Пандемия оқибатлари етмагандек, Бухоро ва Сирдарё вилоятларида кетма-кет рўй берган табиий ва техноген офатлар давлатимиз олдига тезкор ҳал қилиниши зарур бўлган муҳим вазифаларни қўйди. Бу масалаларнинг тўла ечим топилишида давлат ва халқ бирдамлиги яна бир бор ўзини кўрсатди. Президентимиз ташаббуси ва амалий кўмаги туфайли бугун мазкур ҳудудлар ҳақиқий маънодаги ўзгаришлар масканига айланиб улгурди.
Давлатимиз раҳбарининг яқинда Бухоро вилоятига ташрифи давомида ҳам айни мавзуда сўз борди. Ҳудудда ўтган йилнинг апрель ойида кузатилган талафот оқибатини бартараф этиш борасида амалга оширилган бунёдкорлик ишларида халқимиз кўрсатган аҳиллик, сабр ва матонат алоҳида эътироф этилди. Шунингдек, маҳалла ходимлари ва фаолларининг ҳамжиҳатликдаги кўмаги, кўпни кўрган нуронийлар маслаҳати ҳамда тавсиялари катта ўрин тутгани таъкидланди.
Ҳозирга қадар вилоятнинг Олот, Қоракўл, Жондор, Ромитан, Пешку ва Шофиркон туманларида 45 минг уй, 204 та кўп қаватли турар жой биноси таъмирлангани, мингдан ортиқ ижтимоий соҳа ва тадбиркорлик объекти, йўллар, электр, газ ва алоқа тармоқлари тиклангани натижасида бугун бу ҳудудларда ҳаёт яна маромида давом этмоқда. Одамларнинг ўз оиласи ва яқинлари, касби ва келгуси ҳаётига доир турли режаларини амалга ошириш борасидаги кундалик ишларига мазмун ва хотиржамлик қайтди.
Президентимиз Олот тумани марказида Олот, Қоракўл, Жондор ва Шофиркон туманлари фаоллари, маҳалла раислари билан ўтказилган учрашувда айни жиҳатларга тўхталиб ўтар экан, юртдошларимиз турмуш фаровонлигини ошириш учун жойлардаги раҳбарлар ўз ишига сидқидилдан ёндашиши, халқ билан кўпроқ мулоқот қилиб, мавжуд муаммоларни ҳал этиши лозимлигини таъкидлади. Жумладан, “Бугун бу ерга келишимдан мақсад — халқимизни кўпроқ эшитиш, эртанги марраларни белгилашда тўғри йўл тутиш. Туман ҳокимлари ва маҳалла раислари ўзларини қийнаётган муаммоларни очиқ-ойдин айтиб, уларнинг ечими бўйича таклифларини билдирса, ниятимиз амалга ошади”, дея барчани ҳамжиҳатликка чорлади.
Жойлардаги мавжуд муаммоларни ҳал этиш, аҳоли мурожаатларига қулоқ тутишда маҳалла ходимларининг ўрни ва хизмати катта экани, шу маънода, маҳалла раислари халқ ва давлат ўртасидаги мустаҳкам кўприкка, ўз ҳудудининг чинакам эгасига айланиши зарурлиги яна бир бор таъкидланди. Ҳудудларни ривожлантириш ҳамда камбағалликни қисқартириш борасидаги ишларни маҳаллабай ташкил этиш айни вақтдаги энг самарали йўл экани қайд этилди.
Албатта, бугун маҳаллаларимиз чин маънода ислоҳотлар марказида турган жамиятнинг энг муҳим бўғини ҳамда аҳоли муаммоларига манзилли ечим топишда катта ижтимоий институт сифатида ўз ривожланиш босқичининг муҳим палласини босиб ўтмоқда. Одамлар ўз турмушида дуч келаётган ижтимоий, иқтисодий муаммоларга маҳалла орқали ечим топиш, кўпчилик бўлиб ҳал этиш зарур бўлган масалаларга жамоатчилик эътиборини жалб этишда маҳалланинг хизмати муҳим ўрин тутишини англаб бормоқда.
Шу маънода, учрашув давомида давлатимиз раҳбари жойлардаги маҳалла раисларига ўз ҳудудидаги ҳар бир фуқарони рози қилиш учун сектор аъзолари билан биргаликда хонадонма-хонадон юриш, иш ўринлари яратиш, маҳаллалардаги хонадонлар ободлиги ва фаровонлигини таъминлаш бўйича тегишли вазифаларни белгилаб берди.
