Марказда қўлёзмаларни жамлаш, китоб фондини шакллантириш, электрон кутубхонани бойитиш ишларини давом эттирилмоқда. Айни пайтда қўлёзмалар ва нодир китоблар фондидаги асарлар сони 14 минг, электрон кутубхонадаги асарлар 35 минг нусхадан ошди.
Ўзбек халқининг илмий мероси энг буюк ёдгорликларидан бири, ҳазрати Амир Темур соҳибқироннинг "Тузуклар" асари 5 та тилдаги тарихий матнлари билан нашр этилди. Шунингдек, "Ўзбекистон-Ислом цивилизацияси маркази" илмий-оммабоп журналининг 2-сони ўқувчилар қўлига етиб борди.
Франциянинг "Вильмот меъморлар уюшмаси" ва "Авесто" ширкатлари билан Ислом цивилизацияси маркази биносининг ички безак ишлари ҳамда мафкураси мазмуни бўйича ҳамкорлик ишлари давом эттирилмоқда. Марказ музейининг "Илм-фан тараққиёти бўлими" чизмалари тайёргарлиги ниҳоясига етказилди.
— 2020 йилда "Бухоро - Ислом олами маданияти пойтахти" мақомини олгани муносабати билан "Бухоро - Ислом дунёси гавҳари" фото альбоми нашрга тайёрланди, — дейди Ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Миноваров. — Яқин кунларда "Бухоронинг ислом цивилизациясига қўшган ҳиссаси ва ундаги ўрни" мазмунида халқаро видеоконференция ўтказилиши режалаштириляпти.