Мамлакатимизда кенг кўламли ислоҳотлар, аввало, маҳаллаларда, ҳар бир инсон ҳаётида бўй кўрсатишини таъминлашга устувор аҳамият қаратилаётганининг сабаби ҳам шу. Жорий йилга “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” деб ном берилиб, бу борада давлат дастури қабул қилингани маҳалланинг жамият ҳаётидаги ўрнини янада мустаҳкамламоқда.

Президентимиз раислигида шу йил 19 апрель куни “маҳаллабай” ишлаш тизими натижадорлигини ошириш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш масалалари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам маҳаллаларни иқтисодий ривожлантириш, ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш чора-тадбирлари муҳокама қилиниб, муҳим вазифалар белгиланганди. Ана шу вазифалар ижроси доирасида Бекобод туманидаги олис ҳудудлардан бири — “Ёшлик-2” маҳалласида бажарилган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари натижасида маҳалла қиёфаси тубдан ўзгариб, гўзал ва обод масканга айланди.

“Ёшлик-2” маҳалласида жами 599 хонадон бўлиб, 3280 киши яшайди. Қишлоқ аҳли узоқ йиллардан буён ичимлик сув муаммосидан азият чекиб келарди. Ўзгаришлар асносида аҳолининг ана шу муаммоси ҳал этилди.

— Юртимизнинг олис қишлоқлари кўркам қиёфа касб этаётганини кўрганимда, қачон бизнинг маҳалламиз ҳам ана шундай обод бўларкан, деб орзу қилардим, — дейди меҳнат фахрийси Абдусалом ота Абдунабиев. — Чунки олис ҳудуд бўлгани учун маҳалламиз узоқ йиллардан буён эътибордан четда қолиб келаётганди. Масалан, сув йўқлигидан аҳоли қийналарди. Қиш ойларида, ёғингарчилик мавсумида асфальт қилинмаган йўллардан оёқларимиз лойга ботиб, манзилимизга зўрға етиб олардик. Айниқса, бундай шароитда болажонларимиз мактабга бориб-келишга қийналарди. Узоқ вақт ана шундай муаммолар ичида яшадик. Яратганга беҳисоб шукр, у кунлар ҳам ортда қолди. Кўчаларимиз таъмирланди. Ҳар бир хонадон ҳолидан хабар олиниб, кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам кўрсатилмоқда. Ишсизлар бандлиги таъминланяпти.

“Ёшлик-2” маҳаллаcида ҳашар ташкил қилиниб, жами 7,6 километр тупроқ кўчага шағал ётқизилди, 2800 квадрат метр девор оқланиб, 32 тонна маиший чиқинди олиб чиқилди. 7 километр ички ариқ тозаланди, 1900 дан ортиқ дарахт оқланди, 2520 дона арча кўчати экилди, 15 дона тунги ёритиш чироғи ўрнатилди.

— Вилоят бюджети ҳисобидан 1 миллиард сўм йўналтирилиб, маҳалламизда 150 ўринли мактабгача таълим ташкилоти қурилиб, фойдаланишга топширилди, — дейди “Ёшлик-2” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Нарзулло Бобоев. — Ҳудудимиздаги 500 ўринли 35-умумий ўрта таълим мактаби “OpenBudget” орқали 450 миллион сўм ҳисобидан қайта таъмирланди. Шунингдек, 5 минг китоб фондига эга замонавий кутубхона ташкил қилинди. Инфратузилма яхшиланиб, маҳалла гузари, гўзаллик салони, тегирмон, гўшт дўкони, автомобилларни таъмирлаш ва уларга техник хизмат кўрсатиш устахонаси, ветеринария дўкони, озиқ-овқат дўконлари, болалар ўйингоҳи, work-out майдончаси, стадион, саломатлик йўлаги барпо этилди.

Ҳудудлардаги муаммоларни “маҳаллабай” ва “хонадонбай” ўрганиш тизими йўлга қўйилиб, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” юритила бошлангани ўз самарасини бермоқда. Бу тизим орқали ҳар бир хонадонга кириб бориляпти, фуқароларнинг муаммоси ўрганиляпти. Тадбиркорлик, деҳқончилик, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик каби йўналишларда ўз фаолиятини йўлга қўймоқчи бўлган фуқароларга имтиёзли кредитлар, субсидиялар ажратилмоқда. Бу орқали аҳоли бандлиги таъминланиб, оилаларнинг турмуш фаровонлиги ошмоқда.

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 24 ноябрдаги “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини ижарага бериш тартибига доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори талаблари асосида деҳқон хўжалиги сифатида фойдаланиш учун чиқарилаётган ер майдонларидан “Ёшлар дафтари”да рўйхатда турган ёшлардан 68 нафари, “Аёллар дафтари”дагиларнинг 4 нафарига 0,20 гектардан ер ажратилди.

— 20 сотих ер берилиб, деҳқончилик билан шуғулланишим учун имконият яратилди, — дейди Нурмуҳаммад Эшонқулов. — Бу ерга сабзи экмоқчиман. Ёшларнинг бандлигини таъминлаш, уларнинг тадбиркорлик ва деҳқончилик билан шуғулланиши учун имкониятлар, имтиёзлар яратиб берилаётгани рўзғоримизга даромад олиб киради.

Мазкур маҳаллада истиқомат қиладиган 12 оилага 400 миллион сўм кредит ҳисобига қўй ва эчкилар тарқатилди. Яна шунча оилага 300 миллион сўм кредит эвазига ихчам иссиқхоналар қуриб берилди. Маҳалладаги 4 оилага енгил конструкцияли иссиқхоналар ўрнатиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 бараваригача субсидия ажратилди.

Яна бир гап. “Ҳар бир оила тадбиркор” давлат дастури асосида маҳаллада яшовчи ишсиз фуқаролардан 5 нафарига қўйчилик билан шуғулланиши учун 30-32 миллион сўмдан имтиёзли кредит ажратилиб, уларнинг ўз фаолиятини бошлашига кўмаклашилди.

“Ёшлик-2” маҳалласидаги бунёдкорликлар мисолида айтиш мумкинки, ҳар бир инсон ислоҳотлар самарасини келажакда эмас, балки бугун ўз ҳаётида кўриб, ҳис қилиб яшамоқда.

Шаҳзод Ғаффоров,

“Янги Ўзбекистон” мухбири