Мазкур савдо миссиясининг дастлабки кунида ташкил этилган бизнес-форумда «Ўзчармсаноат» уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Исроиллик ишбилармонларга, йирик компаниялар вакилларига мамлакатимиз чарм-пойабзал ва мўйначилик тармоғининг имкониятлари ва ишлаб чиқариш салоҳияти юзасидан тақдимот ўтказди.

Форум иштирокчиларига бугунги кунда мамлакатимизнинг чарм-пойабзал ва мўйначилик саноатининг ишлаб чиқариш имкониятлари, инвестицион салоҳияти, экспорт кўрсаткичлари тўғрисида батафсил маълумот тақдим этилди. Шунингдек, республикамизда айни соҳага ўз сармоясини киритиш ниятида бўлган хорижий сармоядорларга яратилган шароитлар, давлат томонидан берилаётган солиқ, божхона имтиёзлари ҳақида атрофлича маълумот тақдим этилди.

Шу билан бирга бугунги кунда Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган чарм-пойабзал ва мўйначилик корхоналари фаолияти, маҳсулот турлари, маҳаллийлаштириш дастури, халқаро ҳамкорлик бўйича сўз юритилди.

Бизнес-форум иштирокчилари айни йўналишда ҳамкорликни ривожлантириш масалалари юзасидан музокараларга киришди. Шунингдек, B2B учрашувларда икки томонлама манфаатли алоқаларни йўлга қўйиш бўйича мулоқотлар ташкил этилди, деб хабар беради «Ўзчармсаноат» уюшмаси матбуот хизмати.

Савдо миссияси доирасида «Ўзбекистонда тайёрланган» ёрлиғи остидаги чарм-пойабзал ва мўйна маҳсулотларини Исроилга экспорт қилиш бўйича учрашувлар ва музокаралар ўтказилди. Ушбу савдо миссияси якуни билан қатор экспорт шартномалари ва келишувлари имзоланиши кутилади.