Иқлим ўзгариши, аҳоли сони тез ўсиши, ер ресурслари чеклангани ва табиий экотизимларга тушаётган босим сувдан фойдаланиш масаласини фақат техник йўналиш доирасида кўриб чиқиш етарли бўлмаган мураккаб жараёнга айлантирди. Бугун сув хўжалиги нафақат инфратузилма ва бошқарув тизими, балки экологик барқарорлик, инновацион ривожланиш ҳамда илмий ёндашувни талаб этадиган стратегик соҳа сифатида намоён бўлмоқда.

  Халқаро миқёсдаги тадқиқотлар глобал миқёсда олинадиган чучук сув ресурсларининг қарийб етмиш фоизи қишлоқ хўжалиги учун сарфланаётганини кўрсатади. Ушбу кўрсаткич ирригация тизимлари самарадорлиги паст ҳудудларда янада юқори бўлиб, сув йўқотишлари, шўрланиш, ер деградацияси каби экологик муаммоларни кескинлаштиряпти. Жаҳон миқёсида сув ресурсларини бошқариш бўйича тайёрланган таҳлилий ҳисоботларда 2030 йилга бориб, аҳолининг сезиларли қисми сув танқислиги юқори бўлган ҳудудларда яшаши прогноз қилинмоқда. Бу ҳолат эса, ўз навбатида, сув хўжалигидаги ёндашувларни тубдан қайта кўриб чиқиш, илмий асос­ланган ва инновацион ечимларни кенг жорий этишни тақозо этади.

  Сув хўжалиги ва ирригация соҳасидаги муам­молар кўп ҳолларда технологик имкониятлар етарли даражада жорий қилинмагани билан боғлиқ. Анъанавий суғориш усуллари сувдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш имконини бермайди, мониторинг ва ҳисоб тизимларининг сустлиги эса йўқотишларни аниқлаш ҳамда тезкор чоралар кўришни қийинлаштиради. Шу нуқтаи назардан, рақамли бошқарув тизимлари, сув тежовчи технологиялар, илмий моделлаштириш асосида ишлаб чиқилган ирригация ечимлари экологик барқарорликни таъминлашнинг муҳим омилларидан.

Бундай шароитда илм-фан ва амалиёт ўртасидаги узвий боғлиқлик масаласи алоҳида аҳамият касб этади. Илмий тадқиқотлар натижаси ишлаб чиқариш ва реал сектор билан туташмаган ҳолатда кутилган самарани бермайди. Шу билан бирга, тадбиркорлик ташаббуслари илмий асос ва пухта таҳлилсиз барқарор ривожланиш йўлига чиқиши даргумон. Сув хўжалиги каби мураккаб ва кўп қатламли соҳада айнан олимлар ва тадбиркорлар ўртасидаги ҳамкорлик инновацион ечимлар шаклланиши, илмий ишланмалар тижорийлашуви ва инвестиция жараёнлари фаоллашуви учун мустаҳкам замин ҳозирлайди.

Ўзбекистон шароитида ирригация тизимлари қиш­лоқ хўжалиги барқарорлигини таъминловчи асосий омиллардан. Минтақанинг табиий-иқлим шароити сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, ҳар томчи сувнинг илмий асосда режалаштирилишини талаб этади. Шу жиҳатдан сув хўжалиги соҳасида инновацияларни жорий қилиш, илмий ишланмаларни амалиётга татбиқ этиш ва бизнес субъектларини бу жараёнга фаол жалб қилиш долзарб аҳамиятга эга.

Ана шу эҳтиёжлардан келиб чиқиб, олимлар ҳамда сув хўжалиги соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорларнинг бу борадаги фикр-мулоҳазалари, амалий ҳаракатлари натижалари билан қизиқиб, уларни сизнинг эътиборингизга ҳам ҳавола этишни маъқул кўрдик. Чунки сувни тежаш бугун ҳар биримизнинг чин инсоний ва фуқаролик бурчимизга айланиб улгурди.

