Мамлакатимиз тараққиётининг янги даврида давлат тилини ривожлантириш мақсадида бир қанча фармонлар ва қарорлар қабул қилинди. Шу билан бирга, амалдаги қонун ҳужжатлари Давлат тили ҳақидаги Ўзбекистон Республикаси қонунига мувофиқлаштирилмоқда.

Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги томонидан 2021 йилда “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида” ҳамда “Реклама тўғрисида”ги қонун лойиҳалари ишлаб чиқилди.

2022 йил 18 январь куни қабул қилинган “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида” Ўзбекистон Республикасининг ЎРҚ-746-сонли Қонуни 5-моддаси қуйидаги мазмундаги 5-қисм билан тўлдирилди:

ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) ҳақидаги, савдо ва хизмат кўрсатиш қоидалари тўғрисидаги маълумот истеъмолчига ДАВЛАТ ТИЛИДА тақдим этилади.

17 март куни Олий Мажлис Сенатининг 24 ялпи мажлисида “Реклама тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг янги таҳрирдаги лойиҳаси маъқулланди. Қонун лойиҳаси 7 та боб ва 53 та моддадан иборат. “Реклама тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳасида ҳам бир қатор янгиликлар назарда тутилган. Айниқса, ушбу қонун лойиҳасида РЕКЛАМА ТИЛИга алоҳида эътибор қаратилган.

Яъни шу пайтга қадар амалдаги қонунимизда реклама тилига бўлган талаб мавжуд эмасди. Амалдаги қонуннинг 5-моддасига мувофиқ, реклама уни берувчининг хоҳишига кўра, исталган тилда берилиши мумкин эди. Аммо бу “Давлат тили ҳақида”ги қонуннинг 20-моддасига мувофиқлаштирилмаганлиги сабабли кўплаб муаммолар ва реклама берувчиларнинг эътирозларига сабаб бўлиб келаётган эди.

Эндиликда рекламани дастлаб давлат тилида бериш қатъий белгиланяпти ва реклама берувчининг ихтиёрига кўра, бошқа тилларда ҳам айнан қайтарилиши мумкин. Реклама мазмунининг таржимаси унинг давлат тилидаги асосий маъносини бузмаслиги, шунингдек, ташқи реклама орқали жойлаштириладиган рекламанинг бошқа тиллардаги таржимаси матни давлат тилида берилган матнининг пастки қисмида горизонтал ҳолатда жойлаштирилиши ва умумий реклама майдонининг 40 фоизидан ошмаслиги кўзда тутилган.

Қонун лойиҳасида теле ва радиоканалларда тарқатиладиган рекламалар, босма нашрларда ва Интернет жаҳон ахборот тармоғида жойлаштириладиган рекламаларнинг бошқа тиллардаги таржимаси белгиланган меъёрлар асосида тартибга келтирилиши кўзда тутилмоқда.

Шунингдек, қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳасида нафақат тил масаласи, балки маънавиятимизга оид нормалар ҳам ўз аксини топмоқда. Яъни, қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти ҳамда хорижий тажрибадан келиб чиққан ҳолда рекламага қўйилган талаблар кучайтирилмоқда. Қонун лойиҳасида вояга етмаганларни рекламанинг салбий таъсиридан ҳимоя қилишга қаратилган нормалар ҳам мавжуд.

Хусусан,

- мактаб дарсликлари ва дафтарларида реклама жойлаштириш,

- рекламада нархларни хорижий валютада кўрсатиш,

- ахлоқ ва маънавиятнинг умум эътироф этилган нормаларига зид келувчи шакл, ибора ва образларидан фойдаланиш,

- ахборот маҳсулотининг ёшга оид таснифини кўрсатмасдан реклама қилиш тақиқланмоқда.

Гўзал Қодирова,

Ўзбекистон Республикаси

Монополияга қарши курашиш қўмитаси

раисининг маслаҳатчиси