Ислом молияси бўйича халқаро таълим маркази (International Centre for Education in Islamic Finance – INCEIF) 2005 йилда Малайзия Марказий банки томонидан исломий молия бўйича мутахассислар тайёрлаш мақсадида ташкил этилган.

Учрашувда Малайзия томонига Янги Ўзбекистон тараққиёти йўлидаги асосий ютуқлар, ислом молияси хизматлари соҳасини ривожлантириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар, шунингдек, ислом суғуртаси воситалари ва маҳсулотлари ҳақида батафсил маълумот берилди.

Азми Омар мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни юксак баҳолаб, ислом молиявий хизматлари соҳаси халқаро даражада ривожланиб бораётган бир шароитда Ўзбекистонда ҳам ислом молияни жорий этиш ва ривожлантиришнинг муҳимлигини таъкидлади.

Унинг айтишича, «INCEIF» университети исломий молия соҳасида этакчи олий таълим муассасаси бўлиб, мукаммал ўқитиш тизими ҳамда тадқиқот ва фикр юритиш бўйича етукликни таъминлаши билан ажралиб туради. Бу ютуқлар ушбу муассасадаги ўқув жараёни бевосита амалиётдаги тажриба билан боғлиқлиги орқали изоҳланиши мумкин. Хусусан, университетнинг ўқув дастури Ислом молия академиясида ҳам, соҳада ҳам ҳурматга сазовор бўлган ислом молияси вакиллари ва мутахассислари иштирокида шакллантирилади.

Бугунги кунга қадар «INCEIF» университетини дунёнинг 90 дан ортиқ давлатидан 2 мингга яқин битирувчи тамомлаган. Ҳозирда университетда 14 нафар ўзбекистонлик талаба таълим оляпти. Улардан 4 нафари Малайзияда, 10 нафари эса онлайн шаклда таҳсил олади.

Азми Омар «INCEIF»нинг Ўзбекистон Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби ҳамда Тошкент давлат иқтисодиёт университети билан йўлга қўйилган ҳамкорликдан мамнун эканини, шу билан бирга Банк-молия академияси (БМА) билан ислом молияси соҳасида мутахассислар тайёрлаш бўйича ҳамкорлик алоқаларини ўрнатилишдан манфаатдорлигини қайд этди, деб хабар беради «Дунё» AA.