Унда қайд этилишича, истеъмолчи Бухоро шаҳрида фаолият кўрсатаётган "Lediform" савдо дўконидан 1 800 000 сўмлик аёллар пальтоси ва 400 000 сўм сўмлик шим харид қилган, аммо пальтонинг 3 дона тугмаси ва ёқаси бўлмаган. Истеъмолчи пальтонинг ёқаси ва тугмалари йўқлигини айтганда, сотувчи бунинг учун қўшимча пул сўраган. Ушбу мурожаат ўрганилиши натижасида пальто учун тўланган 1 800 000 сўм маблағ истеъмолчига тўлиқ қайтариб берилди.

Бухоро шаҳрида яшовчи Г.А.нинг мурожаатида қайд этилишича, истеъмолчи “Wallmart World Wide” МЧЖга қарашли савдо дўконидан 9 000 000 сўмлик “ZIFFLER” кондиционерини харид қилган. Бироқ орадан кўп вақт ўтмай кондиционер ишламай қолган. Шундан сўнг истеъмолчи сотувчига юзага келган ҳолатни тушунтирган ва кондиционерни таъмирлаб беришни сўраган. Сотувчи эса буни рад этган. Мурожаат ўз вақтида ўрганилиши натижасида кондиционер тадбиркор томонидан сифатли таъмирлаб берилди.

Когон туманида яшовчи фуқаро К.Ф. ўз мурожаатида жорий йилнинг октябрь ойида Ғиждувон тумани буюм бозорида жойлашган маиший техника дўконидан Самсунг А32 русумли телевизор харид қилгани, ҳозир у носоз аҳволга келиб қолганини баён қилган. Ушбу мурожаат ўрганилиши натижасида телевизор учун тўланган 1 800 000 сўм маблағ истеъмолчига тўлиқ қайтарилди.

Чортоқ туманида яшовчи бир гуруҳ фуқародан келган ёзма мурожаатда қайд этилишича, истеъмолчилар туманда жойлашган "Нalol go'sht export" МЧЖ билан "Ҳар бир оила – тадбиркор" давлат дастури доирасида жами 125 000 000 сўмлик зотдор қуён етказиб бериш тўғрисида шартнома имзолаган. Бироқ қуёнлар орадан бир ой ўтса ҳамки ўз эгаларига топширилмаган. Бундан норози бўлган истеъмолчилар тадбиркорга бир неча маротаба шикоят қилган бўлса-да, мурожаати эътиборсиз қолган.

Ўрганиш давомида федерация ходимлари тадбиркорга тушунтириш ишларини олиб борган бўлса-да, тадбиркор бўйин товлади. Шундан сўнг ҳолат юзасидан Фуқаролик ишлари бўйича Янгиқўрғон туманлараро судига даъво аризаси киритилди ва суд қарорига aсoсан 125 000 000 сўм истеъмолчилар фойдасига ҳал этилди.

Кармана туманида яшовчи фуқаро Э.Р. ўз мурожаатида хизмат кўрсатувчи ташкилотга автомашина учун бошланғич бадални тўлагани, маълум сабабларга кўра пулни қайтариб олмоқчи бўлганда эса, кўплаб муаммоларга дуч келганини айтиб ўтган. Мурожаат ўрганилиши натижасида автомашина учун тўланган 8 838 000 сўм истеъмолчига қайтарилди, дейилади федерация ахборот хизмати хабарида.