Янги Ўзбекистон ғояси атрофида бирлашиб, Учинчи Уйғониш даврининг пойдевори яратилиши жараёнида иштирок этяпмиз. Буни англаш, билиш учун мамлакатимиздаги ислоҳотларни таҳлил қилиш керак.

Бугун биз, ҳеч шубҳасиз, кўп миллатли халқимиз билан биргаликда янги Ўзбе­кистоннинг янги тарихини яратяпмиз. Гап шундаки, Президентимизнинг бевосита та­шаббуси билан бунёд этилган Ўзбекистон­даги Ислом цивилизацияси марказининг мазмун-моҳиятини теранроқ англаб борар эканмиз, ушбу марказни тараққиёт йўли­мизнинг янги босқичи, дейиш мумкин.

Уч минг йиллик давлатчилик тарихи­мизнинг қат-қатларида яшириниб ётган миллатимизнинг сўнмас даҳоси кейинги ўн йиллик тараққиётимиз босқичида яна қайта бўй кўрсата бошлади. Бу эврилиш даврини Ўзбекистон Лидери Шавкат Мирзиёев та­шаббуси билан 2017 йилда бошланган мега лойиҳа — Ислом цивилизацияси маркази бунёд этилиши орқали аждодларимизнинг орзу-ниятлари, армонлари рўёбга чиққани билан изоҳлаш мумкин бўлади. Шунинг ўзиёқ юқоридаги фикримизнинг яққол да­лилидир.

Очиғи, марказ ҳақида гап кетганида, унга нисбатан тарихий ҳақиқат, маърифат жавҳари деган кўплаб таърифларни келтириш ўринли. Муҳими, буларнинг ҳеч бири муболаға бўл­майди. Аммо яна бир ҳақиқат бор. Яъни энг гўзал таърифлар ҳам унинг илм-фан, маъна­вий ҳаётимизда тутган ўрни ва аҳамиятини тўла очиб беришга қодир эмас.

Мамлакатимиз етакчиси марказга таш­рифи чоғида “Бу улкан лойиҳа оддий бир чизма эмас. Уни юрак чизган, меҳр чизган, орзу ва армонлар чизган”, деган эди. Шу маънода марказнинг моҳиятини, қийматини тўла англаш учун уни бориб кўриш, бино­нинг ҳар бир чизгисини, музейдаги экспо­натларни, илмий салоҳиятини пухта ўр­ганиб, юракдан ўтказиб, ҳис этиш керак. Зеро, қалб қаъридан чиққан ҳар бир фикр, сўз ва чизги юракларга етиб боради.

Шу ўринда яна бир ҳаётий ҳақиқат. Яқин­да “Янги Ўзбекистон” ва “Правда Востока” газеталари таҳририяти жамоаси, бир гуруҳ зиёлилар билан биргаликда Ислом цивилиза­цияси марказига саёҳат қилган эдик. Ўшанда мажмуадаги уч минг йиллик тарихга асос бўлган экспонатлар билан танишиб, тари­химиз қанчалик бой эканини кўз олдимизга келтириб ҳайратландик. Биздан бошқа меҳ­монлар ҳам худди шундай ҳайрат ва ҳавас би­лан музейни томоша қилар, бир-бирига ноёб экспонатлар ҳақида билганларини айтишга ошиқарди. Англадикки, шонли тарихимиз­ни ўқиб-ўрганиш бошқа, уни яхлит ҳолатда кўздан кечириш бутунлай соҳир туйғу берар экан. Бу фикрни ўшанда мажмуа мутахас­сислари ҳам тасдиқлаб, “Сизлар меҳмонсиз, соҳангиз бошқа, ҳатто биз ҳам музейга ҳар сафар келганимизда доим ҳайратланамиз”, деди.

Дарҳақиқат, соҳаси тарихни ўрганиш бўл­ган, шу йўлда илмий ишлар қилган инсонлар, марказдан ҳар куни камида битта янги фикр, факт топиб чиқаётганини айтди. Шунинг ўзиёқ уч минг йиллик давлатчилик тарихи­мизни кўз олдимизга келтиришда марказнинг ўрни ва аҳамияти беқиёс эканини кўрсатади.

