Бу сўзлар, табиийки, ҳар бир соҳа вакили, илм аҳлини жуда мамнун қилди, таъсирлантирди. Зеро, бу фикр ушбу касб эгалари учун катта эътироф бўлди.
Учрашувда таъкидланганидек, бугун сунъий интеллект билим олиш ва меҳнат қилиш усулларини тубдан ўзгартирмоқда. Бироқ ҳеч бир технология, ҳеч бир ақлли машина боланинг қалбига устоз каби йўл топиб, унга Ватанга муҳаббат ва масъулият туйғусини сингдира олмайди. Тадбирда таълим ва илм-фан фидойиларига давлат мукофотлари топширилди. Мукофотланганлар орасида нафақат педагоглар, балки таълим ривожига ҳисса қўшаётган тадбиркорлар ва хорижлик ҳамкорлар ҳам борлиги диққатга сазовор. Таълимнинг барча бўғинидаги илғор муаллимлар учун буюк маърифатпарвар Абдулла Авлоний номидаги алоҳида давлат мукофоти таъсис этилиши эса соҳа ходимларига янада куч-ғайрат бағишлайди.
Таълимни ривожлантириш янги Ўзбекистонни барпо этишнинг энг муҳим шарти. Мамлакатимизда кейинги ўн йилда 1 миллион 800 минг ўринли боғча, 1,5 миллион ўринли мактаблар барпо этилди, 10 мингдан зиёд таълим муассасаси замонавий кўринишга келтирилди. Бироқ энг эътиборли жиҳат шуки, давлатимиз раҳбари бинолардан ҳам муҳимроқ масала ўқитиш мазмуни ва сифати эканини қайд этиб, “Биз болаларимизни пахта даласидан мактаб партасига, ўқитувчиларни таълим жараёнига қайтардик”, деди. Мана шу гапда бутун бир даврнинг инсонпарварлик мазмуни жо бўлган. Чунки бола пахта даласида эмас, партада, синфхонада камол топиши керак.
2018 йилдан бошланган янги авлод дарсликларини яратиш масаласи бугун ўз самарасини бермоқда. Хориж тажрибаси ўрганилиб, 8-синфгача дарсликлар янгиланди. Биргина жорий йилда 400 дан зиёд мутахассис иштирокида 324 дарслик қайта ишланди. Улар болаларда миллий қадриятлар, табиатга масъулиятли муносабат, рақамли ва молиявий саводхонлик билан бирга мустақил ҳамда танқидий фикрлаш кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган. 2030 йилга қадар юқори синфлар учун дарсликлар ҳам янгиланади.
Ислоҳотлар натижаси ўқувчиларнинг ютуқларида яққол кўринмоқда. PISA рейтингида 15 ёшли ўғил-қизларимиз табиий фанлар бўйича 32 поғона юқорилаб, 48-ўринни эгаллади. Шу йилнинг ўзида ёшларимиз нуфузли олимпиадаларда 228 медалга сазовор бўлди. Мактаб давридаёқ чет тили ва фанлардан халқаро сертификат олган ўқувчилар сони 100 мингга етди. Бу рақамлар қалбни қувончга тўлдиради. Зеро, бу медаллар ва сертификатлар ортида минглаб устозларнинг туну кун қилган меҳнати, фарзандларимизнинг тийрак нигоҳи, ёруғ келажакка ишончи турибди.
Педагогларни қўллаб-қувватлаш ҳам самара бермоқда. Халқаро ва миллий сертификатга эга ўқитувчилар сони беш йилда 29 мингдан 143 мингга етди. Мактабларда ўқитувчи тақчиллиги уч баробар камайди. Бугун 40 минг муаллим 1000 доллардан, яна 1500 нафари эса 2000 доллардан юқори маош олмоқда. Бу педагог меҳнати қадрланаётгани, “Инсон қадри учун” ғояси айнан ўқитувчи тимсолида рўёбга чиқаётгани исботидир. “Йил ўқитувчиси” танлови энди боғча тарбиячилари ва техникум усталарини ҳам қамраб олади. Демак, меҳр дарёсининг ҳар бир томчиси, маърифат қуёшининг ҳар бир қатим нури қадрланади.
Президентимиз келгусидаги вазифаларга тўхталар экан, мактаб битирувчиси катта ҳаётга касб ва хорижий тилни эгаллаб чиқиши зарурлигини таъкидлади. Мактаб директорларига қўшимча ваколатлар берилади, ҳамкорликка тайёр тадбиркорлар учун шароит яратилади. Ёшларни мактабданоқ касбга тайёрлаш ва таълим босқичлари ўртасидаги узвийликни таъминлаш бўйича комиссия тузилади. Иқтисодиётнинг технологик ривожи учун математика, физика, кимё ва биологияни чуқур ўқитишга алоҳида эътибор қаратилади. Бу фанлар ўқувчилар сони 25 нафардан ошган синфларда икки гуруҳга бўлиб ўқитилади. Демак, ҳар бир болага алоҳида эътибор, алоҳида меҳр берилади. Миллий сертификатга эга ўқитувчиларга 50 фоиз устама тўланади. Ҳар йили минг нафар педагог хорижда стажировка ўтайди, олимпиада ғолибларини тайёрлаган устозлар тўғридан тўғри олий тоифага эга бўлади.
