Айни шу жараёнда жорий йил бошидан махсус штаб ташкил этилиб, ҳудудларда электр энергия таъминотидаги чеклов графигига риоя этилиши, табиий газ таъминоти, алоҳида турдаги озиқ-овқат маҳсулотларининг юқори нархларда сотилишининг олдини олиш, марказлашган ва ташиб келтириладиган сув таъминотидаги муаммоли масалаларга ечим топиш каби ўндан ортиқ соҳалар кесимида амалий ишлар олиб борилмоқда.

Кунлик мурожаат ва муаммоли масалалар жойида ўрганилиб, ечими юзасидан ахборот бериб борилмоқда.

Жумладан, бугун Нурафшон шаҳрида аҳолини арзон озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш мақсадида ташкил этилган 8 та савдо ярмаркаларидан 1 та савдо маркази ишламаётгани аниқланган.

Ушбу масала тегишли мутасаддилар томонидан назоратга олиниб, ярмаркага керакли маҳсулотлар етказиб берилган ҳамда фаолияти қайта йўлга қўйилган.

Вилоят ҳудудидаги дорихоналар томонидан «ДОК-1 МАКС» дори воситаси сотилишининг олдини олиш мақсадида ишчи гуруҳ томонидан 926 қути «ДОК-1 МАКС» дори воситаси дорихона омборларидан олиниб, «Тошкент дори таъминот» АЖ омборига қайтарилган.

Ишчи гуруҳ ўрганишлари давомида вилоят ҳудудида тижорат банклари томонидан жами 800 та нақд пул ечиш банкоматлари ўрнатилгани, шундан 20 таси носоз ва 285 тасида нақд пул йўқлиги аниқланган. Ушбу банкоматларга 40 млрд. сўм нақд пул қўйилиб, доимий назоратга олинган.

Пискент, Оҳангарон, Янгийўл, Бўка, Ўрта Чирчиқ ва Чиноз туманларида 37 та МФЙдаги 1584 та хонадонларда газ босими меъёридан пастлиги кузатилган. Ҳозирда 20 та МФЙдаги 1150 та хонадонда табиий газ таъминоти меъёрий даражага келтирилган.

Ишчи гуруҳ томонидан ўрганишлар давом этмоқда.