Шўрланиш ҳолати дала шароитида тезкор ва аниқ баҳоланади

 

Гавҳарой ПАЛУАШОВА,

Ирригация ва сув муаммолари илмий-­тадқиқот институти лаборатория мудири:

— Сув хўжалиги ва ирригация соҳасидаги илмий тадқиқотларим жараёнида бир ҳақиқатга тобора кўпроқ амин бўляпман: бугунги экологик вазият, ер ва сув ресурс­ларига тушаётган босим шароитида илмий ишланмаларнинг амалиётдан узилган ҳолда ривожланиши кутилган натижани бермайди. Айниқса, суғориладиган ерлар улуши юқори бўлган ҳудудларда ҳар бир илмий ечим реал ишлаб чиқариш жараёнига татбиқ этилиши, тадбиркорлик ташаббуслари билан уйғунлашиши зарур.

Республикамиз шароитида бу масала нақадар долзарб эканини ҳолатнинг ўзи яққол кўрсатиб турибди. Ҳозир суғориладиган майдонларнинг 44,2 фоизи турли даражада шўрланган бўлиб, бу ҳолат қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлигига бевосита таъсир этяпти. Шўрланиш жараёнининг ўз вақтида аниқланмаслиги сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини пасайтиради, ерларнинг мелиоратив ҳолатини оғирлаштиради, ишлаб чиқариш харажатини оширади. Шу сабабли шўрланишни дала шароитида тезкор ва аниқ баҳолаш имконини берадиган илмий ечимларга эҳтиёж кучайган.

Мазкур эҳтиёжлардан келиб чиқиб, Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институтида тупроқ ва сув шўрланишини аниқлашга мўлжалланган электр кондуктометр ускуналари ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилди. Улардан бугун республиканинг барча сув хўжалиги ҳудудидаги мелиоратив экспедицияларда фойдаланилмоқда. Электр кондуктометрлар тупроқ шўрланишини тезкор усулда аниқлаш имконини беради. Бу эса дала шароитида тезкор қарор қабул қилиш, агротехник тадбирларни аниқ режалаштиришга хизмат қилади.

Илмий ишланма икки модификацияда ишлаб чиқилган. Штирли Экспресс-1Т электр кондуктометри бевосита даланинг ўзида ўлчаш учун мўлжалланган бўлиб, 1 метргача чуқурликда тупроқ шўрланиши ва ҳароратини аниқлайди. Ушбу имконият экинларнинг ўсиб ривожланиши даврида илдиз тизими жойлашган қатламдаги шўрланиш даражасини баҳолаш учун қулай шароит яратади. Амалий тажрибалар нам тупроқда ушбу усул юқори аниқлик билан натижа беришини кўрсатди. Кун давомида бир неча гектар майдоннинг шўрланиш ҳолатини баҳолаш имкони мавжуд.

Иккинчи модификация сифатида ишлаб чиқилган портатив электр кондуктометр дала шароитида олинган тупроқ ҳамда сув намуналарини ўлчашга хизмат қилади. Ариқ ва дренаж-зовурлардаги сувларнинг минераллашганини жойида аниқлаш имконияти сув хўжалиги мутахассислари учун муҳим ахборот манбаидир. Шу билан бирга, ушбу ускунадан деҳқон ва фермер хўжалик­лари вакиллари бевосита ўз ер майдонида фойдаланиши мумкин. Бу эса илмий натижаларнинг кенгроқ қатламга етиб боришини таъминлайди.

Мазкур илмий ишланмаларнинг яна бир муҳим жиҳати шуки, кунига 150-200 та тупроқ ёки сув намунасини таҳлил қилиш имконияти лаборатория шароитида классик усулларга нисбатан меҳнат унумдорлигини 7-8 баробаргача оширади. Кимёвий реагентлардан фойдаланилмаслиги экологик хавфсизликни таъминлаш билан бирга харажатни қисқартиришга ёрдам беради. Шу сабабли бундай технология­ларни кенг жорий қилиш масаласида тадбиркорлар ва ишбилармонлар билан ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этади.

Ирригация тизимида инсон омилига боғлиқ хатолар камаяди

 

Бойбек ХОЛБЎТАЕВ,

Жиззах политехника институти доценти:

— Иқлим ўзгариши, сув сатҳининг мавсумий тебраниши, вегетация даврида сувга талабнинг кескин ошиши насос станцияларининг узлуксиз ва ишончли ишлашини стратегик масалага айлантирди. Тажрибадан аёнки, кўплаб насос станцияларида сув сатҳи паса­йиши билан боғлиқ узилишлар юзага келади. Сув сатҳи кескин тушиб кетган пайтларда насос агрегатлари самарадорлиги камаяди, айрим ҳолларда эса уларнинг иши вақтинча тўхтаб қолади. Бу ҳолат қишлоқ хўжалиги экинларининг сув билан таъминланишида узилишлар келтириб чиқаради, сув тақсимотида беқарорлик юзага келади, ишлаб чиқариш жараёнига салбий таъсир кўрсатади. Шу сабабли насос станцияларини сув танқис шароитга мослашган ҳолда модернизация қилиш масаласи долзарб илмий-амалий вазифалар сирасига киради.

Илмий жамоамиз томонидан ишлаб чиқилган насос станцияларида сув танқис даврларда истеъмолчиларни ва суғориладиган ерларни узлуксиз сув билан таъминлашга мўлжалланган махсус қурилма ҳамда масофавий ­бошқарув дастури айни масалага амалий ечим бўлиши кўзда тутилган. Лойи­ҳанинг асосий ғояси ирригация тизими учун энг муҳим бўлган вегетация даврида сув етказиб бериш жараёнини барқарор ҳолатда ушлаб туришга қаратилган.

Мазкур лойиҳа доирасида насос станциясининг аниқ модели ишлаб чиқилди ва унга мос компьютер дастури яратилди. Дастур орқали насос станциясининг иш режимини масофадан бошқариш, сув сатҳидаги ўзгаришларни реал вақт режимида кузатиш ва тезкор чоралар кўриш имконияти яратилди. Сув сатҳи пасайган ҳолатларда махсус қурилма ёрдамида насос агрегатларининг узлуксиз ишлаши таъминланади. Бу эса сув таъминотида барқарорликни сақлаб қолишга хизмат қилади.

Лойиҳанинг муҳим жиҳатларидан бири шундаки, у фақат суғориш тизимлари билан чекланиб қолмайди. Ишлаб чиқилган масофавий бошқарув дастуридан ичимлик сув таъминоти тизимларида ҳам фойдаланиш мумкин. Амалий натижалар ҳам унинг ҳаётийлигини тасдиқлади. Ишлаб чиқилган дастур ва қурилмага Сув хўжалиги вазирлигининг ижобий хулосаси олинди, Интеллектуал мулк агентлиги томонидан фойдали модель сифатида патент билан ҳимояланди, компьютер дастури учун белгиланган тартибда гувоҳнома расмийлаштирилди.

Республикамиздаги барча насос станцияларига ушбу дастур ва қурилмани татбиқ этиш имконияти мавжуд бўлиб, бу сув хўжалиги тизимининг умумий барқарорлигини оширишга хизмат қилади. Айни жараёнда тадбиркорлар ва ишбилармонлар билан ҳамкорлик алоҳида аҳамият касб этади. Илмий муассасалар томонидан яратилган технологияларни ишлаб чиқариш миқёсида жорий қилиш, сервисни йўлга қўйиш, техник қурилмаларни ҳудудлар кесимида мослаштириш тадбиркорлик субъектларининг фаол иштирокини талаб қилади. Ўз навбатида, ишбилармонлик муҳити инновацион ечимларнинг тезроқ ҳаётга татбиқ этилиши, инвестиция жалб қилиш жараёнларининг фаол­лашуви учун муҳим.

