Римдаги “La Nuvola” конгресслар саройида ташкил этилган мазкур кўргазма давомида юқори сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари ва маҳоратли ошпазлар томонидан тайёрланган таомлар намойиш этилди.
Тадбир доирасида 30 дан зиёд семинар ва учрашувлар ўтказилди.
Халқаро кўргазмада Италия музқаймоқ ишлаб чиқарувчилар уюшмаси томонидан ташкил этилган “IV Бутунжаҳон музқаймоқ фестивали” (Gelato World Heritage) ҳам иштирокчилар томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди.
Тадбир чоғида Италиялик ошпазлар гуруҳи 6 мамлакат — Ўзбекистон, Албания, Тунис, Миср, Хитой ва Япония маҳсулотлари асосида “Желато” бренди остидаги музқаймоқни тайёрлашди.
Иштирокчи мамлакатларнинг маҳсулотларидан тайёрланган музқаймоқлар “Funvic Europe Award” ташкилоти ҳамда оммавий ахборот воситалари вакилларидан иборат малакали ҳакамлар томонидан баҳоланди.
Кўргазманинг очилиш маросимида Италия музқаймоқ ишлаб чиқарувчилари уюшмаси бош котиби Клаудио Пика сўзга чиқиб, ушбу тадбир мамлакатлар ўртасида нафақат маданий алоқаларни
чуқурлаштириши, балки таъминот занжирини қайта тиклаб, янги бозорларни кашф этишга ҳам хизмат қилишини таъкидлади.
Мамлакатимизнинг Италиядаги элчиси Отабек Акбаров иштирокчиларга юртимизга бўлган қизиқишлари учун миннатдорлик билдирар экан, ушбу кўргазмадаги Ўзбекистон тақдимоти анъанавий ўзбек меҳмондўстлиги ва мамлакатнинг туризм салоҳиятини ифодалашини қайд этди.
Ўзбекистон миллий стенди мамлакатимизнинг туризм, маданият ва қишлоқ хўжалиги салоҳиятини акс эттирадиган маҳсулотлар, миллий ҳунармандчилик буюмлари билан безатилди. Шунингдек, замонавий Ўзбекистон тўғрисида ҳикоя қиладиган видеороликлар ҳам намойиш этилди.