Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги айни йўналишда деҳқон ва фермерларнинг билим ва кўникмаларини ошириш, хорижий илғор тажрибаларни оммалаштириш, соҳадаги ютуқларни амалиётда кенг жорий қилиш мақсадида жойларда семинарлар ташкил этяпти. Шундай тадбирлардан бири Тошкент вилоятида иссиқхона фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлар учун  ўтказилди.  Бу ҳақда Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги матбуот хизмати хабар берди.

Семинарга туркиялик агроном мутахассислар таклиф этилди. Бу соҳада 25 йиллик тажрибага эга Туран Чай ўз билганлари билан бўлишаркан, кўчатларни парваришлаш жараёнида эътибор қаратиш муҳим бўлган жиҳатлар, экинларни суғоришда сув балансини сақлаш, ўғитларни ишлатиш усуллари ҳақида гапириб берди. Ўз навбатида юртимизда иссиқхона хўжалигини ривожлантириш борасидаги ишларга муносабат билдирди.

— Бугунги кунда бутун дунёда кузатилаётган озиқ-овқат танқислигини олдини олиш борасидаги муҳим ечимлардан бири — иссиқхоналар сонини кўпайтириш ва улардан сифатли маҳсулотлар олишдир. Жуда кўплаб давлатларда иссиқхоналардан унумли фойдаланишга жиддий эътибор бериляпти, -дейди Туран Чай.

5 ойдан буён юртимизда бўлиб турган туркиялик мутахассис Ўзбекистонда иссиқхона хўжалигини ривожлантиришда жуда катта  ишлар олиб борилаётганлигига гувоҳ бўлмоқда. Унинг айтишича, бу ердаги муаммолардан бири – тупроқдаги  шўрланиш миқдорининг юқорилигидир. Бунга ҳам ўзига хос ечим бор албатта. Яъни, кўпроқ тупроқда эмас, гидропоника  усулида маҳсулот етиштиришга  ҳаракат қилиш лозим.

— 50-100 гектар ер майдонларида ташкил қилинган иссиқхоналарни бориб кўрдим. У ерларда замонавий техника, технеологиялардан, замонавий усуллардан кенг фойдаланилмоқда.  Иссиқхоналарда ишларни янада самарали ташкил қилиш бўйича ўз маслатларимни бердим. Мен ҳозирда Туркияда кенг қўлланилаётган  "ЎзМуз" тизимини кўпчиликка тавсия қилдим. Сув ва тупроқдаги шўрланишнинг юқорилиги кузатилувчи ҳолатларда бу энг яхши тизим, — дея таъкидлади туркиялик агроном. Тренинг давомида иштирокчилар хорижлик мутахассисга ўз фаолиятидан келиб чиқиб савол берди ва иссиқхона фаолиятини самарали ташкил қилиш бўйича зарур тавсиялар олди.