Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра, 2026 йилдан бошлаб камида 15 йил иш стажи ва олий малака тоифасига (бош ўқитувчи лавозимига) эга, 60 ёшгача бўлган педагогларга қайта молиялаштириладиган ипотека кредити учун бошланғич тўловнинг 25 фоизини бюджетдан қоплаб бериш тартиби жорий этилади.
Субсидия бирламчи уй-жой бозоридан квартира сотиб олиш учун ажратилади. Бунинг учун бюджетдан ҳар йили 200 миллиард сўмгача маблағ йўналтирилади.
Бунда субсидия ариза берувчининг доимий яшаш жойидаги уй-жойларни харид қилиш учун ажратилади. Ягона истисно: Тошкент шаҳрида яшовчиларга Тошкент вилоятидаги уйларни харид қилишга ҳам субсидия берилади.
Аризалар Ягона портал (my.gov.uz) ва Давлат хизматлари марказлари орқали бепул қабул қилинади.
ЭСЛАТМА: таълимнинг барча босқичидаги ташкилотларда, жумладан, мактаб, академик лицей, техникум, коллеж, касб-ҳунар мактаблари, олий таълим ташкилотларида ишлаётган педагоглар субсидия олиши мумкин.
Ариза берувчининг қуйидаги маълумотлари текширилади:
– ариза берувчи ва унинг турмуш ўртоғи ўртасида расмий никоҳ тузилгани;
– улар номида икки ва ундан ортиқ мулк ҳуқуқи билан турар жой мавжуд эмаслиги;
– камида 15 йил иш стажига эгалиги ва айни вақтда фаолият юритаётгани;
– олий малака тоифасига эгалиги;
– кредит тарихи банклар талабларига мослиги;
– аввал эр-хотиндан бири уй-жой учун субсидия олмагани.