Кеча 97 килограмм вазн тоифасидаги юнон-рум курашчимиз Осиё чемпионатининг бронза медали учун кечган беллашувни муддатидан аввал ўз фойдасига ҳал қилди. Исломжон Раҳматов Жанубий Корея вакили Ким Жу Ванни 12-3 ҳисобида доғда қолдириб, Осиё чемпионати совриндорига айланди. 

Бронза медали учун гиламга чиққан қолган икки курашчимиз Илёсжон Абдиназаров ва Дилшод Мамадаминов рақиларига имкониятни бой бериб, 5-ўрин билан кифояланди. Шу тариқа, Ўзбекистон U20 юнон-рум кураши терма жамоаси Осиё чемпионатини 1 та олтин, 2 та кумуш, 2 та бронза медали билан якунлади. 

Эслатиб ўтамиз, ундан аввал 20 ёшгача бўлган юнон-рум курашчилар ўртасидаги беллашувларда ҳамюртларимиздан 4 нафари шоҳсупага кўтарилган эди. 77 килограмм вазн тоифасидаги курашчимиз Самандар Бобоназаров эронлик Маъсуд Али Акбар Гафини 30 сония ичида соф ғалаба билан мағлубиятга учратиб, Осиё чемпионига айланди.

Афсуски, финалга етиб келган қолган икки курашчимиз рақибларига имкониятни бой бериб, кумуш медалга сазовор бўлди. 87 килограмм вазнда курашган Азаматжон Абдубаннобов қозоғистонлик Максат Сайлауга, 130 килограмм вазндаги Темурбек Насимов эса эронлик Фардин Ҳедаятига ютқазиб қўйди.  

Бронза медали учун икки юнон-рум курашчимиз гиламга чиқди. 55 килограмм вазнда юртимиз шарафини ҳимоя қилган Алишер Ғаниев Саудия Арабистони вакили Абдуллоҳ Жандуни муддатидан аввал (10-0) таслим этган бўлса, Ҳусниддин Олимбоев (63 кг) қозоғистонлик Багдат Сабазга кичик ҳисобда ютқазиб қўйди.