 Ёмғир ҳисобига шўрхок ҳудудларни тузсизлантириш мумкин

 

Фарҳод САЪДИЕВ,

Ирригация ва сув муаммолари илмий-­тадқиқот институти катта илмий ходими:

— Бугунги сув танқислиги шароитида шўр ювиш жараёнига ёндашув тубдан қайта кўриб чиқилиши давр талабидир. Анъанавий шўр ювиш технологиялари катта ҳажмдаги сув ресурсларини талаб қилгани туфайли вегетация даврида ёки сув етиб бормайдиган ҳудудларда уларни тўлиқ қўллаш имконияти кескин чекланган. Натижада тупроқ шўрланишини бошқариш масаласи сув ресурсларини тежаш билан чамбарчас боғланган мураккаб вазифага айланмоқда.

Айни шароитда мелиоратив тадбирларни кам сув сарфи асосида ташкил этиш, тупроқдаги тузларнинг ҳаракатини тезлаштириш ва ўсимликларни шўр стрессидан ҳимоялашга қаратилган илмий ечимларга эҳтиёж ортди. Шу маънода, тупроқ шўрини камайтиришга қаратилган биосолвент мелиоранти асосидаги тадқиқот натижалари билан ўртоқлашишни зарур деб билдим. Ушбу препарат Фанлар академияси Биоорганик кимё институти томонидан ишлаб чиқилган. Уни қўллаш технологиясини Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институти олимлари такомиллаштирган.

Биосолвент мелиоранти шўр ювиш жараёнида сув сарфини кескин камайтиришга ёрдам беради. Тадқиқотлар жараёнида препаратни қўллаш орқали сув сарфини 50 фоизгача тежашга эришилди. Шу билан бирга, тупроқдаги токсик тузларнинг ювилиш жараёни 42 фоизгача тезлашгани кузатилди. Бу натижа сув танқислиги шароитида мелиоратив тадбирларни амалга ошириш учун муҳим илмий-амалий асос бўлиши мумкин.

Препаратнинг таъсир механизми тупроқнинг физик ҳолатини яхшилаш билан бевосита боғлиқ. Биосолвент тупроқнинг ғоваклигини оширади, тузларнинг пастки қатламларга силжишини тезлаштиради ва шўрланишнинг юқори қатламларда тўпланиб қолишининг олдини олади. Мазкур жараён шўр ювиш самарадорлигини оширади, тупроқ муҳитини ўсимликлар учун қулай ҳолатга келтиради. Айниқса, вегетация даврида шўр стрессини камайтириш орқали экинларнинг ўсиш ва ривожланишида барқарорлик таъминланади.

Сирдарё вилоятида ўтказилган тадқиқотларда вегетация даврида биосолвент мелиорантидан фойдаланилган майдонларда пахтадан қўшимча 7,5 центнер ҳосил олишга эришилди. Шўр ювиш даврида қўлланган вариантларда эса қўшимча 5-6 центнер, Хоразм вилоятида ўтказилган таж­рибаларда қишки шўр ювишдан кейин вегетация даврида препарат қўлланган далаларда 10 центнердан ортиқ қўшимча пахта ҳосили олинди.

Муҳими, сув танқислиги сабабли шўр ювиш учун етарли сув ажратиб бўлмайдиган ҳудудларда ҳам ушбу препаратдан фойдаланиш мумкин. Тадқиқотларда ер шудгор қилиниб, препарат тупроқнинг юза қатламига сепилган ҳолатда атмосфера ёғини ҳисобига тузсизлантириш натижалари қайд этилди — 30-70 сантиметр қатламда тузлар миқдори 30 фоизгача камайгани кузатилди.

