Жорий йилнинг апрель ойида Энергетика вазирлиги ҳузуридаги “Ўзэнергоинспекция” ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда бир қатор назорат тадбирлари ўтказилди.
Назорат тадбирларида 225 та ҳолатда истеъмолчилар томонидан 10,9 млн. кВт⋅соат электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланган. Бунинг натижасида тизимга 5,5 млрд сўм зарар келтирилганлиги маълум бўлди. Ушбу ҳажмдаги электр энергияси ўртача 54 мингта хонадоннинг бир ойлик истеъмолини ташкил қилади.
Ноқонуний фойдаланиш ҳолатларининг энг кўпи Андижон, Сирдарё, Сурхондарё ва Тошкент вилоятлари ҳиссасига тўғри келади.
Мисол учун, Андижон вилоятидаги якка тартибдаги тадбиркор “Й.С.”га қарашли цемент ишлаб чиқариш корхонасида 522 млн. сўм, Сирдарё вилоятидаги “Сув таъминот” МЧЖда 340 млн. сўм, Тошкент вилоятидаги якка тартибдаги тадбиркор “Х. М.”да 163 млн. сўм миқдоридаги қайта ҳисоблаш ишлари амалга оширилди.
Қоидабузар истеъмолчиларга нисбатан белгиланган тартибда чоралар кўрилиб, тегишли ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этилди.
Назорат тадбирлари давом этмоқда.