Маълумки, сўнгги йилларда юртимизнинг турли ҳудудларида янги-янги корхоналар, замонавий уй-жойлар, илм-фан, таълим, тиббиёт, маданият ва спорт масканлари, замонавий йўллар, боғ ва хиёбонлар барпо этилмоқда. Шу билан бирга халқимиз фаровонлигини юксалтириш, ҳаёт даражаси ва сифатини янада яхшилашга қаратилган йирик лойиҳалар, ижтимоий дастурлар амалга оширилмоқда.

Айнан мана шундай бунёдкорлик ишларидан бири — бу мустақиллигимизнинг 30 йиллигига муносиб туҳфа бўлган  “Янги Ўзбекистон” боғи ва Мустақиллик монументидир.

Очилиш маросимида Президентимиз бу боғнинг меъморий ечимларига алоҳида эътибор қаратилгани ва бунда олимлар, меъморлар ва нуронийларнинг тажрибалари, фикрлари инобатга олинганини таъкидлаб ўтди.

“Янги Ўзбекистон” боғига юқоридан қараганда, боғнинг кўриниши дарахтнинг бешта шохига ўхшаш тасаввурни беради. Бу эса, Ҳаракатлар стратегиясининг бешта устувор йўналишини рамзий ифода этади. Боғда юртимиз аҳолиси ва меҳмонларининг севимли дам олиш масканига айланиши учун барча шарт-шароитлар яратилган. Жумладан, сунъий кўл, спорт майдончалари, болалар ўйингоҳлари, амфитеатр, фавворалар, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари, ҳунармандчилик дўконлари барпо этилган бўлиб, ҳудудда манзарали ноёб дарахтлар, гул-чечаклар боғга ташриф буюрувчи меҳмонларнинг баҳри дилини очади. Боғнинг ўзига хос жиҳатларидан бири, унинг марказий қисмида, муҳташам обида —  Мустақиллик монументи барпо этилган.

Бундан ташқари, боғ атрофида Олимпия шаҳарчаси, замонавий олий таълим муассасаси, тиббиёт клиникалари, халқаро кўргазма марказлари ва бошқа объектлар қурилиши бошлаб юборилган.

Президентимиз ўз нутқида мамлакатимиз учун глобал инқирознинг оғир дамлари ортда қолаётгани ва иқтисодиётимиз тармоқларининг ривожланиш суръатини аҳолининг реал ялпи даромади 2016 йилга нисбатан 28 фоизга ўсгани, номинал ҳисобланган ўртача ойлик иш ҳақи 2016 йилга нисбатан 2,1 баробарга ошганини таъкидлаб ўтди. Шу билан бирга, Президент Фармонига биноан, мамлакатимизда 1 сентябрдан иш ҳақи, пенсиялар, стипендия ва нафақалар миқдорини яна оширилгани аҳоли даромади, турмуш даражасини оширишда алоҳида аҳамиятга эга.

Шубҳасиз, мамалакатимизда рўй бераётган ўзгаришлар, бунёдкорлик ишлари кишини қувонтиради.

Мен, мамалакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг гувоҳи бўлаётган фуқаро сифатида шуни айтаманки, янгиланишлар кенг қамровли ва барча соҳаларни ўз ичига олган ҳолда амалга оширилмоқда. Таълим соҳасида ислоҳотлар ҳақида сўз борганида юртбошимиз таъкидлаб ўтганидек, бобомиз Абдулла Авлонийнинг: “Тарбия биз учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат – ё фалокат масаласидир”, деган ҳикматли сўзларини ёдга олмасдан иложимиз йўқ.

Таълим тизимига бундай ёндошув, ҳар биримизга  таълимни такомиллаштириш, баркамол авлодни тарбиялаш, малакали кадрлар тайёрлаш масъулиятини юклайди.

Юртимизда фаолияти йўлга қўйилаётган янги таълим масканлари, таълим соҳасига янгича ёндошувлар, жаҳон тажрибасини ўрганиш, замонавий таълим усулларини жорий этилиши бугунги кунда соҳани ривожлантиришда муҳим омил бўлмоқда. Юртимизда сўнгги 5 йилда 64 та янги олий таълим муассасаси ташкил этилиб, уларнинг сони 141 тага етказилгани, қабул квотаси 3 баробар оширилгани фикримизнинг далилидир.  

Эндиликда битирувчи ёшларни олий таълим билан қамраб олиш даражаси 2016 йилги 9 фоиздан — 28 фоизга етказилди. Яқин келгусида ушбу кўрсаткични 50-60 фоизга етказиш режалаштирилгани таълим тизимидаги амалга оширилаётган ислоҳотларнинг яққол мисолидир.

Шу билан бирга ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини, авваламбор, ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида кам таъминланган оилаларга — 2 мингта қўшимча қабул квоталари давлат гранти сифатида ажратилмоқда. Бу эса ўз навбатида янгича ва мустақил фикрлайдиган, масъулиятли, ватанпарвар ёшларимиз жаҳон майдонларида турли соҳа ва йўналишларда юксак марраларни эгаллашида ўзига хос аҳамият касб этмоқда.

Хусусан, Японияда бўлиб ўтган ХХХII ёзги Олимпия ўйинларида  спортчиларимизнинг кўрсатган натижалари,  айни кунларда бўлиб ўтаётган Токиодаги ёзги Паралимпия ўйинларида кўрсатилаётган натижалар бунинг яққол далилидир.  

Расул РАҲМОНОВ,

 Тошкент шаҳридаги

Вебстер университети

ижрочи директори