Муайян тилнинг ривожланиши жараёнида унинг луғавий таркиби, жумладан, терминологияси бошқа соҳаларга тез, сезиларли, жиддий ўзгаришларга учрайди. Бунинг объектив сабаблари бор, албатта. Ижтимоий терминологиядаги тараққиёт, ўзгаришлар ҳам янги луғавий бирликларнинг пайдо бўлиши ва айрим луғавий бирликларнинг истеъмолдан чиқиши, сўзларнинг янги маънолар кашф этиши ва айрим маъноларнинг йўқолиши каби ҳодисалардан иборат. Бундай ўзгаришлар тегишли луғатларда акс эттирилгандагина уларнинг салмоғи, кўлами яққол намоён бўлади. Ижтимоий-сиёсий терминлар бўйича бир қатор терминологик луғатлар тузилган бўлса-да, улар биринчидан, изоҳли луғат эмас, иккинчидан, анча эскирган эди.
Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти бу муаммо ечимига ҳам дастлабки қадамни қўйди. Департамент ташаббуси билан Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан “Ijtimoiy-siyosiy terminlarning qisqacha izohli lug‘ati”ни тайёрлашга буюртма берилган эди. Алишер Навоий номидаги Ўзбек тили ва адабиёти университетида тақдимоти ўтказилган мазкур луғат ЎзРФАнинг ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти олимлари томонидан нашрга тайёрланди. А.Мадвалиев, Н.Маҳкамов, Ш.Кўчимов, З.Мираҳмедова ва А.Саиднўъмоновлар муаллифлигида яратилган китобга 4400 га яқин ижтимоий-сиёсий терминлар ва терминологик бирикмалар жамланган. Луғат Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримов кўп жилдли асарлари тўплами, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев асарлари, ҳукуматимизнинг меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлари, вақтли матбуот саҳифалари, 5 жилдли “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”, 12 жилдли “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” ҳамда шу соҳага доир мавжуд луғатлардан тўпланиб, изоҳланди.
Китоб Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти буюртмаси асосида “Mashhur-press” нашриётида лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида кўп минг нусхада нашр қилинди.
— Бу луғат ижтимоий-сиёсий терминлогия борасидаги ишларимизнинг дебочаси, — деди Ўзбек тили ва адабиёти университети ректори Ш.Сирожиддинов. — Ҳали бу борада қиладиган ишларимиз жуда кўп. Катта-катта луғатлар тайёрлаб, одамларимизнинг ижтимоий-сиёсий билимларини оширишга тилни ривожлантириш, изоҳли луғат орқали сабабчи бўлиш биз, тилшунос олимлар олдидаги энг катта вазифалардан бири.
Тақдимот давомида Давлат тилини ривожлантириш департаменти мудири А.Қирғизбоев, китоб муаллифлари Н.Маҳмудов, Ш.Кўчимовлар луғат тузиш ғоят машаққатли жараён экани, шундай бўлса-да, босқичма-босқич мана шундай китобларни нашрга тайёрлаш зарурлигини таъкидладилар. Зеро, тилимиз янги сўзлар билан анча бойиди. Хусусан, сўнгги йилларда мамлакатимизнинг бутун дунёга тобора “очилиб” бораётгани боис тилимизда кўплаб хорижий сўзлар ўзлашмоқда. Шу боис бугунги кунда давр талабларидан келиб чиққан ҳолда тузилган турли соҳага доир изоҳли луғатларга катта эҳтиёж сезиляпти. Айниқса, мамлакатимизда амалга оширилаётган туб ижтимоий-сиёсий ўзгаришлар нуқтаи назаридан ижтимоий-сиёсий терминларнинг изоҳли луғатини тузиш муҳим аҳамият касб этмоқда.
Тадбирда иштирок этган тилшунос олимлар, вазирлик ва идоралар, хўжалик бирлашмалари раҳбарлари, Тошкент шаҳар ва туман ҳокимлари маслаҳатчиларнинг барчаси тақдим этилган янги луғатнинг ўз фаолиятлари давомидаги аҳамияти катта эканидан миннатдор бўлдилар.
Дарҳақиқат, бундан салгина аввал банк-молия терминларининг изоҳли луғатини мутасаддиларга тақдим этган департаментнинг бундай саъй-ҳаракатларидан кўзда тутилган мақсад турли соҳа ходимларига амалий кўмак беришдир. Департемет мутасаддиларининг таъкидлашича, йил охирига қадар яна 20 та номдаги қўлланма ва китоблар нашр этилиб, кўплаб соҳа вакилларига тақдим этилади. Бу эса ўзбек тилимизнинг давлат тили сифатидаги нуфузини аввало, соҳалар кесимида, қолаверса, бутун мамлакатимизда кенг қўлланишини таъминлашга хизмат қилади.
Муножат МЎМИНОВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири