Бош консулхона хабар беришича, ватандошимиз касаллик даврида уй шароитида норасмий шифокорлар кўмагида даволанган. Даволаниш жараёнида қабул қилинган дори воситаларининг ножўя таъсири натижасида беморнинг аҳволи оғирлашган. Унинг қонида инфекция ривожланган ва организмида кучли реакция кузатилган.
Шунга қарамай, бемор ўз вақтида шифохонага олиб борилмаган ва уй шароитида даволаниш давом эттирилган.
Аҳволи жиддий тус олгач, у дастлаб Мармара шифохонасига олиб борилган. Мазкур тиббиёт муассасасида беморни жонлантириш бўлимига жойлаштириш имкони бўлмагани сабабли у Картал туман шифохонасига кўчирилган.
Шифокорлар томонидан зарур тиббий муолажалар кўрсатилганига қарамай, ватандошимизнинг ҳаётини сақлаб қолишнинг имкони бўлмаган.
Марҳуманинг жасади Бош консулхона ҳамда Ўзбекистон Республикаси Миграция агентлиги ҳамкорлигида Ўзбекистонга қайтарилди.
Шу муносабат билан Бош консулхона Туркия ҳудудида бўлиб турган ватандошларимизни ўз соғлиғига масъулият билан ёндашишга чақирди.
Дори воситаларини шифокор тавсиясисиз қабул қилмаслик, норасмий ва тегишли малакага эга бўлмаган шахслар томонидан даволанишдан сақланиш тавсия этилди. Соғлиқ ҳолати кескин ёмонлашган тақдирда эса вақтни бой бермасдан расмий тиббиёт муассасаларига мурожаат қилиш зарурлиги таъкидланди.
Бош консулхона марҳуманинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирди.