Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Зангиота туман бўлими томонидан ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, фуқаро Б.Т. яширин цех ташкил қилиб, санитария қоидаларига зид равишда турли хилдаги гўшт маҳсулотлари тайёрлаб сотиш билан шуғулланиб келаётганлиги аниқланиб, тадбир якунида истеъмолчиларнинг ҳаёти ва соғлиги хавфсизлиги талабларига жавоб бермайдиган жами 1 271,5 кг гўшт маҳсулоти ашёвий далил сифатида олинган.
Шу каби, Департаментнинг Жондор туман бўлими томонидан тегишли мутасадди ташкилотлар ходимлари билан ўтказилган ўрганиш давомида, фуқаро Ф.Ф. “Жондор туман ЭКО бозор” МЧЖ ҳудудида истеъмолчиларнинг ҳаёти ва соғлиги хавфсизлиги талабларига жавоб бермайдиган 1 100 кг гўшт маҳсулотини муомалага киритиш мақсадида сақлаб келаётганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодекснинг 186-моддаси (хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ёхуд ўтказиш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.