Йил давомида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириб, аҳолининг озиқ-овқатга бўлган эҳтиёжини таъминлашнинг энг самарали усулларидан бири — иссиқхона хўжаликларини ташкил этиш ҳисобланади. Юртимизда бу йўналиш сўнгги йилларда сифат жиҳатидан янги босқичга чиқмода. Соҳага аллақачон, замонавий “бешинчи авлод” иссиқхонлари кириб келди. Эндиликда, улар аҳолини иш билан таъминлашда ҳам етакчи йўналишга айланмоқда.

Жорий йилнинг 7 июнь куни қабул қилинган “Давлат-хусусий шериклик асосида ҳудудларда замонавий иссиқхона хўжаликларини ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори бу борадаги ишларни янада фаоллаштиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Албатта, иссиқхона хўжалигига эга бўлиш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш истагини билдирган аҳоли (ташаббускор аҳоли) томорқалари ва хонадонларида майдони камида 10 сотих бўлган иссиқхоналарнинг барпо этилиши фуқаролар учун катта имконият. Бироқ, мазкур қарорнинг бошқа муҳим янгилиги бор. Унга кўра, қишлоқ хўжалигида фойдаланишга киритиладиган ер майдонлари, захирадаги ҳосилдорлиги паст бўлган пахта ва ғалладан қисқарган майдонлар, яроқсиз деб топилган боғ ва токзорлар жойлашган бўш ер майдонларида ҳар бирининг майдони камида 20 сотих бўлган тураржой мажмуасини ҳам қамраб олган иссиқхоналар (уй-иссиқхона мажмуалари) ташкил қилинади. Бундай мажмуаларни қуриш, жиҳозлаш ва эксплуатация қилиш давлат-хусусий шериклик тамойили асосида амалга оширилиши белгиланди.

Бу Ўзбекистонда янги ва замонавий лойиҳа ҳисобланади. Бундан 2 йил муқаддам Туркия компанияси инвестиция маблағлари асосида иш бошлаган “Buxara Varnet” хориж корхонаси томонидан жорий йилда ана шундай “Иссиқхонали уй”нинг дастлабки намунаси корхона ҳудудида қуриб битказилди. Унда мустақил ишлай оладиган оила тайёрланиб, кейин уларга топшириш кўзда тутилган.

Биз бу тажрибани Бухоро вилоятида бошлаганимиз бежиз эмас. Вилоятнинг кўп ерлари шўрхок ва қумлоқ, сув эса танқис бўлгани боис, бундай жойларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш учун гидропоника усули жуда қулай ҳисобланади. Қарорда кўзда тутилган иссиқхоналар энг замонавий технологиялар асосида қурилади. Уларда йил давомида маҳсулот етиштириш имкони бўлади. Бу эса мўл ва сифатли ҳосил олиб, оиланинг доимий даромад манбаига эга бўлишини таъминлайди.

Нафақат Ўзбекистон, балки Ўрта Осиёда ягона бўлган ушбу лойиҳага кўра, 20 сотих майдоннинг 11 сотихида инновацион иссиқхона, 9 сотихида тураржой мажмуаси қурилиб, корхонада фаолият юритаётган хамда ушбу сохада тажрибага эга бўлган ёш оилаларга бериш, муҳтож оилаларни иш билан таъминлаш режалаштирилган. Оила шу ерда яшаб, иссиқхонада меҳнат қилиб, талаб этилган маҳсулотарни компанияга етиштириб беради. Корхона керакли кўчат, минерал озуқаларнинг барини ўзи етказиб беради, тайёр маҳсулотни ҳам ўзи олади. Оила фақат ишчи сифатида меҳнат қилади. Бунинг учун уларга доимий ойлик маоши тўланади. Яна бир афзаллиги, қарор билан иссиқхоналар ва уй-иссиқхона мажмуалари учун ер солиғи ставкалари ҳамда уй-иссиқхона мажмуалари таркибидаги турар жойлар учун мол-мулк солиғи ставкалари улар фойдаланишга топширилган санадан бошлаб уч йил давомида 50 фоиз миқдорида ўрнатилади.

Мазкур лойиҳадан кўзланган асосий мақсад жаҳон стандартларига мос сифатли ҳамда экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш баробарида ёш оилалар ва кам таъминланган оилаларга муносиб иш шароити яратиб, доимий даромад манбаи билан таъминлашдан иборат. Бунда одамларнинг иш жараёнини билмаслиги муаммо бўлмайди. Улар учун хорижлик тажрибали агрономлар томонидан махсус ўқув курслари ўтилади. Кейинчалик ҳам улар оилага йўл-йўриқ кўрсатиб, иссикхона ишларини ташкил этишда кўмаклашиб боради.

Қарор билан хусусий корхонларга берилаётган имтиёзлар бу ишларни янада фаол амалга оширишимизда тиргак бўлади. Хусусан, уй-иссиқхона мажмуаларини қуриш учун хориждан олиб келинадиган, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган йиғиладиган алоҳида қисмлардан иборат тайёр ҳолдаги замонавий иссиқхоналар 2021 йил 31 декабргача божхона божидан, иссиқхоналар ва уй-иссиқхона мажмуаларини ишлаб чиқариш учун хориждан олиб келинадиган, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган материаллар, хомашёлар ва бутловчи қисмлар 2023 йил 31 декабргача божхона божидан озод қилиниши белгиланди.

Яқин йилларда Бухоро вилоятида босқичма-босқич 400 та “иссиқхонали уйлар”ни қуриб, одамларга бериш режалаштирилган. Бу лойиҳа бошқа ҳудудларда ҳам кенг оммалаштирилади. Ушбу хайрли ташаббус жойларда аҳолини иш билан таъминлаш, турли хилдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш, иссиқхоналар соҳасида мутахассислар тайёрлашда янгича ёндашув, илғор тажриба бўлиши шубҳасиз.

Бешим ҲАМРОЕВ,

“Buxara Varnet” МЧЖ хорижий корхонаси директори