Дунё ҳамжамияти мамлакатимизда буюк муҳаддис Имом Бухорий ва бошқа мутафаккир алломалар қолдирган бой маънавий хазинани асраб-авайлаш ва келгуси авлодларга тўла-тўкис етказиш борасида амалга оширилаётган ишларга юксак баҳо бераётгани бежиз эмас.
Зеро, хайрли ҳаракат — буюк аждодларимизнинг номларини янада улуғлаш, беқиёс маънавият хазиналаридан баҳраманд бўлиш ва номларини абадийлаштириш борасидаги савобли ишлар замирида ёш авлодни ўз ватанига фидойи инсонлар қилиб тарбиялаш, аждодларидан фахрланиш ҳиссини кучайтиришдек олий мақсадлар мужассам.
2017 йил 27 март куни Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори имзоланган эди.
Марказ муқаддас ислом дини ривожига беқиёс ҳисса қўшган, ҳадис илми султони, буюк ватандошимиз Имом Бухорийнинг улкан меросини илмий асосда ўрганиш, халқимиз ва жаҳон жамоатчилигига тарғиб этиш, азалий миллий қадриятларимизни сақлаш ва улуғлаш асосида ёш авлоднинг руҳий ва маънавий оламини бойитиш, имон-эътиқодини мустаҳкамлаш, уларнинг қалбида Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғуларини янада кучайтириш мақсадида ташкил этилган.
– Марказ томонидан буюк алломаларимиз меросини ўрганиш, кенг тарғиб этиш, нуфузли халқаро марказлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда, – дейди марказ директори Шовосил Зиёдов. – Биргина 2022 йил мобайнида Имом Бухорий номидаги халқаро стипендия танловининг хорижий тадқиқотчилардан иборат 6 нафар ғолиби марказда илмий стажировка ўтади. Шунингдек, марказ Малайзия ислом илмий университети ва Туркиянинг Памуккале университети билан англашув меморандумлари имзолади. Булар қаторига хориждаги ҳамкорларимиз билан ташкил этилган турли мавзулардаги 8 та халқаро илмий-амалий анжуманни ҳам қўшиш мумкин.
Бундан ташқари, марказ ташаббуси билан Швейцария, Туркия, Италия ва Бирлашган Араб Амирликларида “Имом Бухорий асарлари мисолида ислом санъати кўргазмаси”, “Ислом хаттотлиги”, “Қуръони каримнинг Ўзбекистон фондларида сақланаётган қадимий нусхалари” каби мавзуларда халқаро кўргазмалар ҳамда “Мовароуннаҳрда китобат маданияти” мавзусида ислом амалий санъати турлари бўйича фестиваль ва савдо ярмаркаси ташкил этилди.
– Ислом таълимоти, тарихи ва маданиятига оид юртимиз китоб фондларида сақланаётган қўлёзма асарларни долзарблиги бўйича таснифлаш ва ўрганиш, Ўрта Осиёдан етишиб чиққан мутафаккир ва алломаларнинг мамлакатимиз ва хорижий давлатларда сақланаётган асарларини жамлаш ва тадқиқ этиш йўналишида аҳолидан 2 та қўлёзма ва 7 та тошбосма асар ҳадя сифатида қабул қилиб олинди, – дейди тарих фанлари доктори, профессор Бахтиёр Тўраев. – Марказда жисмоний ва юридик шахсларда ислом динига оид сақланаётган қадимий, ноёб қўлёзма асарларни харид қилиш бўйича ишлар йўлга қўйилган бўлиб, сўнгги пайтларда шу йўл билан ислом динига оид 44 та қўлёзма китоб жамланди.
Марказ мутахассислари саъй-ҳаракатлари билан Имом Бухорийнинг “Жомиъ ас-саҳиҳ” асарининг хорижий давлатлар қўлёзма фондларида сақланаётган 220 та қўлёзма нусхаси рўйхати шакллантирилди. Имом Бухорийнинг маҳаллий ва хорижий қўлёзма фондларида сақланаётган 2 минг 838 та асари реестри тузилди.
Марказ қўлёзмалар фондида сақланаётган 69 та китобнинг электрон нусхаси тайёрланди. “Ўзбекистон маданий мероси дунё тўпламларида” туркумидаги 35 жилддан иборат китоб-альбом олиб келинди. Манбалар хазинасида сақланаётган 600 та қўлёзма ва 750 та тошбосма китоб муҳрланди ва инвентарь китобларга киритилди.
– Марказнинг жорий йилга ҳам истиқболли режа ва йирик лойиҳалари салмоқли, – дейди муассаса матбуот хизмати раҳбари Шерзод Маматов. – Хорижий мамлакатларнинг архив ва кутубхона фондларида сақланаётган, аждодларимиз қаламига мансуб қўлёзма асарларнинг электрон нусхаларини олиш учун Ташқи ишлар вазирлиги, дипломатик ваколатхоналар орқали фондлар билан алоқалар йўлга қўйилиб, ўзбекистонлик мутахассисларнинг ушбу муассасаларга илмий сафарлари ташкил этилади. Марказ ҳузуридаги музей янги экспонатлар билан бойитилади.
Шунингдек, маънавий-маърифий тарғибот йўналишида “Имом Бухорий авлодлари” номли мақолалар танлови ўтказилади. Қозоғистон, Туркия, Ўмон, Жазоир каби давлатлардаги янги илмий тадқиқот марказлари билан турли йўналишларда ҳамкорлик алоқалари кучайтирилади.
Марказ илмий ходимлари Оксфорд ислом тадқиқотлари марказида малака оширишга йўналтирилади, шу билан бирга, Туркиядаги Истанбул Сабаҳитдин Заим университети ва Исломни англаш институти, Россия Федерациясидаги Булғор ислом академияси билан ходимлар алмашинуви йўлга қўйилади.
Нодир МАҲМУДОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири