Тошкент СЭС помидорларни кимёвий бўёқлар билан бўяш ҳақидаги миш-мишларни рад этди

Интернет ҳамжамиятлари фойдаланувчилари сабзавотларни ювганда улар юзасидан пушти-малина рангли суюқлик оқиб тушаётгани ва бўёқ қўлдан кетмаётганини таъкидлашган.

Ушбу маълумот жамоатчилик орасида кенг муҳокамаларга ва пойтахт аҳолиси хавотирига сабаб бўлди.

Шу муносабат билан Тошкент шаҳар санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси ходимлари шаҳардаги озиқ-овқат бозорларида текширувлар ўтказди. Мутахассислар кимёвий бўёқлар билан ишлов берилган бўлиши мумкин бўлган сабзавот маҳсулотлари савдоси ҳолатларини ўрганди.

Текширув якунларига кўра, идора томонидан кимёвий бўёқлар билан ишлов берилган помидорлар савдоси ҳолатлари аниқланмагани маълум қилинди. СЭС ижтимоий тармоқларда тарқалган маълумотлар тасдиғини топмаганини таъкидлади.