Янги Ўзбекистон ғояси атрофида бирлашиб, Учинчи Уйғониш даврининг пойдевори яратилиши жараёнида иштирок этяпмиз. Буни англаш, билиш учун мамлакатимиздаги ислоҳотларни таҳлил қилиш керак.
Бугун биз, ҳеч шубҳасиз, кўп миллатли халқимиз билан биргаликда янги Ўзбекистоннинг янги тарихини яратяпмиз. Гап шундаки, Президентимизнинг бевосита ташаббуси билан бунёд этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг мазмун-моҳиятини теранроқ англаб борар эканмиз, ушбу марказни тараққиёт йўлимизнинг янги босқичи, дейиш мумкин.
Уч минг йиллик давлатчилик тарихимизнинг қат-қатларида яшириниб ётган миллатимизнинг сўнмас даҳоси кейинги ўн йиллик тараққиётимиз босқичида яна қайта бўй кўрсата бошлади. Бу эврилиш даврини Ўзбекистон Лидери Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2017 йилда бошланган мега лойиҳа — Ислом цивилизацияси маркази бунёд этилиши орқали аждодларимизнинг орзу-ниятлари, армонлари рўёбга чиққани билан изоҳлаш мумкин бўлади. Шунинг ўзиёқ юқоридаги фикримизнинг яққол далилидир.
Очиғи, марказ ҳақида гап кетганида, унга нисбатан тарихий ҳақиқат, маърифат жавҳари деган кўплаб таърифларни келтириш ўринли. Муҳими, буларнинг ҳеч бири муболаға бўлмайди. Аммо яна бир ҳақиқат бор. Яъни энг гўзал таърифлар ҳам унинг илм-фан, маънавий ҳаётимизда тутган ўрни ва аҳамиятини тўла очиб беришга қодир эмас.
Мамлакатимиз етакчиси марказга ташрифи чоғида “Бу улкан лойиҳа оддий бир чизма эмас. Уни юрак чизган, меҳр чизган, орзу ва армонлар чизган”, деган эди. Шу маънода марказнинг моҳиятини, қийматини тўла англаш учун уни бориб кўриш, бинонинг ҳар бир чизгисини, музейдаги экспонатларни, илмий салоҳиятини пухта ўрганиб, юракдан ўтказиб, ҳис этиш керак. Зеро, қалб қаъридан чиққан ҳар бир фикр, сўз ва чизги юракларга етиб боради.
Шу ўринда яна бир ҳаётий ҳақиқат. Яқинда “Янги Ўзбекистон” ва “Правда Востока” газеталари таҳририяти жамоаси, бир гуруҳ зиёлилар билан биргаликда Ислом цивилизацияси марказига саёҳат қилган эдик. Ўшанда мажмуадаги уч минг йиллик тарихга асос бўлган экспонатлар билан танишиб, тарихимиз қанчалик бой эканини кўз олдимизга келтириб ҳайратландик. Биздан бошқа меҳмонлар ҳам худди шундай ҳайрат ва ҳавас билан музейни томоша қилар, бир-бирига ноёб экспонатлар ҳақида билганларини айтишга ошиқарди. Англадикки, шонли тарихимизни ўқиб-ўрганиш бошқа, уни яхлит ҳолатда кўздан кечириш бутунлай соҳир туйғу берар экан. Бу фикрни ўшанда мажмуа мутахассислари ҳам тасдиқлаб, “Сизлар меҳмонсиз, соҳангиз бошқа, ҳатто биз ҳам музейга ҳар сафар келганимизда доим ҳайратланамиз”, деди.
Дарҳақиқат, соҳаси тарихни ўрганиш бўлган, шу йўлда илмий ишлар қилган инсонлар, марказдан ҳар куни камида битта янги фикр, факт топиб чиқаётганини айтди. Шунинг ўзиёқ уч минг йиллик давлатчилик тарихимизни кўз олдимизга келтиришда марказнинг ўрни ва аҳамияти беқиёс эканини кўрсатади.
