Унга кўра, Истанбул ва Анталия дунё бўйича энг кўп хорижий сайёҳ ташриф буюрадиган шаҳарлар қаторидан жой олди. Ҳисоботда Туркия ҳам зиёратчилар сони, ҳам туризм жозибадорлиги жиҳатидан етакчи ўринни эгаллаганлиги қайд этилган.
Маълумотларга кўра, Истанбул 19,7 миллион нафар халқаро сайёҳ билан дунё рейтингида 5-ўринни, Анталия эса 18,6 миллион зиёратчи билан 8-ўринни эгаллади. Шу тариқа, Туркия глобал туризм майдонидаги таъсири ва мавқеини янада мустаҳкамлади.
Бангкок 30,3 миллион нафар ташриф буюрувчи билан биринчи бўлса, Гонконг, Лондон ва Макао илк тўртликдан ўрин эгаллади. Бироқ ҳисоботнинг энг эътиборга молик жиҳати — Туркиянинг сайёҳлар сони бўйича Европа ва Ўрта Ер денгизи минтақасида етакчилик сари шиддат билан кўтарилаётгани бўлди.
Мазкур юксалишда Истанбулнинг гастрономия, маданий ва санъат тадбирлари, халқаро миқёсдаги ташкилотлар, рақамли тарғибот ва кенг кўламли динамизми, Анталиянинг эса ҳар бир мавсумга хос юқори талабга эга бўлган дам олиш инфратузилмаси, спорт туризми ҳамда жаҳон стандартларига мос иншоотлари муҳим рўл ўйнади.
Туркиянинг туризм соҳасидаги глобал кучи эътироф этилди
Euromonitor Internationalнинг кенг қамровли индексига кўра, 2025 йилда Туркия туризм соҳасида энг тез суръатда ривожланаётган мамлакатлар қаторидан жой олди. Истанбул ва Анталиянинг илк ўнталикка киритилиши Туркиянинг маданият, тадбирлар ва йўналишларни бошқариш сиёсати халқаро миқёсда юқори баҳоланаётганини яққол намоён этади.
2025 йил натижалари Туркиянинг сайёҳлар оқимини сезиларли даражада оширибгина қолмай, глобал туризм майдонида барқарор ва кучли бренд сифатидаги мавқеини ҳам мустаҳкамлади.