Тақдимотда 50 дан ортиқ давлатлардан келган ноширлар, маърифат ва зиё тарқатувчилар жам бўлди.
Ўзбекистон ушбу халқаро анжуманда илк бор қатнашаётган бўлса-да мамлакатимиз ноширлик соҳасида эришган муваффақиятлари ва ижодий жараёнларни қўллаб-қувватлаши, халқлар ўртасидаги ўзаро дўстлик ва ҳамкорликни, ўзаро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга китоб ва китобхонлик тарғиботи билан улкан ҳисса қўшаётгани эътироф этилди.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, мазкур форум Ўзбекистон ноширларига янгиланаётган мамлакатимизнинг ижод, ноширлик ва матбаачилик салоҳияти ҳамда бу борада эришган муваффақиятларини янада кенгроқ намоён этиш имкониятини бермоқда. Интернет тармоғи шитоб билан ривожланиб бораётган ҳозирги даврда ноширлик соҳасидаги мавжуд муаммоларга оқилона ечим топиш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан бири ҳисобланади. Муаллифлик ҳуқуқини таъминлаш, халқаро битим ва конвенциялар асосида ижодкорлар, шу жумладан, таржимонларнинг интеллектуал мулкий ҳуқуқларини таъминлаш шулар жумласига киради.
Анжуман доирасида бўлиб ўтаётган учрашувларда ноширлик соҳасини янги босқичга олиб чиқиш, ўзаро яқин ҳамкорлик ўрнатиш, муаллифлик битимларини тузиш имкониятлари атрофлича муҳокама қилинмоқда.
Шубҳа йўқки, бу соҳадаги халқаро ҳамкорлик миллий маданиятлар, адабиётлар ва умуминсоний қадриятларнинг янада равнақ топишига хизмат қилади.
Форумда Ўзбекистондан 15 нафардан ортиқ нашриёт ва матбаа корхоналари иштирок этмоқда. Тадбирнинг биринчи кунида Ўзбекистон ноширлари ўнлаб хорижий матбаа компаниялари билан ҳамкорлик бўйича шартнома имзолашга келишиб олдилар.