Инчон шаҳридаги Корейс-Ўзбек бизнес-марказида мамлакатимизнинг Жанубий Кореядаги Элчихонамиз томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ўринбосари маслаҳатчиси Камал Садыков ва «iRU» компанияси Бош ижроия директори Чои Бонг Джун ўртасида виеоконференцалоқа шаклида музокаралар ташкил этилди.
Кун тартибига мувофиқ томонлар Қорақалпоғистонда қишлоқ хўжалиги соҳасида иссиқхоналар мажмуаси ва ўқув марказини ташкил этиш ҳақидаги ҳамфикрлик Меморандумини амалга ошириш бўйича амалий масалалар муҳокама этилди. Таъкидланишича, замонавий иссиқхоналар мажмуасини қуриш экспортбоб қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш имконини яратади. Шунингдек, иссиқхона хўжаликларининг кўпайиши муносабати билан нафақат Қорақалпоғистонда, балки қўшни ҳудудларда ҳам ушбу йўналиш бўйича юқори малакали кадрларга эҳтиёж пайдо бўлади.
Музокаралар давомида ички бозор талабларини тезда ўрганиш, зарур маблағ жалб этиш, шунингдек Нукус шаҳрида Жанубий Корея компаниясининг ваколатхонасини очиш учун зарур ҳужжатларни расмийлаштиришга келишиб олинди.
Чои Бонг Джун «iRU» компанияси лойиҳани тезроқ амалга оширишга, ҳамда COVID-19 пандемияси юмшаши билан Қорақалпоғистонга келишига тайёр эканлигини маълум қилди, деб хабар беради «Дунё» АА.