Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ТАТУ Қарши филиали томонидан ишсиз фуқароларга бепул ўқув курслари ташкил этилди.

“Ишга марҳамат” мономаркази ҳудудида фаолият бошлаган бу бепул курслар Немис халқ университетлари ассоциацияси(DVV)нинг Ўзбекистондаги филиали кўмагида амалга оширилаётган лойиҳа доирасида очилди.

Бу ерда асосан “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқаролар касб-ҳунар ўрганишмоқда.

— Уч нафар фарзандим бор, — дейди Қарши шаҳридаги Алишер Навоий маҳалласида яшовчи 32 ёшли уй бекаси Феруза Муродова. —  Ҳозир турли компьютер дастурларида ишлашни ўрганаяпман. Уларни яхши ўзлаштирганимиздан сўнг офис ҳужжатлари тузишни ва давлат тилида иш юритишни ҳам ўргатишар экан. Ўйлайманки, бундай билимлар билан ўзимга, албатта, яхши иш топаман.

Шунингдек, касб ўрганувчилар учун мотивацион тренинглар, битирувчилар учун эса тадбиркорлик асослари ва бизнесни режалаштириш бўйича махсус курслар ўтказиш кўзда тутилган, деб хабар беради ТАТУ Қарши филиали ахборот хизмати.