Фуқаро “Қувасой хризотил шифер” корхонасида ишлаб чиқарилган 300 дона шифернинг ҳар бирини 40 минг сўмдан, жами 12 миллион сўмга сотиб олган. Шиферлар томга ўрнатилгандан сўнг орадан маълум вақт ўтгач шиферларда ёриқлар пайдо бўла бошлаган. Хонадон эгаси бу ҳақда ўз эътирози билан корхона масъулларига мурожаат қилган.
Корхонадан ташриф буюрган мутахассислар 70 та шиферда нуқсон кузатилгани (ёрилишлар мавжудлиги) юзасидан далолатнома тузиб, уларни алмаштириб беришини айтишган. Лекин алмаштириш ишлари кечикавергач истеъмолчи бу ҳақда шаҳар Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилган. Шаҳар жамияти мутахассислари томонидан мурожаатни ўрганиш вақтида нуқсонлар жами 100 та шиферда кузатилгани маълум бўлган.
– Ишлаб чиқарувчи вакили иштирокида ўтказилган ўрганиш давомида олиб борилган қайта ҳисоб-китоблар натижаси билан эса, корхона томонидан истеъмолчига нуқсонли 100 та шифер маҳсулотлари учун 4 миллион сўм, уларни томга ўрнатиш ишларига сарфланган 2 миллион уста ҳақи, жами 6 миллион сўм моддий зарар суммаси қоплаб берилишига эришилди, – дейди Фарғона шаҳар ИҲҲҚ жамияти мутахассиси Азаматжон Бобоев.