Айниқса, ҳаво ҳарорати юқори бўлган кунларда болалар ва ёшлар фавворалардан салқинлашиш воситаси сифатида фойдаланишга ҳаракат қилади. Бир қарашда мусаффо ва тоза кўринган сув хавфсиздек туюлади. Бироқ мутахассислар бундай сувда чўмилиш соғлиқ учун жиддий хавф туғдиришини таъкидламоқда.
Бу борада Санэпидқўмита Ахборот хизмати раҳбари Мафтуна Саидова билан суҳбатлашдик.
— Кўпчилик “фавворадаги сув тоза, демак чўмилса бўлади”, деб ўйлайди. Бу қанчалик тўғри?
— Бу мутлақо нотўғри тушунча. Фавворалардаги сув ташқи кўринишидан мусаффо бўлиши мумкин, аммо у чўмилиш учун мўлжалланмаган. Кўпчилик фаввораларга тоза ичимлик суви қуйилишини билади. Лекин бу сув бир неча ҳафта давомида ёпиқ тизимда айланиб туради. Шу вақт ичида унга ташқи муҳитдан турли ифлослантирувчи омиллар тушади.
Фавворалар очиқ ҳавода жойлашгани учун улар шамол, ёмғир, қушлар, ҳайвонлар ва атроф-муҳит таъсирига доимо очиқ бўлади. Шунинг учун сув ташқи кўринишидан тоза бўлса ҳам, унинг санитария ҳолати хавфсиз дегани эмас.
— Қандай инфекциялар юқиши мумкин?
— Фавворалардаги сув бассейнлардаги каби доимий санитария назорати ва дезинфекциядан ўтмайди. Шу сабабли унда турли микроорганизмлар кўпайиши мумкин.
Жумладан: ичак инфекциялари, ротавирус инфекцияси, энтеровируслар, паразитар касалликлар, гельминт тухумлари ва личинкалари, замбуруғли касалликлар.
Агар инсон тасодифан сувни ютиб юборса ёки сув кўз, оғиз ёки очиқ ярага тушса, инфекция юқиш эҳтимоли янада ортади.
— Қушлар ва ҳайвонлар ҳам хавф манбаими?
— Албатта. Масалан, фаввора устидан учиб ўтган қуш чиқиндисини сувга ташлаши мумкин. У орқали турли бактерия ва паразитлар сувга тушади.
Шунингдек, кўча ҳайвонлари фавворадан сув ичиши ёки унга тушиши ҳам мумкин. Бу ҳолат сувга гельминт тухумлари, турли микроблар ва бошқа касаллик қўзғатувчиларининг тушишига сабаб бўлади.
Буларнинг барчаси оддий кўз билан кўринмайди.
— Фақат инфекция эмас, бошқа хавфлар ҳам борми?
— Ҳа, фаввораларда яна бир нечта жиддий хавф мавжуд.
Биринчиси — электр хавфи. Фаввораларда насослар, ёритиш тизими ва бошқа электр ускуналари ишлайди. Техник носозлик юзага келганда ток уриш хавфи пайдо бўлиши мумкин.
Иккинчиси — жароҳатланиш хавфи. Фаввора тубида сирпанчиқ шилимшиқ қатлам ҳосил бўлади. Бундан ташқари, техник мосламалар, ўткир қиррали деталлар ёки синган шиша бўлаклари бўлиши эҳтимоли ҳам истисно эмас. Бу эса йиқилиш, лат ейиш ва кесилишларга олиб келади.
— Айримлар “сувда хлор бор, демак хавфсиз”, дейишади. Бу ҳақиқатми?
— Йўқ. Айрим фаввораларда сувнинг ташқи кўринишини сақлаш учун маълум кимёвий воситалар қўлланилиши мумкин. Аммо улар инсон танаси учун мўлжалланмаган.
Ушбу моддалар тери қизариши, аллергик реакциялар, кўзнинг ачишиши ва шиллиқ қаватларнинг таъсирланишига сабаб бўлиши мумкин. Айниқса, кичик ёшдаги болалар бундай таъсирларга сезгир бўлади.
— Нега болалар фаввораларда кўпроқ хавф остида?
— Болалар чўмилиш жараёнида сувни билмасдан ютиб юбориши мумкин. Улар иммун тизими катталарникига нисбатан сезгирроқ бўлгани учун инфекцияларга тезроқ чалиниш эҳтимоли юқори.
Шунингдек, болалар сирпанчиқ юзада мувозанатни йўқотиб йиқилиши ёки фаввора конструкцияларига урилиши мумкин.
— Фавворалар аслида қандай мақсад учун қурилади?
— Фавворалар шаҳар меъморчилигининг муҳим декоратив элементи ҳисобланади. Улар атроф-муҳитни безаш, ҳавони маълум даражада намлаш ва салқинлик ҳиссини бериш учун барпо этилади.
Уларнинг суви ичиш, чўмилиш ёки болаларнинг ўйнаши учун мўлжалланмаган.
— Фуқароларга қандай тавсия берасиз?
— Иссиқ кунларда салқинлашиш учун махсус санитария талабларига жавоб берадиган бассейнлар ёки чўмилишга рухсат этилган сув ҳавзаларидан фойдаланиш керак.
Ота-оналар фарзандларини фаввораларда ўйнаш ва чўмилишдан қайтариши, уларга бунинг сабабини тушунтириши муҳим.
Ҳар бир инсон ўз соғлиғини асраши орқали жамият саломатлигига ҳам ҳисса қўшади.
Фавворалардаги мусаффо сув хавфсизлик белгиси эмас. Очиқ муҳит таъсири, қушлар ва ҳайвонлар, турли микроорганизмлар, электр ускуналари ҳамда кимёвий моддалар уни инсон саломатлиги учун хавфли муҳитга айлантириши мумкин.
Шунинг учун иссиқ кунларда салқинлик излаб фавворага тушиш ўрнига, хавфсиз ва санитария талабларига жавоб берадиган дам олиш жойларини танлаш энг тўғри қарор бўлади. Соғлиқни асраш эса ҳар биримизнинг ўз қўлимизда.
Зулхумор Акбарова