Баён этилишича, фуқаро О.М. Хива шаҳридаги савдо дўконидан 15 миллион сўмга музлатгич, Ф.Қ. эса 5 миллион сўмга кир ювиш машинаси харид қилган. Орадан кўп вақт ўтмай техникалар носоз ҳолга келиб қолган. Истеъмолчилар савдо дўкони ходимларига шикоят қилишига қарамай, сотувчилар ўзини пайсалга солиб, товарни алмаштириб бермаган.

Шундан сўнг улар Хива шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилишга мажбур бўлади. Ниҳоят ҳар икки маиший техника янгисига алмаштириб берилди. 

Шунингдек, Самарқанд вилояти Қўшработ тумани Булоқбоши маҳалласида яшовчи А.А. ҳам федерациясининг телеграм боти орқали мурожаат йўллаган. Маълум бўлишича, у Иштихон туманидаги тадбиркордан жами 36 миллион 300 минг сўмга қурилиш учун мўлжалланган ёғоч маҳсулотларини харид қилган. Манзилга етиб боргач эса, келишилган ўлчамда бўлмаган, бошқа арзон ёғочлар бериб юборилгани маълум бўлган.

Мурожаат Иштихон туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти ходимлари томонидан ўрганилиб, “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг тегишли моддалари асосида мурожаатчининг ҳуқуқлари ҳимоя қилинди ва у харид қилган ёғочлар келишилган ўлчамдагисига алмаштириб берилди.