Яна бир муҳим жиҳат, марказ фақат музейдан иборат эмас. У ерда экспонатлардан самарали фойдаланиб, шонли тарихимизни ўрганиш, илмий ишлар қилишга кенг имконият бор. Халқаро илмий ҳамкорлик йўлга қўйилгани бугун Ўзбекистон илм-фанда ҳам тобора юксалиб бораётганидан далолат. Зеро, юксак илмий нуфузга эга шахслар ва ташкилотлар ўзига тенг кўрган инсонларгагина эшик очади, ҳамкорлик қилади. Қувонарлиси, энг нуфузли халқаро ташкилот ва таълим муассасалари марказ билан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Бошқалар ҳам илмий доирада алоқалар ўрнатиш иштиёқи кучли эканини очиқ айтаяпти. Биргина мисол, марказни лойиҳалаш, қуриш ва замонавий ахборот технологиялари билан жиҳозлашда Франция, Хитой, Буюк Британия, АҚШ, Бирлашган Араб Амирликлари, Россия, Туркия, Германия, Испания, Италия, Малайзия, Озарбайжон, Саудия Арабистони, Ҳиндистон, Марказий Осиё давлатлари ва бошқа қатор мамлакатлардан юксак малакали мутахассислар ҳам фаол иштирок этди. Бунинг туб замирида янги Ўзбекистоннинг янгиланишлар, юртимиз илмий салоҳиятига тан бериш, унга ҳавас қилиш бор.
Инсоният тарихидаги буюк цивилизацияларнинг вужудга келиши солномачилар томонидан жуда кўп ўрганилган. Халқлар тамаддуни қандай бунёд этилиши илмий таҳлил этилган. Бугун тараққиётга қандай эришиш мумкин деган саволга жавоб изласангиз ана шу илмий таҳлиллар асосидаги фактларга дуч келамиз. Биз ушбу фактлардан айримларини санаб ўтмоқчимиз.
Биринчидан, жамиятда адолат қарор топиши керак. Бу инсонларга бирдек имконият, шароит яратиб истеъдодларга йўл очади. Шу орқали мамлакатда юксак малакали кадрлар синфи пайдо бўлади. Улар эса тараққиёт асосий қувватини ҳаракатга келтирувчи кучдир.
Иккинчидан, мамлакат иқтисодий ўсиши зарур. Иқтисоди мустаҳкам бўлган жамиятда ўқиб-ўрганишга, янгиликларга интилиш учун етарлича куч пайдо бўлади. Ҳар қандай тўсиқларни енгиб ўтиш осон кечади.
Учинчидан, халқ миллий ўзлигини янада теранроқ англаши зарур. Бунга ҳозир мамлакат ривожланишининг асосий пойдевори сифатида қаралиши бежиз эмас. Миллий ўзликни англаган жамият маърифат нури ила яшайди, қалбида ватанпарварлик ҳисси кучли бўлади. Бунинг учун аждодларимиз орзуси каби жамиятда фозил одамларнинг шаҳрини яратиш иштиёқи устувор бўлиши керак. Бутун жамиятда бир вақтнинг ўзида бундай иштиёқни уйғотиш, миллий ўзликни теран англатиш осон эмас! Аммо янги Ўзбекистон мисолида буни ҳавас қиларлик даражада уддалай олишимизга амин бўлиб боряпмиз.
Зеро, мамлакатимиздаги ислоҳотларни бирма-бир таҳлил этсангиз, мазкур факторларнинг барчаси рўёбга чиқаётганини кўрасиз. Буни бевосита Ислом цивилизацияси маркази мисолида ҳам кўриш мумкин.
Эндиги фикримизни юқоридаги факторлар шарҳи билан давом эттирсак.
Аввало, мамлакатимизда адолатни қарор топтириш учун халқ билан мулоқот йўлга қўйилди. Қисқа вақтда мулоқотнинг халқчил, масалаларни жойида ҳал этишга қаратилган тизимлари яратилди. Айни пайтда мажбурий меҳнатга, болалар ва аёллар ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш амалда самара бера бошлади.
Ислом цивилизацияси марказидаги тарихий экспонатлар ва фактларни ўрганган киши аждодларимиз доим инсонни улуғлаб, адолатни қарор топтириш иштиёқида яшаганига амин бўлади. Марказнинг “Янги Ўзбекистон — Учинчи Ренессанс пойдевори” экспозицияси зали билан танишгач эса ана шу анъана замонга мос шаклда янгича руҳ билан кечаётганини теран англайсиз. Бу залдаги ёшлар етакчиси, ижтимоий ходим ва, умуман “маҳалла еттилиги”нинг рақамли “вакиллари” сизга бу ҳақида ҳикоя қилиб беради.
