Музокаралар чоғида Испания ва қатор Европа давлатларига маҳаллий чарм маҳсулотларини экспорт қилиш масаласи атрофлича муҳокама қилинди.

Учрашувда Уюшма ҳамда «GEDESPA» компанияси ҳамкорлигида Ўзбекистондаги тайёр чарм маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари учун Испаниянинг Валенсия шаҳрида савдо уйларини очиш масаласи атрофлича кўриб чиқилди. Валенсиядаги савдо уйлари географик жойлашуви сабаб мазкур давлатнинг муҳим пойабзал ҳудудларини ўзаро боғлайди. Шунингдек, Жазоир денгиз порти орқали Африканинг давлатларининг йирик пойабзал компанияларига чарм маҳсулотларини сотиш имкониятини яратади.

Учрашувда шунингдек, Ўзбекистон чарм-пойабзал саноатида янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш жараёнида Испан ишлаб чиқарувчиларидан ускуналар харид қилишда ушбу давлатнинг тегишли банклари ва суғурта компаниялари томонидан молиявий ёрдам кўрсатиш имкониятлари муҳокама қилинди.

Мулоқот якунида икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш ҳамда Ўзбекистон чарм-пойабзал ва мўйначилик тармоғи ютуқларини Испания тадбиркорларига тарғиб қилиш мақсадида жорий йилнинг март-апрель ойларида Испанияга бизнес-миссия ташкил этиш бўйича қарор қабул қилинди, деб хабар беради «Ўзчармсаноат» уюшмаси матбуот хизмати.