"Ўзгидромет" агентлигининг хабар беришича, 23-25 июнь кунлари ҳаво ҳарорати кундуз кунлари 38-41 даражагача, жанубда ва чўл ҳудудларда баъзи жойларда 42-44 даражагача кўтарилади.

Бу кунларда республика бўйича асосан кам булутли ва қуруқ об-ҳаво кузатилади. Фақат Қорақалпоғистон Республикасида ва Навоий вилояти шимолида 24-25 июнь кунлари баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин, 25 июнда ҳарорат 26-31 даражагача пасаяди.

Пайшанба куни республиканинг барча ҳудудларига ҳароратнинг пасайиши кузатилади. Ҳудуднинг катта қисмида ҳарорат 30-35 даража атрофида бўлади.

Жума куни ҳарорат бироз кўтарилади ва 33-36 даражани, баъзи жойларда 38 даражани ташкил этади.

Республика бўйича баъзи жойларда шамол тезлиги 13-18 м/с гача кучайиши кутилмоқда, 25-26 июнда айрим жойларда 20-22 м/с гача кучайиши, чанг-тўзонлар билан кузатилиши мумкин.

23 июнда Фарғона водийсининг айрим тоғли ҳудудларида, 26 июнда республиканинг тоғли ҳудудларида баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ кузатилиши мумкин.

Тошкентда: асосан кам булутли об-ҳаво бўлади, ёғингарчилик кутилмайди. 23-25 июнь кунлари ҳарорат асосан кундузи 38-41 даража бўлади, 26 июнда 31-33 даражагача пасаяди, 27 июнда 34-36 даража бўлади.