Суҳбат чоғида ИТБ раҳбарияти Ўзбекистон томонининг Йиллик анжуманга тайёргарлик кўриш борасидаги фаоллигини қайд этди. Кун тартиби доирасида тадбирни ташкил этиш билан боғлиқ амалий масалалар кўриб чиқилди ва бу йўналишда ўзаро ҳамкорликнинг самарали алгоритмлари ишлаб чиқилди.
Йиллик анжуманда ИТБга аъзо мамлакатларнинг 57 нафар ҳукумат вакиллари, молия, иқтисодиёт, режалаштириш ва халқаро ҳамкорлик вазирлари, марказий банклар раҳбарлари ва бошқа расмийлар, шунингдек, халқаро молия институтлари (ХМИ) ва халқаро ривожланиш ташкилотлари, бизнес сектори, фуқаролик жамияти, илмий доиралар, ОАВ ва бошқа манфаатдор томонлар вакиллари қатнашади. Жами 2 000 дан ортиқ иштирокчилар қатнашишлари кутиляпти.
Бу каби юқори даража ва йирик миқёсдаги тадбирни ўтказиш Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларга кенг жамоатчилик ва инвесторлар эътиборини жалб этиш, ИТБ билан ҳамкорликни ривожлантириш ва Ўзбекистонда Банкнинг инвестициялар портфелини кенгайтириш имконини бериши таъкидланди.
Шунингдек, томонлар ИТБ ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолатини, амалга оширилаётган лойиҳалар портфелини муҳокама қилиб, уни кенгайтириш истиқболларини кўриб чиқдилар.
Музокаралар якунида ИТБ шўъба корхоналари – Хусусий секторни ривожлантириш бўйича Ислом корпорацияси, Халқаро Ислом савдо-молия корпорацияси ва Ислом инвестициялар ва экспорт кредитларини суғурта қилиш корпорациясининг қўшимча ресурсларини Ўзбекистонда лойиҳаларни молиялаштириш учун жалб этиш орқали икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш бўйича келишувга эришилди.
Шунингдек, томонлар яқин истиқболда ИТБнинг Ўзбекистондаги минтақавий ваколатхонасини очиш ташаббуси устида ишлашга келишиб олдилар, деб хабар беради Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.