Бошланғич синфлар учун ҳам фан олимпиадалари йўлга қўйилади. Келаси йилдан 4-синфлар ўртасидаги танлов ғолиблари компьютер билан, уларнинг устози эса пул мукофоти билан рағбатлантирилади. Янги ўқув йилидан 100 та мактабда математика, информатика ва табиий фанлар инглиз тилида ўқитилади. Бу лойиҳа педагогларига 100 фоиз устама белгиланади. Мактаблар фаолиятини баҳолаш учун “сифат индекси” жорий этилади. Илғор мактаблар ўз тажрибаси билан бошқаларга кўмаклашса, уларнинг жамоаси 30 фоиз устама олади. Ўқитувчилар малакасини оширишда мажбурий курслар ўрнига касбий ривожланиш ваучерлари берилади. Яъни устоз ўз натижасига қараб ўзи танлайди. Бу педагогнинг шахси, эрки ва қадрига ҳурмат ифодасидир.
Икки йилда инклюзив шароит яратилган мактаблар сони қарийб беш баробар ошиб, 3591 тага етди. Тошкентда иш бошлаган кўп функционал инклюзив ресурс мактаби тажрибаси тез орада Хоразм, Жиззах, Самарқанд вилоятларида, сўнг барча ҳудудда жорий этилади. Мана шу — давлатнинг қудрати инсон қадрини қанчалик ҳимоя қила олиши билан белгиланади деган ҳақиқатнинг энг таъсирчан исботи. Чунки ҳар бир боланинг — жисмоний имконияти чекланган ўғил-қизнинг ҳам тенгдошлари билан бир муҳитда, бир меҳр остида таълим олиши чинакам инсонийлик, чинакам адолатдир.
Касбий таълимда сўнгги икки йилда 104 та техникумда халқаро дастурлар жорий этилди. Техникумларнинг 25 минг корхона билан ҳамкорлиги 100 мингдан зиёд ёшга ўқиш билан бирга даромад топиш имконини берди. Дуал таълимда стипендия 1 миллион 300 минг сўмгача тўланмоқда. Илк бор ўтказилган “Янги Ўзбекистон бунёдкорлари” касб танловида 170 минг ўқувчи иштирок этди. Энг муносиблар 2028 йили Токиода ўтказиладиган касблар бўйича жаҳон чемпионатига тайёрланади.
Олий таълим ҳақида сўз борар экан, мамлакатимизда талабалар сони 1 миллион 600 мингга етгани, еттита олийгоҳ 17 та фан бўйича халқаро рейтингларга киргани қайд этилди. Бироқ олий таълим муассасаси раҳбари сифатида мен Президентимизнинг адолатли танқидини алоҳида масъулият билан қабул қилдим. Давлатимиз раҳбари университетлардаги дарсликлар мазмуни ва мутахассислар тайёрлаш сифати бугунги талабга тўлиқ жавоб бермаётганини айтди. Бу бизга қарата айтилган огоҳлантириш, айни пайтда ишонч ифодасидир. Ректорларнинг таълим сифати ва натижаси учун масъулияти оширилади. Давлат университетлари кузатув кенгашлари аъзоларининг учдан икки қисми хусусий сектор ва хорижий олийгоҳлар вакилларидан шакллантирилади, кенгашлар ҳар йили камида 50 та дарслик яратади, битирув ишлари эса иқтисодиётнинг амалий масалаларига қаратилади.
Олийгоҳларда “корхона — олийгоҳ — мақсадли кадр” тамойили асосида дуал таълимни ривожлантириш кўзда тутилган. Тизим келаси йилдан 75 та, 2028 йилдан барча олийгоҳда йўлга қўйилади. Ишга олинган талабага тўланган маошнинг ярмини давлат қоплайди. Яхши натижа кўрсатган ёшлар иккинчи курсдан давлат гранти асосида ўқийди.
Бундан ташқари, давлатимиз раҳбари дунёнинг энг кучли 300 университети филиали мамлакатимизга жалб этилишини айтди. Муҳандислик, қишлоқ ва сув хўжалиги, энергетика, сунъий интеллект ҳамда тиббиёт йўналишларига устуворлик берилади. Буларнинг барчаси бир мақсадга — ёшларимизнинг етук, билимли, рақобатбардош кадр бўлиб вояга етишига хизмат қилади.
Устозни эъзозлаш бир касб эгасини эмас, бутун бир миллат келажагини эъзозлаш дегани. Чунки болани тарбиялайдиган — устоз, миллат келажагини қурадиган — устоз, инсон қадрини энг аввал дарс соатида улуғлайдиган яна ўша устоздир.
Экилган ҳар бир уруғ бир кун униб чиқади, берилган ҳар бир меҳр бир кун ўз мевасини беради. Бизнинг бурчимиз бугун партада ўтирган фарзандларимизни эртанги куннинг ёруғ нурларига элтиб қўйишдир. Шу ишонч, шу умид, шу меҳр бизни олдинга етаклайди.
Баҳодиржон ШЕРМУҲАММАДОВ,
Фарғона давлат университети ректори