлаштириш, капитал бозоридаги фаолиятини самарали ташкил этиш, молиявий манбаларини шакллантиришда қимматли қоғозлар салмоғини ошириш ҳамда хорижий инвесторларни жалб қилишга хизмат қилиб келмоқда.

  Капитал бозорини ривожлантириш агентлигининг маълумотига кўра, бугунги кунда эмиссия қилинган акцияларнинг умумий номинал қиймати 100 триллион сўмдан ортиқ бўлиб, улардан фақатгина 1,5 фоизигина эркин муомалада ҳаракат қилмоқда. Бу мамлакат ялпи ички маҳсулотига нисбатан ҳисоблаганда 1 фоиздан кам бўлиб, ушбу кўрсаткич Сингапурда 188 фоиз, Малайзияда 112 фоиз ва Россияда 34 фоизни ташкил этади. Мазкур ҳолат Ўзбекистонда капитал бозорининг инвестициялар ва жамғармалар ўртасида воситачилик ролини сифат ва миқдор жиҳатдан ошириш зарурлигини кўрсатади.

Тўғри корпоратив бошқарув — юқори даромад дегани(ми)?

Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясида миллий иқтисодиётда қимматли қоғозлар бозорини ривожлантириш бўйича бир қанча вазифалар белгиланган. Жумладан, давлат қимматли қоғозларини норезидентлар томонидан харид қилишга рухсат бериш, корпоратив қимматли қоғозлар бозорида ликвидликни ошириш ва давлат улуши мавжуд корхоналарда хусусийлаштириш жараёнларига хорижий инвесторлар ва халқаро молия институтларини жалб қилиш кўзда тутилган. Иқтисодиётда молиявий ресурсларни кўпайтириш мақсадида келгуси 5 йилда фонд бозори савдолари ҳажмини 200 миллион доллардан 7 миллиард долларга етказиш, йирик корхоналарни фонд биржаси орқали хусусийлаштиришда уларнинг акцияларини маҳаллий ва хорижий фонд биржаларида оммавий жойлаштиришни назарда тутиш, 2021—2023 йилларда капитал бозори инфратузилмасини ривожлантириш, капитал бозори иштирокчиларининг малакасини ошириш вазифалари ҳам бор. Бунинг натижасида келгусида компаниялар молиявий манбаларини шакллантириш орқали давлат бюджет даромадларини оширишга ҳисса қўшиши таҳлил қилинган.

Ушбу вазифаларни амалга оширишда инвесторлар салоҳиятини кенгайтириш ва трансформация қилиш, молиявий саводхонликни яхшилаш орқали қимматли қоғозларга бўлган талабни ошириш, акциядорлик жамиятлари ва эмитентлар сонини кўпайтириш ҳамда янги молиявий инструментлар орқали қимматли қоғозлар салмоғини кенгайтириш мақсадга мувофиқ.

Яна бир масала. Мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган корпоратив тузилмаларнинг фонд бозоридаги фаоллигини ошириш учун корпоратив бошқарув сифатини яхшилаш талаб этилади. Умуман, акциядорлик жамиятларида замонавий корпоратив бошқарув тизимини жорий этмасдан туриб фонд бозорини ривожлантириш хусусида фикр билдириш қийин. Қолаверса, молия бозори тизимида давлат иштирокини оптимал даражада қисқартириш, акциядорларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириб бориш муҳим.

Тадбиркорлик фаолиятини корпоратив тузилма шаклида амалга ошириш юридик шахсдан корпоратив бошқарув масалаларига катта эътибор қаратишни талаб қилади. Чунки корпоратив бошқарув тизимини яхши йўлга қўйган жамиятгина бу ташкилий-ҳуқуқий шакл қулайликларидан максимал даражада фойда кўра олади.

Мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган корпоратив тузилмаларнинг фонд бозоридаги фаоллигини оширишда молиялаштириш манбаларининг ноъананавий усулларидан фойдаланган ҳолда қимматли қоғозлар бозорини янада такомиллаштириш, жумладан, корпоратив усуллардан, IPO/SPO (акциядорлик жамиятининг акцияларини бирламчи/иккиламчи оммавий таклиф этиш) операцияларини ташкил этиш ва ўтказишга босқичма-босқич тайёргарлик кўриб бориш зарур. Мазкур амалиёт бевосита акциядорлик жамиятларига хорижий капиталларни жалб қилишда ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Муҳиддин КАЛОНОВ,

Тошкент давлат иқтисодиёт университети проректори