Жорий йил “27 ЯНВАРЬ – ХАЛҚАРО ХОЛОКОСТ ҚУРБОНЛАРИНИ ХОТИРЛАШ КУНИ” муносабати билан Исроил давлатининг Ўзбекистондаги элчиси Зехавит Бен-Гилель “Ўзархив” агентлигига ташриф буюрди.
Учрашувда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ҳамда “Ўзбекистон-Исроил” дўстлик жамияти вакиллари иштирок этди.
“Ўзархив” агентлиги директори Улуғбек Юсупов республикадаги давлат архивлари фаолияти, уларда сақланиб келаётган алоҳида қимматли ҳужжатлар хақида гапирар экан миллатлараро бағрикенглик, тотувлик ва дўстона алоқаларни янада кенгайтириш ва ривожлантириш, тенглик, адолат ва ўзаро бир-бирини тушуниш қадриятларига амал қилган ҳолда ижтимоий, иқтисодий, илмий-техникавий, экологик, ахборот, маданий, маърифий ва бошқа соҳалардаги икки томонлама ҳамкорликка янги сифат бериш ва унинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, Иккинчи жаҳон уруши йилларида Ўзбекистон Республикаси ҳудудига эвакувация қилинган яҳудийлар тақдирига оид архив ҳужжатларини аниқлаш, рақамли нусхаларини тайёрлаш ва электрон қидирув тизимини яратишда ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига тўхталди.
Элчи Зехавит Бен-Гилель хоним Иккинчи Жаҳон урушидан кейин дунё ҳамжамияти келажакда инсониятга қарши жиноятларнинг олдини олишга қаратилган ҳар қандай ташаббуслар қўллаб қувватланиши лозимлиги, Исроилдаги архивлар билан Ўзбекистон архивлар ўртасидаги ҳамкорликни йўлга қўйиш лозимлиги тўғрисида гапирди. Шунингдек “Ўзархив” томонидан бошланган Холокост лойиҳасини, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига эвакуация қилинган яҳудийлар тақдирига оид архив ҳужжатларини аниқлаш, рақамли нусхаларини тайёрлаш ва электрон қидирув тизимини яратишда Исроил томони ҳам ёрдам беришини айтиб ўтди.