Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ахборот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, қонун лойиҳаси билан ишга қабул қилиш чоғида ишга кираётган шахслардан талаб этиладиган ҳужжатлар рўйхати қисқартирилмоқда. Хусусан, ахборот тизимларидан олиш имконияти яратилгани учун давлат ташкилотлари ва хўжалик бирлашмалари томонидан шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар ва меҳнат дафтарчаларни ҳамда жамғариб бориладиган пенсия дафтарчасини талаб қилиш бекор қилинмоқда.

Шунингдек, лойиҳа билан Меҳнат кодексининг 11-моддаси «Давлат фуқаролик хизматчиларининг меҳнатга оид муносабатларига нисбатан меҳнат тўғрисидаги қонунчиликнинг амал қилиши Ўзбекистон Республикасининг «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги Қонуни билан тартибга солинмаган қисми бўйича татбиқ этилади», деган сўзлар билан тўлдирилмоқда.

Депутатларнинг айтишича, мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши натижасида фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминланишида қонунчилик ҳужжатлари такомиллаштирилади. Меҳнат кодекси билан янги қабул қилинган қонунлар ва қонуности ҳужжатлари ўртасида ўзаро мувофиқлик таъминланади.

Депутатлар қонун лойиҳасининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятига алоҳида эътибор қаратиб, унда назарда тутилаётган айрим нормалар бўйича ўз нуқтайи назарлари, таклиф ва тавсияларини билдирди. Ушбу ҳужжат ишга қабул қилишни ноқонуний рад қилиш ҳолатлари камайтириш, бюрократик тўсиқлар бартараф этиш ва коррупциявий ҳолатларнинг олдини олишга хизмат қилишини қайд этдилар.

Қизғин баҳс-мунозаралардан сўнг, қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.