Нашрда таъкидланишича, номзодларни танлаш ва ишга жалб қилиш жараёнларини давлат идоралари ўртасидаги тўғридан-тўғри ҳамкорлик асосида ташкил этиш ўзбекистонликлар учун қонуний, хавфсиз ва муносиб меҳнат шароитларини таъминлашга, Италия иш берувчилари учун эса малакали ва ишончли кадрлар базасини шакллантиришга хизмат қилади.

Италияда меҳнат бозорига эҳтиёж ортиб бормоқда

Бугунги кунда Ўзбекистон аҳолиси қарийб 40 миллион нафарга етган бўлиб, унинг асосий қисмини ёшлар ташкил этади. Ҳар йили меҳнат бозорига юз минглаб янги мутахассислар кириб келаётгани сабабли мамлакатда аҳолини касбга ўқитиш, хорижий тилларга тайёрлаш ҳамда халқаро меҳнат бозори талабларига мос кадрлар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бу борада Италия истиқболли ҳамкорлардан бири сифатида қаралмоқда. Мамлакатда ишчи кучи танқислиги кузатилаётгани боис, 2026–2028 йилларга мўлжалланган «Деcрето Флусси» дастури доирасида 500 минг нафаргача хорижлик ишчини қонуний асосда жалб қилиш режалаштирилган.

Мутахассислар фикрича, мазкур дастурнинг самарадорлиги давлат ташкилотлари ўртасидаги шаффоф ва тўғридан-тўғри ҳамкорлик механизмига боғлиқ.

Давлатлар ўртасидаги ҳамкорлик асосий омил

Материалда қайд этилишича, асосий мақсад Италия иш берувчилари билан Ўзбекистоннинг ваколатли давлат ташкилотлари, хусусан, Миграция агентлиги ўртасида содда, очиқ ва тўғридан-тўғри ҳамкорлик тизимини йўлга қўйишдан иборат.

Шунингдек, меҳнат миграциясида барча жараёнлар қонуний асосда ташкил этилиши муҳимлиги таъкидланган. Бу орқали номзодлар Ўзбекистоннинг ўзида касбий тайёргарликдан ўтади, хорижий тилларни ўрганади, тегишли сертификатларга эга бўлади. Натижада Италия иш берувчилари ходимларнинг малакаси ҳақида олдиндан тўлиқ маълумотга эга бўлади.

Материалда, шунингдек, бугунги кунда кўплаб ўзбекистонликлар Италияда таҳсил олаётгани, Италиянинг учта олий таълим муассасаси эса Ўзбекистонда қўшма таълим дастурларини амалга ошираётгани қайд этилган. Бу эса икки мамлакат ўртасидаги таълим ва меҳнат соҳасидаги алоқалар тобора мустаҳкамланаётганини кўрсатади.

Кадрлар тайёрлаш тизими янги босқичга чиқмоқда

Сўнгги йилларда Ўзбекистон халқаро меҳнат бозори учун кадрлар тайёрлаш тизимини изчил такомиллаштирмоқда. Меҳнат миграцияси дастурлари доирасида фуқаролар касбий тайёргарлик, хорижий тиллар ва қабул қилувчи давлатлар меҳнат бозори талабларига мос ўқув курсларидан ўтмоқда.

Бу тажриба Италия билан ҳамкорликни янада кенгайтириш, ўзбекистонлик фуқароларнинг қонуний ва хавфсиз меҳнат фаолиятини таъминлаш ҳамда икки давлат ўртасидаги иқтисодий муносабатларни мустаҳкамлашга хизмат қилиши кутилмоқда.