Корхоналарни ўрганиш жараёни икки йўналишда олиб борилди. Биринчиси — бизнеснинг ҳозирги ҳолатини сифатли баҳолаш, иккинчиси — тадбиркорларнинг кейинги икки-уч ой ичида ўз бизнесини ривожлантириш истиқболига бўлган ишончи.
Таҳлиллар шуни кўрсатдики, сўровда қатнашган 1005 корхонадан 38 фоизи ўз бизнесининг ҳозирги ҳолатини яхши, 45 фоизи қониқарли ва атиги 17 фоизи ёмон деб баҳолаган.
Респондентларнинг 42 фоизи товар/хизматларга талаб яхшиланганини, 45 фоизи ўзгармаганини, 13 фоизи эса ёмонлашганини қайд этган. Ходимлар сонини корхоналарнинг 18 фоизи “ўсган”, 74 фоизи “ўзгармаган”, 8 фоизи “камайган” деб ҳисоблайди.
Таҳлиллар шуни кўрсатдики, сўровномада қатнашган корхоналарнинг 79 фоизи ўз бизнесининг истиқболи яхшиланишини тахмин қилган, 20 фоизи бу ҳолат ўзгармайди деган, фақат 1 фоизи “ёмонлашув”ни белгилаган.
Корхоналарнинг 73 фоизи товарларга/хизматларга талаб “яхшиланади”, 25 фоизи “ўзгармайди” демоқда, 2 фоизи талаб “ёмонлашиши”ни башорат қилмоқда.
Келгуси уч ой ичида корхоналарнинг ярмидан кўпи ишчилар сонини кўпайтиришни режалаштирмоқда. Респондентларнинг 33 фоизи ишчилар сони ўзгармаслигини айтяпти. Фақат 1 фоизи ишчилар камаяди деб жавоб берди.
Корхоналарнинг 22 фоизи ўз товарлари/хизматлари нархининг юқорилашини башорат қилмоқда, 28 фоизи нархлар ўзгармайди деб ҳисоблайди, 2 фоизи нархларнинг пасайишини кутмоқда, 48 фоизи эса нархлар борасида “билмайман”, деб жавоб берган.
Ишбилармонлик муҳити кўрсаткичи кетма-кет иккинчи ойда ўртача ўсишни кўрсатмоқда ва январь ойида 17 поғона ўсиб, 69 поғонани ташкил этди. Экспертлар мамлакатдаги ишбилармонлик муҳитини яхши деб баҳолайди.
Мавжуд вазият ва тахминлар қийматлари ўртасидаги боғлиқлик иқтисодий ривожланишнинг ижобий тенденцияси яқин 3 ой давомида давом этишини англатади.
Ферузбек ДАВЛЕТОВ,
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази ходими