Навоийлик истеъмолчи А. Б. нинг уйига бир ҳафта давомида турли сабаблар билан иссиқ сув келмади. Кранларда иссиқ сув бўлмади, батареяларга эса иссиқлик етказиб берилмади. Бу эса оилага бирмунча қийинчилик  туғдирди. Аммо хизмат кўрсатувчи компания истеъмолчи эътирозини ҳатто эшитишни ҳам хоҳламади.

Шундан сўнг Истеъмолчиларни ҳуқуқини ҳимоя қилиш агентлигининг “Ишонч телефони”га мурожаат қилди. Агентликнинг Навоий вилояти ҳудудий тузилмаси Зарафшон шаҳар 19-уйда яшовчи фуқаронинг мурожаатини ўрганиб чиқди.

Аниқланган камчиликлар “ZAR Fidokor 2022” бошқарув сервис компанияси МЧЖга тегишли экани маълум бўлди. Ўрганишлар натижаси Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги, “Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида”ги Қонунларининг талаблари бузилганлигини кўрсатди.

Қисқа муддатда “ZAR Fidokor 2022”  бошқарув сервис компанияси томонидан  истеъмолчи хонадонида иситиш тизими билан боғлиқ муаммолар бартараф этилди.  Хонадон тўлиқ иссиқлик таъминоти билан таъминлангани учун истеъмолчи  Агентликка ўз миннатдорчилигини билдирди.

Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг 19-моддасида ижрочи айрим турдаги ишларни бажариш (хизматлар кўрсатиш) қоидаларида ёки шартномада белгиланган муддатда, ҳажмда ва сифатда ишни бажариши (хизмат кўрсатиши) шартлиги белгилаб берилган.

Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 7 ноябрдаги “Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида”ги ЎРҚ-581-сонли қонунининг 34-моддасида ширкатнинг мажбуриятлари сифатида муҳандислик коммуникациялари ва умумий мол-мулк таркибига кирувчи бошқа жиҳозларнинг кўп квартирали уйлардаги жойлар мулкдорларига коммунал хизматлар кўрсатиш қоидаларига мувофиқ коммунал хизматлар тақдим этиш учун доимий шайлигини таъминлаши, қонун ҳужжатларида ва ширкат уставида назарда тутилган ҳолларда, учинчи шахслар билан умумий мол-мулкни сақлаш, унга эгалик қилиш ҳамда ундан фойдаланиш, коммунал хизматлар кўрсатишга оид муносабатларда ширкат аъзоларининг манфаатларини ифодалаши шартлиги кўрсатилган.