Эслатиб ўтамиз, хотин-қизларни ахборот технологиялари соҳасига жалб қилишга қаратилган «ITWomenUz» Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникатсияларини ривожлантириш вазирлиги ва IT-Park томонидан Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети, Тошкент шаҳридаги Инҳа университети ва Тошкент шаҳридаги Амитй университети билан биргаликда ташкил этилди. Лойиҳа ҳомийси – «Uzcard» компанияси.

Лойиҳанинг асосий мақсади аёллар дафтари таркибига киритилган аёллар учун ахборот технологиялари соҳасида таʼлим олиш ва уларни иш билан таъминланиш имкониятини яратишдир.

2021 йил 17 февралдан 4 мартгача бўлиб ўтган лойиҳанинг биринчи босқичида 2000 дан ортиқ аёллар курслардан ўтди ва курс давомида замонавий технологияларга доир билимларини ошириш, компьютер саводхонликларини ривожлантириш, сайт яратишда асосий кўникмаларни ўзлаштириш, шунингдек, компьютер дизайни соҳасидаги амалий кўникмаларни эгаллашга муваффақ бўлишди.

Лойиҳанинг иккинчи босқичи жорий йил 14 июнга қадар давом этади. Иккинчи босқич давомида Ўзбекистоннинг барча вилоятларидан келган хотин-қизларга ахборот технологиялари соҳасида таълим бериш кўзда тутилган, деб хабар беради IT-Park матбуот хизмати.