Бундай маҳсулотларни истеъмол қилишнинг инсон соғлиғига таъсири юзасидан Санэпидқўмита ахборот хизмати ўз муносабатини билдирди.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, ҳар бир озиқ-овқат маҳсулотини сақлаш бўйича муайян техник талаблар (SanQvaN, GOST) белгиланган бўлиб, улар маълум ҳарорат ва намликда сақланиши лозим.

Совуқ уриши оқибатида маҳсулотлар ўзининг органолептик хусусиятларини, яъни мазаси ва таъмини йўқотади ҳамда истеъмолга яроқсиз ҳисобланади. Шунингдек, уларнинг озуқавий қиймати ҳам пасайиб кетади.

Гарчи совуқ урган маҳсулотлар бевосита заҳарланишга олиб келмаса-да, улар барча фойдали хусусиятларини йўқотади. Бундан ташқари, бундай маҳсулотлар муздан тушганидан кейин уларни сақлаш муддати кескин қисқариб кетади.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, санитария-гигиена талабларига мувофиқ (0027-22-сон SanQvaM), умумий овқатланиш корхоналарида муздан эритилган ва қайта музлатилган озиқ-овқат маҳсулотларини қабул қилишга рухсат этилмайди.