Яна бир муҳим жиҳат, марказ фақат музей­дан иборат эмас. У ерда экспонатлардан са­марали фойдаланиб, шонли тарихимизни ўр­ганиш, илмий ишлар қилишга кенг имконият бор. Халқаро илмий ҳамкорлик йўлга қўйил­гани бугун Ўзбекистон илм-фанда ҳам тобора юксалиб бораётганидан далолат. Зеро, юксак илмий нуфузга эга шахслар ва ташкилотлар ўзига тенг кўрган инсонларгагина эшик очади, ҳамкорлик қилади. Қувонарлиси, энг нуфуз­ли халқаро ташкилот ва таълим муассасала­ри марказ билан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Бошқалар ҳам илмий доирада алоқалар ўрна­тиш иштиёқи кучли эканини очиқ айтаяпти. Биргина мисол, марказни лойиҳалаш, қуриш ва замонавий ахборот технологиялари билан жиҳозлашда Франция, Хитой, Буюк Британия, АҚШ, Бирлашган Араб Амирликлари, Россия, Туркия, Германия, Испания, Италия, Малай­зия, Озарбайжон, Саудия Арабистони, Ҳин­дистон, Марказий Осиё давлатлари ва бошқа қатор мамлакатлардан юксак малакали мута­хассислар ҳам фаол иштирок этди. Бунинг туб замирида янги Ўзбекистоннинг янгиланиш­лар, юртимиз илмий салоҳиятига тан бериш, унга ҳавас қилиш бор.

Инсоният тарихидаги буюк цивилизация­ларнинг вужудга келиши солномачилар томо­нидан жуда кўп ўрганилган. Халқлар тамад­дуни қандай бунёд этилиши илмий таҳлил этилган. Бугун тараққиётга қандай эришиш мумкин деган саволга жавоб изласангиз ана шу илмий таҳлиллар асосидаги фактларга дуч келамиз. Биз ушбу фактлардан айримла­рини санаб ўтмоқчимиз.

Биринчидан, жамиятда адолат қарор то­пиши керак. Бу инсонларга бирдек имконият, шароит яратиб истеъдодларга йўл очади. Шу орқали мамлакатда юксак малакали кадрлар синфи пайдо бўлади. Улар эса тараққиёт асо­сий қувватини ҳаракатга келтирувчи кучдир.

Иккинчидан, мамлакат иқтисодий ўсиши зарур. Иқтисоди мустаҳкам бўлган жамиятда ўқиб-ўрганишга, янгиликларга интилиш учун етарлича куч пайдо бўлади. Ҳар қандай тўсиқларни енгиб ўтиш осон кечади.

Учинчидан, халқ миллий ўзлигини янада теранроқ англаши зарур. Бунга ҳозир мам­лакат ривожланишининг асосий пойдевори сифатида қаралиши бежиз эмас. Миллий ўзликни англаган жамият маърифат нури ила яшайди, қалбида ватанпарварлик ҳисси кучли бўлади. Бунинг учун аждодларимиз орзуси каби жамиятда фозил одамларнинг шаҳрини яратиш иштиёқи устувор бўлиши керак. Бутун жамиятда бир вақтнинг ўзида бундай иштиёқни уйғотиш, миллий ўзлик­ни теран англатиш осон эмас! Аммо янги Ўзбекистон мисолида буни ҳавас қиларлик даражада уддалай олишимизга амин бўлиб боряпмиз.

Зеро, мамлакатимиздаги ислоҳотларни бирма-бир таҳлил этсангиз, мазкур фактор­ларнинг барчаси рўёбга чиқаётганини кўра­сиз. Буни бевосита Ислом цивилизацияси маркази мисолида ҳам кўриш мумкин.

Эндиги фикримизни юқоридаги фактор­лар шарҳи билан давом эттирсак.

Аввало, мамлакатимизда адолатни қарор топтириш учун халқ билан мулоқот йўлга қўйилди. Қисқа вақтда мулоқотнинг халқчил, масалаларни жойида ҳал этишга қаратилган тизимлари яратилди. Айни пайтда мажбурий меҳнатга, болалар ва аёллар ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш амалда самара бера бошлади.

Ислом цивилизацияси марказидаги та­рихий экспонатлар ва фактларни ўрганган киши аждодларимиз доим инсонни улуғлаб, адолатни қарор топтириш иштиёқида яшага­нига амин бўлади. Марказнинг “Янги Ўзбе­кистон — Учинчи Ренессанс пойдевори” экс­позицияси зали билан танишгач эса ана шу анъана замонга мос шаклда янгича руҳ билан кечаётганини теран англайсиз. Бу залдаги ёшлар етакчиси, ижтимоий ходим ва, умуман “маҳалла еттилиги”нинг рақамли “вакилла­ри” сизга бу ҳақида ҳикоя қилиб беради.

