Юртимизда бўлиб ўтаётган ИННОПРОМ-2023 доирасида Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар ҳузуридаги Инновацион ривожланиш агентлиги кўмагида «Иллогиc» (Италия) ва «Mind as Engine» (Ўзбекистон) ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланди.

Мазкур ҳамкорлик битими саноатнинг самарадорлиги ва хавфсизлигини оширишга қаратилган.

MyDigitalHelmet™ – дастурий-аппарат мажмуаси, видео ва аудио контент оқимидан фойдаланган ҳолда операторларга масофавий ёрдам кўрсатиш имконини берувчи ақлли дубулға ҳисобланади. Қурилма ходимларни масофавий малака марказига улайди ҳамда уларга реал вақт режимида ахборот алмашиш имконини беради.

- Ўзбекистон рақамли уйғониш ёқасида ва биз ИННОПРОМ-2023 ташриф буюрувчилар билан ўз билимларимизни баҳам кўриш имконига эгамиз, – дейди Иллогиc компанияси вакили Фабио Какциатори.

Бундан ташқари, ҳамкорликнинг асосий мақсадлари  технологиялар трансферини амалга ошириш, сунъий интеллект ва рақамлаштириш соҳасида қўшма тадқиқотлар ўтказиш ва MyDigitalHelmet™ жорий қилиш ва уни Марказий Осиё бозорига татбиқ этишдан иборат.

Mind as Engine бошқаруви раиси Элмурод Расулмуҳамедовнинг маълум қилишича, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида технологиялар трансферини ишлаб чиқиш ва амалга оширишга 1 миллион евродан ортиқ сармоя киритиш режалаштирилмоқда.

- Инновацияларни ривожлантириш мамлакат тараққиётининг энг муҳим омилларидан биридир. Инновацияларда технологиялар трансфери алоҳида ўрин тутади. Биринчидан, технологиялар трансферини ривожлантириш туфайли Ўзбекистон Республикаси ҳудудида янги технологик ишлаб чиқариш қувватлари пайдо бўлади. Иккинчидан, бу минтақага тўғридан-тўғри инвестициялар оқимини шакллантиради, учинчидан, бу янги технологик компанияларнинг шаклланиши демакдир. Бунинг исботи сифатида янги юқори технологияли иш ўринлари яратилмоқда ва бунинг натижасида ички бозорга йўналтирилган, шунингдек экспортда ҳам талабга эга бўладиган маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда, — дея хулоса қилди Инновацион ривожланиш агентлиги вакили Жамолиддин Бабахонов.