Мазкур лойиҳа илм-фан ва ишлаб чиқариш ўртасидаги ҳамкорликнинг самарали намунаси ҳисобланади. Биоорганик кимё институти томонидан ишлаб чиқилган препарат, Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институти олимлари томонидан ишлаб чиқилган қўллаш технологияси ва хусусий сектор иштирокидаги етказиб бериш тизими ўзаро уйғунлашган ҳолда ишламоқда.

Мақсадимиз — авария ҳолатларининг олдини олиш

 

Отабек ИКРОМОВ,

Ирригация ва сув муаммолари илмий-­тадқиқот институти таянч докторанти:

— Сув омборлари хавфсизлиги масаласи нафақат муҳандислик ёндашувларини, балки чуқур илмий мониторинг ва рақамли таҳлилни талаб этадиган стратегик йўналиш. Ўзбекис­тон шароитида қишлоқ хўжалиги экинларини суғориш, энергетика барқарорлиги ва ҳудудий сув таъминоти тизими бевосита сув омбор­лари ­фаолияти билан алоқадор. Шу боис, ушбу иншоотларнинг техник ҳолатини доимий ва тизимли кузатиб бориш давлат миқёсидаги муҳим вазифалар қаторида туради.

Илмий манбаларда келтирилган маълумотлар гидротехник иншоотларда юз бераётган аварияларнинг салмоқли қисми — 75 фоизи грунтли тўғонлар ҳиссасига тўғри келишини тасдиқлайди. Бунинг асосий сабаби грунтли тўғонларда фильтрлаш ва деформация жараёнларининг кўзга кўринмас тарзда секин ва босқичма-босқич ривожланишидир. Ушбу жараёнлар ўз вақтида аниқланмаса, тўғон барқарорлигига жиддий хавф туғдиради. Шу туфайли ҳам грунтли тўғонлар ҳолатини мониторинг ­қилиш хавфсизликни таъминлашга қаратилган муҳим илмий-амалий вазифадир.

Тадқиқотимиз доирасида грунтли тўғонларда фильтрлаш ва деформация жараёнларини мониторинг қилиш масаласини Таллимаржон сув омбори мисолида ўргандик. Ўрганиш объекти сифатида айнан ушбу сув омборининг танланиши тасодиф эмас. Мазкур сув омбори Амударёдан сув олиши, еттита насос станцияси орқали тўлдирилиши ва умумий сув ҳажми бир миллиард куб метрдан ошиши билан рес­публикамиздаги йирик ва стратегик аҳамиятга эга иншоотлар қаторига киради. Бундай объект­ларда хавфсизлик масаласига илмий ёндашув асосида баҳо бериш алоҳида аҳамиятга молик.

Изланишларимизнинг асосий мақсади сув омбори грунтли тўғонида юз берадиган фильтрлаш ва деформация жараёнларини мониторинг қилиш тизимини рақамли моделлаштириш асосида такомиллаштиришдан иборат бўлди. Ушбу мақсадга эришиш учун дала ва лаборатория кузатувлари, замонавий ўлчов ускуналари ҳамда рақамли моделлаштириш усуллари комплекс тарзда қўлланди. Бу ёндашув реал ҳолатни аниқлаш ва келажакдаги хавф зоналарини олдиндан баҳолаш имконини берди.

Масофадан зондлаш асосида олинган натижалар дала ўлчовлари ва рақамли моделлаштириш натижалари билан ўзаро таққосланди. Мазкур ёндашув мониторинг натижаларининг ишончлилигини оширди ва грунтли тўғонлардаги фильтрлаш ҳамда деформация жараёнларини комплекс баҳолаш имконини яратди. Шу тариқа анъанавий ўлчов усуллари ва замонавий рақамли технологиялар уйғунлиги асосида тўғон хавфсизлигини баҳолашнинг самарали модели шакллантирилди. Бу эса, ўйлаймизки, сув хўжалиги тизимида хавфсизликни таъминлашдаги муҳим илмий-амалий босқичдир.

 

“Янги Ўзбекистон” мухбири

Аслиддин АБДУРАЗЗОҚОВ тайёрлади.