Шунингдек, мамлакатимиз сўнгги ўн йилликда жуда катта иқтисодий ўсиш, соҳалардаги туб эврилишларга юз тутди. Буни изоҳлаш учун камбағалликнинг тан олинишидан тортиб, тадбиркорлик, иш ўринлари яратиш йўлидаги имконият ва имтиёзларгача бўлган ўзгаришларни том-том китоб қилиб изоҳлаш мумкин. Қолаверса, Ўзбекистон дунёга очилгач хорижий сармоядорларнинг катта оқими иқтисодий ҳамкоримизга айланди. Ҳатто бутун бир минтақа миқёсида ҳамкорликлар йўлга қўйилмоқда.
Цивилизация марказида ўз аксини топган исломгача бўлган даврда ҳам, ундан кейинги тамаддунлар вақтида ҳам минтақалараро алоқалар, карвон йўллари илм-маърифат ташиганига шубҳа йўқ. Муҳими, у фақатгина Буюк ипак йўлидангина иборат эмаслиги, тарихимиздаги бундай цивилизациялар ўйлаганимиздан анча кўп эканига амин бўласиз. Беихтиёр бугунги ислоҳотлар, янгиланишлар ана шу тарихий илдизлардан қувват олаётганига, бундай сўнмас қувватни тўғри йўналтира олиш халқларга улкан саодат келтириши ҳақидаги ёруғ ўйлар қуршовида қоласиз.
Яна бир муҳим жиҳат. Илмий салоҳият ҳамда иқтисод тараққий топиши инсон маърифати, гуманистик ва бағрикенглик қадриятлар билан чамбарчас боғлиқ.
Тарихдан яхши маълум, энг тараққий этган жамиятлар ҳам аввало ички бирдамлик сабаб юзага келган. Яъни қаерда инсонни тушуниш устувор бўлса, бағрикенглик барқарор ўрин эгалласа ўша жамиятда юртсеварлик юқори чўққига чиқади.
Юртимизда ривожланган давлат, эркин жамият пойдеворини бунёд этишда, энг аввало, илм ва илм, таълим ва яна бир бор таълим деган олий мақсад ҳаётимизга жорий этилмоқда. Айни пайтда Ўзбекистон маърифий сиёсати билан халқаро майдонда доим ўз сўзини айтиб келмоқда. Дунё мамлакатларини ҳар қандай зиддиятларни тинчлик, дўстлик ва тенг дипломатик алоқалар орқали ҳал этишга чақириб келяпти. Айнан шу жиҳат билан ҳам халқаро майдонда янги Ўзбекистон нуфузи ошиб бораётгани айни ҳақиқат.
Шу ўринда муҳим бир фактни айтиб ўтиш керак. Бугун дунёда зиддиятлар авж олди. Халқлар, давлатлар ўртасидаги ишонч чуқур инқироз ёқасига келиб қолди. Мамлакатлар сиёсати омма онгига ҳам ўз таъсирини ўтказишини ана шу жараёнда яна бир карра кўриб, кузатиб турибмиз.
Фахр билан айтамизки, юртимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари 16 хил диний конфессияга эътиқод қилиб келмоқда. Қувонарлиси, биз бир халқ, ягона ватан бўлиб, ўзаро ҳурмат, меҳр ва дўстона ҳаёт кечиряпмиз. Бу бевосита юртимиздаги бағрикенглик сиёсатининг самарасидир. Айни пайтда улуғ аждодларимиздан қолган бебаҳо мерос ҳамдир. Давлатимиз раҳбарининг ибораси билан айтганда, тарих тилга кирган, тарихдан сабоқ олинган жойда, албатта, билим ва маърифат, тараққиёт ва адолат бўлади. Ҳеч қачон тўғри йўлдан адашилмайди!
Боғбонлар яхши ҳосил олиш учун одатда пайванд усулидан фойдаланади. Илдизи бақувват, танаси мустаҳкам бўладиган дарахтга ҳосилдор навдаги ниҳол пайванд қилинади. Шу орқали бир оилага тегишли икки ниҳолдан янги, серҳосил дарахт ўсади. Тарихий илдиздан қувват олиб ёруғ келажакни яратиш эса боғбоннинг меҳнати, заковатидан минг, эҳтимол миллион карра юксак билим, тафаккур ва матонат талаб этади. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳам ана шундай вазифани ўтайди. У шонли тарихимизни бугун билан боғлаб, ёруғ келажак кафолатини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Марказ ёшларимиз орасидан янги хоразмийлар, беруний ва улуғбеклар, фарғоний ва ибн синолар, бухорий ва термизийларни камол топтирадиган маънавий майдон, илм меҳваридир.
Салим ДОНИЁРОВ,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист