Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ҳар бир офицери, сержанти ва хизматчиси ўз ишини “Ўз вақтида огоҳлантириш, қутқариш ва ёрдам бериш” шиори остида бажармоқда. Мамлакатимиз аҳолиси ва ҳудудини фавқулодда вазиятлар ҳамда ёнғинлардан муҳофаза қилишда барча имконият ва кучларни сафарбар этмоқда.

Халқимизда “Режасиз иш — қолипсиз ғишт” деган мақол бор. Давлатимиз раҳбарининг соҳага оид фармон ва қарорлари асосида ишлаб чиқилган режалар — биз учун асосий йўл харитаси. Уларнинг тизимли, қатъий тартиб ва темир интизом билан сифатли бажарилиши эса фаолиятимиз самарадорлигини таъминлайди.

Хусусан, Президентимизнинг 2025 йил 25 июлдаги “Давлат органлари ва ташкилотларда ижро интизомини янада мустаҳкамлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига биноан ижро интизомини қатъий таъминлашнинг янги механизми жорий этилгани муҳим аҳамиятга эга.

Унга кўра, энди Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари фармойиш ва топшириқларининг ижроси “Ijro.gov.uz” тизимида давлатимиз раҳбарининг фармон, қарор, фармойиш ва топшириқлари ижросини назорат қилиш тартибида амалга оширилади.

Шу билан бирга, ҳукумат қарорлари ижроси бўйича назорат ва ҳисобдорлик жорий йил 1 октябрдан бошлаб “ijro.gov.uz” тизими орқали ташкил этилади.

Фармоннинг яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, давлат органлари ва ташкилотларнинг раҳбарлари қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижросини таъминлашда жамоатчилик назоратини ўрнатиш мақсадида ижро интизоми тўғрисидаги тегишли маълумотларни ўз ташкилотлари, шунингдек, Адлия вазирлигининг веб-саҳифаларига жойлаштириб, ҳар ойда маълумотларни янгилаб боришга, ҳар чоракда қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва ҳукумат ҳужжатлари ижроси ҳолати бўйича кенг жамоатчиликка ҳисобот беришга мажбурдир.

Бу, ўз навбатида, қонунлар, Ўзбекис­тон Республикаси Президенти ва ҳукумат ҳужжатларининг ижроси устидан кенг қамровли назорат ўрнатиш, ҳар бир раҳбар ва ходимнинг ижро интизоми бўйича ҳисобдорлигини таъминлаш, шахсий ­масъулияти ҳамда жавобгарлигини янада ошириш, пировард натижада эса кўзланган ислоҳотларнинг амалга ошиши, халқимизнинг давлат идораларидан рози бўлишига замин ҳозирлади.

Ижро интизомини таъминлашга қў­йилган қатъий талаблар асосида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги шахсий таркиби ҳам қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижросини барвақт ва сифатли бажаришга жиддий эътибор қаратмоқда. 2024 йил ва 2025 йилнинг ўтган даврида Ўзбекистон Республикасининг 72 та қонуни, Президентимизнинг 69 та фармони, 103 та қарори ва 13 та фармойиши, 53 та баёни, Президент Администрaциясининг 627 та, Олий Мажлис палаталарининг

142 та топшириғи, Вазирлар Маҳкамасининг 307 та қарори ва фармойиши, 362 та баёни ҳамда 884 та топшириғининг ижроси таъминланди.

Рақамлаштириш — жадаллаштириш омили

Соҳа ривожига қаратилаётган эътибор Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳамда тизимнинг барча йўналиши, хусусан, рақамлаштириш жараёнида ҳам ёрқин исботини топмоқда. Жумладан, соҳага ахборот-коммуникaция технологиялари кенг татбиқ этилиб, фаолият рақамлаштирилмоқда.

Рақамли технологиялар вазирлиги билан ҳамкорликда “112” ягона марказлашган диспетчерлик хизматининг таркибий қисми сифатида “101 — ягона нав­батчи-диспетчерлик хизмати” тизими ишлаб чиқилиб, фойдаланишга топширилди.

Мазкур ахборот тизимига мамлакатдаги ёнғин содир бўлиши мумкин бўлган 25 мингга яқин турли даражадаги объект ҳамда уларнинг тезкор режаси ва 41 мингдан ортиқ ер ости сув олгич маълумотлари киритилди.

Шу билан бирга, “Ёнғин хавфсизлиги аълочиси” йиллик танловини ўтказиш жараёнини рақамлаштириш имкониятига эга ахборот тизими ҳаётга татбиқ этилди.

“Прогноз маълумотларини таҳлил қилишни автоматлаштириш ва дастурий таъминот ёрдамида зилзила даракчиларини аниқлаш” ҳамда “Ёниш ва портлаш хавфи юқори кимёвий моддаларни сақлаш жойлари, бундай моддалардан фойдаланиш ва йўқ қилиш назорати” ахборот тизимлари ишлаб чиқилди.

“Кучли зилзиладан огоҳлантириш” мобиль иловасини яратиш билан ва аҳолининг электрон иловалар дўконидан ҳаволасини юклаб олиш имконияти пайдо бўлди.

Геоахборот тизимлари технологиялари ва учувчисиз учиш аппаратларидан фойдаланган ҳолда етиб бориш имкония­ти чекланган ҳудудларда огоҳлантириш ҳамда вазиятларни таҳлил қилиш имкония­тини берувчи кўп функцияли мониторинг мобиль комплекси жорий этилиб, ҳозир Фарғона вилояти фавқулодда вазиятлар бошқармасида синов тариқасида фойдаланилмоқда.

Эрта огоҳлантириш — ҳаёт-мамот масаласи

Аҳолини юзага келиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятлардан огоҳлантириш ва бу ҳақда тезкор хабар бериш, таъбир жоиз бўлса, ҳаёт-мамот масаласи, десак, хато қилмаган бўламиз. Чунки офатлар бир лаҳзадаёқ инсон ҳаётини у ёки бу тарафга буриб юборишини тарих синовлари бир неча марта исботлаган.

Шу сабабли бугун аҳолига фавқулодда вазиятлар хавфи ёки рўй бергани тўғрисида тезкор хабар беришнинг рес­публика ва маҳаллий даражадаги автоматлаштирилган тизими яратилмоқда. Фавқулодда вазиятлар ҳақида аҳолига маълумотларни эфир орқали етказиш ва трансляция қилиш учун Наманган, Фарғона, Тошкент, Самарқанд, Сирдарё, Жиззах, Қашқадарё вилоятларида ҳамда Қамчиқ довонида 13 та кенг форматли ахборот экрани ўрнатилди.

Дунёда содир бўлаётган зилзилалар ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди. Мамлакатимизда сейсмик хавфсизликни таъминлаш мақсадида Халқаро сейсмик кузатувлар глобал тизимига уланган қўшни республикаларнинг 57 та, жумладан, Қирғиз Респуб­ликасининг 26 та, Тожикистоннинг 15 та ва Қозоғистоннинг 16 та сейсмик станцияси Миллий сейсмик кузатувлар тармоғига реал вақт режимида “SeisСomp3” дастури орқали интегрaция қилинди.

Сейсмология, иншоотларнинг сейсмик мустаҳкамлиги ва сейсмик хавфсизликни таъминлаш соҳасини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан АҚШнинг “Kinemetrics” компаниясига тегишли 140 та “Etna-2” акселерометри харид қилинди.

Республиканинг ғарбий ҳудудларида оптимал сейсмик кузатувлар тармоғини яратиш мақсадида мамлакатимизнинг ғарбий ҳудудларида қўшимча 3 та янги сейсмик станция очилди ва Миллий сейсмик кузатувлар тармоғига уланди.

Шунингдек, республиканинг сейсмик фаол ҳудудларига жами 70 та, сув ­омборларида сейсмологик кузатувларни амалга оширишнинг яхлит тизимини шакл­лантириш доирасида эса “Каркидон”, “Қўрғонтепа”, “Резаксой”, “Чортоқ”, “Ертикан” ва “Жийдалисой сув омборлари тўғонига 28 та сейсмик станция ўрнатилди. Шундай қилиб, мамлакатда кучли зилзиладан эрта огоҳлантириш миллий тизими кузатувлар тармоғидаги станциялар сони 130 тага етказилди.

Ўз вақтида кўрилган чора — фавқулодда вазиятнинг олдини олиш гарови

Фавқулодда вазиятлар, айниқса, сел, сув тошқини ва кўчки ҳодисалари билан боғлиқ табиий офатлар нафақат инсонлар, балки катта-катта ҳудудларни ҳам хавф остида қолдириб, жамият ҳаёти, давлат иқтисодиётига улкан талафот етказади.

Шу боис, ретроспектив таҳлиллар асосида ўтган йилларда содир бўлган сел, тошқин ва кўчкиларни чуқур ўрганиб, аҳоли ва ҳудудларни бундай табиий офатлардан муҳофаза қилиш чора-тадбирлари ўз вақтида кўриб келинмоқда. Жумладан, ҳудудий фавқулодда вазиятлар бошқармалари ва алоқадор ташкилотлар ҳамда маҳаллий ҳокимликлар вакилларидан иборат ишчи гуруҳлар сел ва кўчки хавфи мавжуд ҳудудларни ўрганиб, зарур муҳандислик-муҳофаза ишларини бажарди.

Тошқинга қарши ҳукумат комиссияси ва ҳудудий комиссияларнинг йиғма манзилли дастурларига мувофиқ, 147 та сув объектининг хавфсизлиги таъминланди. 74 та сув ва сел-сув омбори, 47 та гидроэлектр станцияси, 328 та сув ҳавзаси ўрганилиб, аниқланган камчиликлар бартараф этилди.

Юзага келиши мумкин бўлган техноген хусусиятли фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш чоралари доирасида ёниш ва портлаш хавфи юқори кимёвий моддаларнинг сақланиши, ташилиши, фойдаланилиши ва йўқ қилиниши устидан назорат тадбирлари ўтказилди.

Ёниш ва портлаш хавфи юқори бўлган кимёвий моддалар сақланадиган 428 та омбор хатловдан ўтказилиб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш чоралари кўрилди.

Манфаатдор вазирлик ва идоралар ҳамда маҳаллий ҳокимликлар билан бирга 170 та маданият ва истироҳат боғи, 14 та очиқ майдон ҳамда уларда фаолият юритаётган 3684 та аттракцион ҳолати ўрганиб чиқилиб, хавфсизлиги таъминланди.

Чўкиш билан боғлиқ бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш юзасидан дарёлар, сойлар, каналлар ва бошқа сув объектларида 52 минг 114 маротаба профилактика тадбири ўтказилди.

Ҳудудларда кимёвий, биологик ва бактериологик фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш юзасидан амалий ишлар бажарилиб, 304 та махсус-тактик ўқув машғулоти ўтказилди.

“Фавқулодда вазиятлар ва ёнғинлар профилактикаси куни” доирасида ўтказилган 583 мингдан ортиқ профилактик тадбирда 15 миллион 806 минг 757 фуқаро қамраб олинди.

Шунингдек, аҳолини зилзиладан олдин, зилзила пайтида ва зилзиладан сўнг ҳаракатланишга тайёрлаш бўйича ишлар давом эттирилмоқда. Хусусан, республика даражасидаги ташкилотлар ҳамда маҳаллий ҳокимликларнинг 3000 га яқин, муҳим аҳамиятга эга иқтисодиёт объектларининг 802 раҳбар ва мутахассислари Фуқаро муҳофазаси институтида, вилоят, туман (шаҳар) даражасидаги корхона, ташкилотларнинг 40 мингдан зиёд раҳбар ходими ҳудудий “Ҳаёт фаолияти хавфсизлиги” ўқув марказларида тайёргарликдан ўтказилди.

Ёнғинлар фавқулодда вазиятлар орасида хавфлилиги билан алоҳида аҳамият касб этади. Айни жиҳатни теран англаган вазирлик шахсий таркиби ҳозир мамлакатимизда ёнғин назорати билан боғлиқ муҳим ва кечиктириб бўлмайдиган вазифаларни адо этиб келмоқда.

Бу борада рақамларга мурожаат қилсак. Вазирлик ходимлари 168 минг 135 марта текшириш, 37 минг 154 та тадбиркорлик субъекти объектида профилактик кўрик ўтказди. 5 миллион 166 минг 743 та якка тартибдаги ва кўп қаватли уйдаги 2 миллион 675 минг 445 та хонадонни ўрганди.

Тадбирлар давомида 16 миллион 379 минг 846 фуқаро билан тарғибот ва тушунтириш ишлари ўтказилиб, қоидабузарликка йўл қўйган 98 минг 987 жавобгар шахсга нисбатан 46 миллиард 802 мил­лион 312 минг сўмлик жарима қўлланди.

“YERELEKTRON” электрон тизими орқали 83 минг 194 та ер участкаси ­ўрганилиб, 80 минг 496 та мурожаат бў­йича ижобий; камчиликлар аниқланган 2698 та ер ажратилиши ҳолати бўйича салбий хулосалар берилди.

Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг профилактик, ташкилий-амалий тадбирлари натижасида фавқулодда ҳолатларнинг 2024 йилга нисбатан 2025 йилнинг ўтган даврида 21 фоиз камайишига эришилди.

Бугуннинг ҳаваскори — эртанинг халоскори

“Ёшликда олинган билим тошга ўйилган нақш кабидир”, дея бежиз айтилмаган. Фавқулодда вазиятлардан омон чиқишнинг ягона йўли — унга олдиндан тайёр туриш.

Шундан келиб чиққан ҳолда бугун мамлакатимиздаги умумтаълим ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида “Ёш қутқарувчи” кўнгиллилар клуби фаолият юритиб келмоқда. Ушбу клублар ўртасида ўтказиладиган “Ёш қутқарувчилар” мусобақалари эса ҳозир тобора анъанавий тус олиб, ўқувчилар орасидан қутқарувчилик касбига мос, иштиёқи баланд, чиниққан ёшларни танлаб олишда асосий омил бўлмоқда.

Хусусан, ёшлар ўртасида қутқарувчи касбини оммалаштириш мақсадида умумтаълим мактабларида 16 минг 464 та жамоа (139 минг 367 ўқувчи), профессионал таълим муассасаларида 683 та жамоа (6993 ўқувчи) “Ёш қутқарувчи” гуруҳларини шакллантирган ҳолда туман (шаҳар), вилоят ва республика миқёсида “Ёш қутқарувчи” кўп босқичли мусобақалари ўтказилди.

Рақамли технологиялар ривожланган ҳозирги даврда ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларга муносиб шароит яратиш, муаммоларини ҳал этиш, айниқса, ёш авлоднинг юрт корига ярайдиган, фидойи инсонлар бўлиб вояга етишига ҳисса қўшиш — барчамизнинг вазифамиз.

Бу борада вазирлик тизимида 554 марта “Уч авлод учрашуви”, ҳудудий бошқармалар ва таркибий тузилмалар раҳбарлари иштирокида 298 марта “Раҳбар ва ёшлар”, 15 марта “Генерал ва ёшлар”, 50 марта “Прокурор ва ёшлар”, 1486 марта “Қутқарувчи ва ёшлар” учрашуви ўтказилди. Ушбу тадбирларда маҳалла ва таълим муассасаларидаги 44 минг 491 нафар ҳамда тизимдаги 75 фоиз ёш бевосита иштирок этди.

Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳрида “Ёшлар ойлиги” доирасида “Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!” шиори остида “Қутқарувчи ёшлар форуми” ташкил этилди.

Ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларда она Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғуларини шакллантириш мақсадида 810 минг 306 йигит-қиз иштирокида 21 минг 326 маротаба ҳарбий-ватанпарварлик тадбири ўтказилди.

Фуқаробай ишлаш асосида 354 минг 688 ёш билан яккама-якка учрашувда 24 минг 377 нафарининг муаммоси, таклиф ва ташаббуслари ўрганилиб, тегишли “йўл хариталари”га киритилди. Натижада оталиққа олинган 18 минг 899 йигит-қизнинг ижтимоий муаммолари ҳал этилди. Бу борада 435 маротаба меҳнат ярмаркаси ташкил этилиб, 7999 ёш иш билан таъминланди, 2305 нафари касбга ўқитилди, 2711 нафарига имтиёзли кредит ва субсидия олишга кўмаклашилди, 1248 нафарига моддий ёрдам берилиб, 4738 нафарига бош­қа турдаги ёрдам кўрсатилди.

Гиёҳвандлик ва психотроп моддалар истеъмол қилувчи 21 йигит-қиз тиббиёт муассасаларида даволатилди, яна 52 нафарига бошқа кўринишдаги ижтимоий-иқтисодий ёрдам пакети ажратилди.

Шунингдек, оталиққа олинган ёшлардан 109 нафари вазирлик тизимига ишга қабул қилинди, 9 нафари Шаҳрисабздаги “Темурбеклар мактаби” ҳарбий академик лицейига ва 5 нафари ФВВ академиясига ўқишга қабул қилинди.

Обод манзиллардан обод кўнгиллар сари

Юртимиздаги кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш тадбирларида вазирлик ходимлари ҳам ­сидқидилдан иштирок этмоқда. Қорақалпоғистон ­Республикаси, Бухоро, Жиззах, Самар­қанд, Қашқадарё, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрида иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларининг барқарор фаолиятини таъминлаш, аҳолини қийнаб келаётган масалаларни ўрганиш ҳамда амалий ёрдам кўрсатиш борасидаги ишлар фикримиз тасдиғидир.

Бундан ташқари, бугунги иқлим ўзгариши шароитида экологик барқарорликни таъминлашга муносиб ҳисса қўшиш учун Орол денгизига яқин чўл ҳудудларда 289 минг 794 гектар ўрмон барпо қилишда иштирок этилди. “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида эса 776 минг туп манзарали ва мевали дарахт кўчати экилди.

Маҳорат машқ пайтида ошади

Фавқулодда вазиятлар чоғида ҳаракатланар экан, қутқарувчида юқори жанговар шайлик, пухта билим ва малака, касбий маҳорат шаклланган бўлиши лозим. Нафақат соҳа мутахассислари, балки ҳар бир фуқаро касби, вазифасидан қатъи назар, фавқулодда вазиятларда тўғри ҳаракатланиш бўйича муайян билим ва малакага эга бўлиши талаб этилади.

Хусусан, ўтган даврда шахсий таркибнинг жанговар шайлигини таъминлаш мақсадида 3811 маротаба ёнғин ўчириш тактик машқи ва 11 минг 477 маротаба тунги, 19 минг 990 маротаба кундузги ёнғин ўчириш амалий тактик машғулоти ўтказилди.

Газ ва тутундан ҳимоя хизматлари билан тутунхоналарда 5782 маротаба, очиқ ҳавода 28 минг 460 маротаба, руҳий тайёргарлик йўлакларида олов таъсирида 5181 маротаба, олов таъсирисиз 4900 маротаба машғулот ўтказилди.

Вазирлик академиясида 781 офицер қайта тайёргарликдан ўтказилди ва ­малакаси оширилди. Академия ҳузуридаги бошланғич тайёргарлик ва малака ошириш марказида 1477 қутқарувчи билан бошланғич тайёргарлик, 1340 қутқарувчи билан малака ошириш ўқув йиғини ташкил этилди.

Бундан ташқари, туман (шаҳар)лардаги бошқарув органлари, куч ва воситалари ҳамда аҳолини жалб этган ҳолда 53 та қўмондонлик-штаб ўқув машқи, корхона ва ташкилотда 4893 та махсус-тактик ўқув машқи ўтказилиб, аҳолининг фавқулодда вазиятлар шароитида тўғри ҳаракатланиш бўйича амалий кўникмаси оширилди.

Қулай шароит — самарали хизмат

Қутқарувчи қачон самарали ва сифатли фаолият юритади? Қачонки зарур хизмат шароитига эга бўлса, замонавий асбоб-­анжом ва техникалар билан таъминланса, фавқулодда вазиятларни ўз вақтида, юқори талаб даражасида бартараф эта олади.

Қорақалпоғистоннинг Амударё тумани, Хоразм вилояти Шовот тумани, Қашқадарё вилояти Косон тумани, Фарғона вилояти Фурқат туманида ёнғин-қутқарув қисмларининг қурилиш ишлари якунланиб, объектлар фойдаланишга қабул қилинди.

Шулар билан бирга, Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида вазирлик шахсий таркибига хизмат хонадонлари топширилиб, ижтимоий ҳимояси янада мустаҳкамланди.

Халқаро тажриба соҳа ривожига хизмат қилади

Вазирлик фаолиятида ривожланган мамлакатларнинг соҳага оид илғор таж­рибасини ўрганиш ва тизим фаолиятига татбиқ этишга асосий эътибор қаратиб келинмоқда. Ўтган даврда 352 та халқаро ҳамкорлик тадбирида вазирликнинг 1357 вакили иштироки таъминланди.

Республика ҳудудидаги 249 та хал­қаро тадбирда, АҚШ, Жанубий Корея, Туркия, Буюк Британия, Франция, Канада, Озарбайжон, Ҳиндистон, Қозоғистон, Беларусь, Россия, Япония, Германия ­Покистон, Венгрия, Туркманистон, Ҳиндис­тон каби давлатлар билан 112 та ҳамда БМТ, БМТТД, БМТ Европа иқтисодий комиссияси, ТДТ, МХТ, ЖССТ, ЮНЕСКО, KOICA, ЮНИСЕФ, JICA каби халқаро ­ташкилотлар билан 137 та тадбирда иштирок этилди.

Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Ҳиндистон, Озарбайжоннинг тегишли вазирлик ва идоралари ҳамда Россия Фанлар академиясининг Ер физикаси институти ўртасида фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум, баённомалар имзоланди.

Буни ҳам, ўз навбатида, соҳа бўйича тизимга изчил ислоҳотлар татбиқ этилаётгани ва ўзига хос самараларидан дейиш мумкин, албатта.

Мухтасар сўз ўрнида...

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ўтган даврда мамлакатимиз аҳолиси ва ҳудудларини ёнғин ҳамда бошқа тусдаги фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилишга қодир бўлган мобиль ва профессионал хизматга айланиб бормоқда.

Бугун вазирлик тизимидаги ҳар бир офицер, сержант ва хизматчи зиммасидаги масъулиятли вазифанинг нечоғлиқ залворли эканини юрак-юракдан англаб, инсон қадри улуғланган, халқни рози қилиш, қудратли мамлакат барпо этиш йўлидан бораётган янги Ўзбекистон бунёдкорлари сафида дадил одимлаб бормоқда.

Дарҳақиқат, вазирлигимиз зиммасига юклатилган шарафли вазифаларни адо этар эканмиз, қатъий, юқори талаб даражасидаги ижро интизоми — аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш, бу борада юқори самарадорликка эришишнинг бош омили эканини асло унутмаслигимиз лозим.

Ботир ҚУДРАТХЎЖАЕВ,

фавқулодда вазиятлар вазири, генерал-майор