Шунингдек, мамлакатимиз сўнгги ўн йил­ликда жуда катта иқтисодий ўсиш, соҳалар­даги туб эврилишларга юз тутди. Буни изоҳ­лаш учун камбағалликнинг тан олинишидан тортиб, тадбиркорлик, иш ўринлари яратиш йўлидаги имконият ва имтиёзларгача бўлган ўзгаришларни том-том китоб қилиб изоҳлаш мумкин. Қолаверса, Ўзбекистон дунёга очил­гач хорижий сармоядорларнинг катта оқими иқтисодий ҳамкоримизга айланди. Ҳатто бутун бир минтақа миқёсида ҳамкорликлар йўлга қўйилмоқда.

Цивилизация марказида ўз аксини топган исломгача бўлган даврда ҳам, ундан кейинги тамаддунлар вақтида ҳам минтақалараро алоқалар, карвон йўллари илм-маърифат та­шиганига шубҳа йўқ. Муҳими, у фақатгина Буюк ипак йўлидангина иборат эмаслиги, тарихимиздаги бундай цивилизациялар ўйла­ганимиздан анча кўп эканига амин бўласиз. Беихтиёр бугунги ислоҳотлар, янгиланишлар ана шу тарихий илдизлардан қувват олаётга­нига, бундай сўнмас қувватни тўғри йўналти­ра олиш халқларга улкан саодат келтириши ҳақидаги ёруғ ўйлар қуршовида қоласиз.

Яна бир муҳим жиҳат. Илмий салоҳият ҳамда иқтисод тараққий топиши инсон маъ­рифати, гуманистик ва бағрикенглик қад­риятлар билан чамбарчас боғлиқ.

Тарихдан яхши маълум, энг тараққий эт­ган жамиятлар ҳам аввало ички бирдамлик сабаб юзага келган. Яъни қаерда инсонни тушуниш устувор бўлса, бағрикенглик барқа­рор ўрин эгалласа ўша жамиятда юртсевар­лик юқори чўққига чиқади.

Юртимизда ривожланган давлат, эркин жамият пойдеворини бунёд этишда, энг аввало, илм ва илм, таълим ва яна бир бор таълим деган олий мақсад ҳаётимизга жорий этилмоқда. Айни пайтда Ўзбекистон маъри­фий сиёсати билан халқаро майдонда доим ўз сўзини айтиб келмоқда. Дунё мамлакатлари­ни ҳар қандай зиддиятларни тинчлик, дўст­лик ва тенг дипломатик алоқалар орқали ҳал этишга чақириб келяпти. Айнан шу жиҳат билан ҳам халқаро майдонда янги Ўзбекис­тон нуфузи ошиб бораётгани айни ҳақиқат.

Шу ўринда муҳим бир фактни айтиб ўтиш керак. Бугун дунёда зиддиятлар авж олди. Халқлар, давлатлар ўртасидаги ишонч чуқур инқироз ёқасига келиб қолди. Мамлакатлар сиёсати омма онгига ҳам ўз таъсирини ўтка­зишини ана шу жараёнда яна бир карра кў­риб, кузатиб турибмиз.

Фахр билан айтамизки, юртимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари 16 хил диний конфессияга эътиқод қилиб келмоқда. Қуво­нарлиси, биз бир халқ, ягона ватан бўлиб, ўза­ро ҳурмат, меҳр ва дўстона ҳаёт кечиряпмиз. Бу бевосита юртимиздаги бағрикенглик сиё­сатининг самарасидир. Айни пайтда улуғ аж­додларимиздан қолган бебаҳо мерос ҳамдир. Давлатимиз раҳбарининг ибораси билан айт­ганда, тарих тилга кирган, тарихдан сабоқ олинган жойда, албатта, билим ва маъри­фат, тараққиёт ва адолат бўлади. Ҳеч қачон тўғри йўлдан адашилмайди!

Боғбонлар яхши ҳосил олиш учун одат­да пайванд усулидан фойдаланади. Илди­зи бақувват, танаси мустаҳкам бўладиган дарахтга ҳосилдор навдаги ниҳол пайванд қилинади. Шу орқали бир оилага тегишли икки ниҳолдан янги, серҳосил дарахт ўсади. Тарихий илдиздан қувват олиб ёруғ кела­жакни яратиш эса боғбоннинг меҳнати, за­коватидан минг, эҳтимол миллион карра юк­сак билим, тафаккур ва матонат талаб этади. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳам ана шундай вазифани ўтайди. У шонли тарихимизни бугун билан боғлаб, ёруғ келажак кафолатини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Марказ ёшларимиз орасидан янги хоразмийлар, беруний ва улуғбеклар, фарғоний ва ибн синолар, бухорий ва тер­мизийларни камол топтирадиган маънавий майдон, илм меҳваридир.

Салим ДОНИЁРОВ,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист