Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 2 декабрдаги “Тошкент шаҳрининг иссиқлик таъминоти тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорига ҳамда Тошкент шаҳрида иссиқлик таъминоти тизимини давлат-хусусий шериклик асосида модернизация қилиш ва бошқарувга бериш лойиҳаси бўйича Ўзбекистон Республикасининг “Давлат-хусусий шериклик тўғрисида” ги Қонунига мувофиқ хусусий ташаббускор сифатида “Veolia” компанияси томонидан 2020 йил май ойида лойиҳа концепцияси тақдим қилинган.

Лойиҳа концепцияси Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги билан келишилган ҳамда 2020 йилнинг 16 июнь куни Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган.

Тақдим қилинган концепцияга мувофиқ лойиҳанинг амал қилиш муддати 30 йилни ва лойиҳа қиймати 1,4 миллард еврони ташкил қилиши кўрсатилган. Шундан 315,1 млн.евро - “Veolia” компаниясининг ўз маблағлари ҳисобидан ажратилади. 1 078,8 млн.евро  эса лойиҳа даври мобайнида белгиланадиган тарифлар асосида иссиқлик таъминоти хизматларини кўрсатишдан олинадиган даромадлар (тариф ва субсидиялар) ҳисобидан ажратилиши режалаштирилмоқда.

Мазкур лойиҳа доирасида 44,7 минг дона иссиқлик энергияси ўлчов ускуналари, 1,2 млн. дона иссиқ сув ҳисоблагичлари, 391 та махсус автомашиналар харид қилиниши ҳамда 181 та марказлашган ва локал иссиқлик қозонхоналари, насос станциялари, бино ва иншоотлар модернизация қилиниши, шунингдек 841,1 км узунликдаги иссиқлик тармоқлари реконструкция қилиниши ва 575,6 км узунликдаги иссиқлик тармоқлари янгидан қурилиши кўзда тутилган.

Бунинг натижасида, иссиқлик таъминоти самарадорлиги 50 фоизга ошади ҳамда иссиқлик йўқотилиши 43 фоиздан 20 фоизга пасайтирилади ва табиий газ сарфи 45 фоизга тежалади. Лойиҳа даври мобайнида жами 12,2 млрд.м3 табиий газ тежалиб, жами 8,1 трлн.сўмлик харажатлар иқтисод қилинишига эришилади.

Бугунги кунда Тошкент шаҳрида иссиқлик таъминоти тизимини давлат-хусусий шериклик асосида модернизация қилиш ва бошқарувга бериш лойиҳаси бўйича Молия вазирлиги, Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги ҳамда “Veolia” компанияси вакиллари ва Осиё тараққиёти банки консультантлари билан биргаликда қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, Осиё тараққиёт банки ёрдамида ишлаб чиқилган Давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги битим шартлари ҳамда унинг асосий параметрлари “Veolia” компанияси билан келишилган ҳолда бир тўхтамга келинди ва таклиф этилган битимнинг охирги матни Осиё тараққиёти банки томонидан ёлланган юристлар ва мутахассислар ёрдамида қайта кўриб чиқилиб, якунига етказилмоқда.

Лойиҳани амалга ошириш бўйича Молия вазирлиги ва Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги томонидан ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарори лойиҳаси жорий йилнинг 23 июнь куни вазирлик ва идоралар келишиш учун юборилди.

Қарор лойиҳасида аҳоли учун тарифларни ошиб кетишини олдини олиш мақсадида, иссиқлик энергияси ва иссиқ сувга пасайтирилган тарифлар қўллаш натижасида, ушбу тарифлар натижасида вужудга келадиган зарарлар Тошкент шаҳар маҳаллий бюджети ҳисобидан қоплаб берилиши, ДХШ лойиҳасини амалга оширишда барча мажбуриятлар “Veolia Central & Eastern Europe” (Франция) компаниясига юклатилиши белгиланган.

Шунингдек, “Veolia Central & Eastern Europe” (Франция) компаниясининг 20 миллион Евро миқдорида хорижий инвестицияларини дастлабки икки йилда жалб этилиши, Тошкент шаҳри иссиқлик таъминоти тизимини давлат-хусусий шериклик асосида модернизация қилиш мақсадида, тарифлар ва субсидия маблағлари ҳисобига шаклланадиган Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузурида юридик мақомга эга бўлмаган алоҳида “Марказлаштирилган иссиқлик тизими инфратузилмасини ривожлантириш жамғармаси” ташкил қилиниши кўзда тутилмоқда.

2021 йил 1 июнь ҳолатига “Тошиссиққуввати” ДУКнинг Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари, шунингдек, табиий газ, электр энергияси, иссиқлик энергияси ва сув ресурсларини етказиб берувчилар олдидаги, жумладан муддати ўтган қарздорлигини тўловларни 5 йил муддатга кечиктириш ва 5 йилдан сўнг 10 йилгача муддатда ушбу қарзларни “Веолия” компанияси ҳисобидан қоплаб берилиши режалаштирилмоқда.

Толиб Иргашев,

 Молия вазирлиги ҳузуридаги

 Давлат-хусусий шерикликни

 ривожлантириш агентлиги бўлим бошлиғи