Маҳалла раислари зиммасига юклатилган бу топшириқлар ва айтилган фикрлар замирида, албатта, халқимизнинг турмуш фаровонлигини ошириш, ўз ҳаётидан рози бўлиб яшашини таъминлаш каби энг муҳим ҳаётий мақсадлар мужассам эканини соҳадаги барча раҳбар ва масъул ходимлар юракдан ҳис этмоқда. Шунга монанд меҳнат қилишга интилаётир.
Президентимиз жойларда ўтказилган учрашувларда маҳалла раисларининг жамиятда тутган ўрни хусуида алоҳида тўхталиб ўтар экан, “Маҳалла раиси қачон обрўли бўлади? Халқ дардини раҳбарларга лўнда қилиб қўйса. Ҳамма масала, аввало, маҳаллада ҳал бўлсагина одамлар рози бўлади”, дея масалага содда ва халқчил хулоса берди.
Бу юксак эътибор ва мулоҳазалардан маҳаллани халқимизга, одамларни маҳаллага нима боғлаб тургани, ўзаро ҳамкорлик натижасида жойлардаги ҳар қандай мураккаб масалаларга тўла ечим топиш мумкинлигини англаш қийин эмас.
Давлатимиз раҳбари вилоятга ташрифи давомида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги учун ҳам ҳал этилиши зарур бўлган қатор муҳим вазифаларни белгилаб берди. Мамлакатимизнинг чекка ҳудудларида жойлашган 968 та маҳалла фуқаролар йиғинидаги мавжуд шарт-шароитларни чуқур таҳлил қилган ҳолда, уларга зарур кўмак кўрсатиш, иш унумдорлигини ошириш мақсадида маҳалла ходимларининг меҳнат шароитини яхшилаш шулар жумласидандир. Бу борада Бухоро вилоятининг олис ва чегара ҳудудида жойлашган, оғир ҳолатдаги 55 та маҳалла танланиб, уларни Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билан ҳамкорликда ободонлаштириш ва ислоҳотларни маҳаллабай амалга ошириш бўйича зарур вазифалар режалаштирилди.
Шу ўринда айтиш керакки, маҳалла фуқаролар йиғинларининг моддий-техник ҳолатини яхшилаш мақсадида вазирлик томонидан ўтган йилнинг ўзида 253 та маҳалла биноси янгидан қурилди, 166 тасининг биноси реконструкция қилинди, 998 таси жорий таъмирланди. Ўз биносига эга бўлмаган 986 та маҳалланинг бинолари фуқаролар йиғинлари ихтиёрига ўтказиб берилди. Моддий-техник таъминотини яхшилаш мақсадида 924 та фуқаролар йиғинига компьютер, 751 тасига эса мебеллар ажратилди.
Жумладан, Бухоро шаҳри ва туманида олтита, Ромитан, Ғиждувон туманларида тўртта, Вобкент, Жондор, Пешку, Шофиркон, Қоракўл туманларида бешта маҳалла фуқаролар йиғини биноси қурилиб, фойдаланишга топширилди. Айни вақтда вилоятдаги йигирма тўққизта маҳалла фуқаролар йиғини биносини қуриш, йигирма биттасини реконструкция қилиш, ўн саккизтасини жорий таъмирлаш ишлари давом этмоқда.
Президентимиз ташрифи давомида халқ депутатлари Бухоро вилояти кенгашининг навбатдан ташқари ўтказилган сессиясида ҳам жойлардаги муаммолар ва уларни ҳам этишдаги мавжуд имкониятларни маҳалла даражасида ўрганиш, аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда даромадини ошириш, тадбиркорликни ривожлантириш бўйича янги иш тизимини жорий этиш зарурлиги таъкидланди.
Давлатимиз раҳбари мазкур масалалар хусусида яна тўхталиб, “Энди жамиятимизда бошқача йўналиш бўлади — маҳалла катта кучга айланади. Агар маҳалла раиси билимли, фидойи бўлса, кайфият ҳам, иқтисодиёт ҳам ўзгаради”, деди. Шунингдек, вилоятдаги мавжуд 544 та маҳалланинг ҳар бири алоҳида ўрганилиб, “қониқарли”, “ўрта” ва “паст” ривожланиш тоифаларига ажратилганини қайд этди.
Бугун маҳалла тизимига давлат миқёсида қаратилаётган бундай юксак эътибор ва ғамхўрлик тизимда меҳнат қилаётган ҳар бир ходим, ўзини шу халқ хизматига дахлдор, деб билган раҳбарлар зиммасига катта масъулият юкламоқда. Шу маънода, ўтиб бораётган ҳар бир кун, ҳар бир дақиқа — биз, маҳалла тизими ходимлари учун синовлар даври, халқимиз билдирган юксак ишончни оқлаш учун катта имкониятдир.
Раҳмат МАМАТОВ,
маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири