Netflix томонидан ишланган ушбу сериал, “Ноль”да сирлар ва жиноятларни фош этиш қобилиятига эга бўлган қора танли ёш италян йигитнинг ғайриоддий ҳаёти ёритилган. Бош ролни актёр Жусеппе Дейв Сики ижро этган.
– Бирор марта ҳам ёшлигимда ўзимга ўхшаш ёки менинг кечинмаларимни ифодалаб бера оладиган одамни топа олмадим ва ўзга юртга боришга мажбур бўлдим, – изоҳ берди Жузеппе. Бугунги кунда ҳатто Италияда ҳам кўчиб келган қора танли аҳоли кўп. Биз кучли жамиятмиз, аммо экранларга бизни олиб чиқишмайди. Шундай экан, ушбу сериалда бош ролни ижро этиш мен учун улкан ғалаба бўлди. Апрель ойида эфирга узатилганидан буён “Ноль” машҳур бўлиб кетди.
Ғоя ва сценарий муаллифи Антонио Дикел Дестифано бу сериал катта ўзгаришлар учун дебоча бўлади деб умид қилмоқда.
– Италия анъаналарга боғланиб қолган, – дейди Антонио. – Анъаналарига бу қадар боғланиб қолган давлатда ўзгариш бўлиши жуда қийин. Аммо мен сизга айтсам, китоблар ёзиш, кино ва сериаллар яратиш бу янги муҳитни шакллантиришга анча ёрдам беради.
Netflix эътироф этишича, ушбу сериал маҳаллий истеъдодлар томонидан яратилган кинонинг ривожи учун илк қадам бўлади.
Даниела Скаттолин сериалда Сара ролини ижро этган.
– Мен бу ролни ижро этишни иш эмас, хайрия, нима десам экан, янги бир ўзгариш учун ҳисса деб ҳисоблаган бўлардим, – дея изоҳ берди Д.Скаттолин.
“Ноль” бир нечта Европа тилларига таржима қилиниб, омма эътиборига ҳавола қилинди.
Алишер Навоий номидаги ўзбек тили ва адабиёти университети талабаси Маликахон Ражабова тайёрлади.