Сешанба, 20 январь куни Испаниянинг Барселона шаҳри яқинида йўловчи поезди рельсдан чиқиб кетди. Бу сўнгги кунларда Испания темир йўлларида содир бўлган иккинчи бахтсиз ҳодиса, деб хабар берди El País.
Машинист ҳалок бўлди, яна 37 киши жароҳат олди, улардан беш нафари оғир аҳволда.
Сўнгги кунларда ҳудуд кучли ёмғир ва сув тошқини оқибатида зарар кўрди. Каталония ҳудудий ёнғин хизмати инспектори Клауди Гальярдо журналистларга Барселона яқинида кучли ёғингарчилик туфайли таянч девор йўл устига қулаб тушганидан кейин поезд рельсдан чиқиб кетганини айтди.
Тез ёрдам хизматлари 37 нафар жароҳатланган йўловчига ёрдам кўрсатди. Беш нафари оғир аҳволда, олти нафари унчалик оғир аҳволда эмас ва 26 нафари енгил жароҳатлар олди. Ёнғин хизмати маълумотларига кўра, бахтсиз ҳодиса пайтида жароҳатланганларнинг аксарияти ҳодисадан энг кўп зарар кўрган биринчи вагонда бўлган.
Каталонияда поезд қатнови тўхтатилди ва “инфратузилмани текшириш ишлари тугагунга қадар” қайта тикланмайди.
Воқеа жойига 36 та тез тиббий ёрдам машинаси ва 72 та қутқарувчи юборилди. Йўловчиларга психологик ёрдам кўрсатилмоқда, деб хабар берди korrespondent.net.