Ҳар бир даврда ва миллатнинг ҳар бир фарзанди руҳида боқий яшаб келаётган, Ватаннинг мустабидлар зулмидан озод бўлишини, элга эрк, ҳуррият истаган халқимизнинг қалби уйғоқ фарзандлари бўлмиш жадидлар ҳамиша фикру ёдимизни эгаллайди. Бу миллат ойдинлари тарихини, ҳаёти ва фаолиятини ўрганганимиз сари улар барҳаёт бўлаверади, юракларимизни бир четини тирнаётган армонлар қайта гавдаланади. Кўз ўнгимизда турган ҳақиқат гўёки уларни қайтариб олиш мумкиндек катта умидлар беради.

Руҳан тирик жадид аждодларимизнинг аламли дардлари, авлодларимиз томирларида оқаётган маърифатпарварларнинг қонли васиятлари, тилларда қотиб қолган Ватан ҳасратлари хаёллардан тасвирларга, ўйлардан китобларга, одамлардан оламларга кўчаверади, кўчаверади...

100 йиллар ўтса ҳамки миллий ўзлик тарихи, мустақил миллат, мустақил юрт, мустақил мафкура ҳақиқати ёлқинланаверади.

Тўғри, уларнинг қучиб йиғлайдиган қабрлари йўқ – йўқотилган, излари йўқ – ўчирилган. Лекин жадидлар яшайдиган қалблар бор — сўнмайдиган, маърифатга ташна жадидчи издошлар бор — аҳдидан қайтмайдиган, жадидона адабиёт хазинаси бор — тўлғониб, талпиниб ўқиладиган, демакки, улар ўлмаган — улар биз ўқиган саҳифаларда қайта яралмоқда.

Биласизми, нега улар миллатнинг юрагида яшайди?

Илм ёғдусига ташна туркий дунёга чироқ тутган, “Тильда, фикрда, ишда бирлик” деган эзгу ғоя билан майдонга чиққан тараққийпарварлар халқнинг болалари тақдирини ўйладилар, миллатнинг эртасини кўзладилар. Жаҳолатдан олиб чиқувчи йўлни таълимда, мактабларда, театр ва кутубхоналарда кўра олдилар. Энг оғир тузум тебранишларида ёшларни илғор давлатларга ўқишга юбориш, маърифат улашиш мақсадида ёндилар. Жадидларнинг ғоялари миллий уйғониш, миллий мафкурани тиклаш йўлида қудратли кучга айланиб, жамиятни тўлқинлантириб юборди.

Ким улар? Мақсадлари не эди?

Улар ўзандан тошган ва терс оққан дарё, кишанга тоқатсиз тулпорлар, миллатнинг кўпирган қони, маърифатнинг жаҳолатдан ҳалқумга келган жонидир. Жадидлар – ватан моҳиятидан изланган саволларнинг “янги” садоси, бағри нидога тўлган Она Туркистоннинг қароғи ортига оққан кўз ёшлари, шу юртнинг ўзлиги, Янги Ўзбекистоннинг илдиз томирларидир. Ҳаёт деб аталмиш неъмат қиммати, инсон шаъни ва унинг ҳурмати, миллат ва Ватанга муносиблик не эканини англатиш учун дунёга келган ибратлар улар. Жадидлар биз кириб бораётган учинчи ренессанснинг илк бунёдкорлари, мустақиллик миллий мафкураси асосчилари, қатағонлар қайирган кучлар, бир аср олдин панжаралар ортига беркитилган тараққиётдир.

Мустабид тузумга сиғмаган, ўз янги оламига, ўз идеологиясига эга бу инноваторларнинг мақсадларида миллатнинг кўзини очиш, Туркистон аҳлининг тараққий кунларига эришиш, ўқимишли миллий кадрлар орқали дунёга чиқиш, маърифат ва маданият асосига эркин фуқаролик жамияти барпо этишдай эзгуликлар устувор эди.

Тараққиётдан ортда қолган мамлакатни, таълим ва маорифни ислоҳ қилиш, янгилаш учун бел боғлаган, “эҳтиёжи миллат” дардида “бу кетишнинг охири ямондур, ўқумоқ, ўқутмоқ керакдир...” дея изтироб чеккан Беҳбудий бизнинг бугунимиздан қатлга қадар умид узмади. Атоқли шоир ва “усули жадид” маорифининг илғор етакчиси Муҳаммадшариф Сўфизоданинг

“Бечора она бўлғувчи қобила қизлар,

Нозик қўлига олмай ўтар хома ва дафтар...” дея миллат қизларининг илм-фан эгаси бўлишлари учун қайғуришлари Туркистон элига тарқалади.

Ўзбек халқини ривожланган халқлар билан тенг кўришни орзу қилган, фикрий уйғониш даврининг етук мутафаккири, янгича қарашлар билан 75 ёшида ҳам “қатағон машинаси” эгаларини ваҳимага солган элнинг Ибратлари

“Ўқингиз, илми ҳикмат сизга, бу иш катта Ибратдур,

Агар илм ўрганурсиз барча ишда сизга нусратдур,

Агар илм ўлмаса, нодон умри барча кулфатдир,

Бу ашёи жадиди мубаддини асли ҳикматдур “ дея бонг урганида зиёнинг асл замини ғафлатга маҳкум этилган эди.

Миллий мактаб яратиш, янги авлодни вояга етказиш иштиёқида мардонавор қадам ташлаган, оташин нутқлари билан халқнинг ғурурини уйғотган, моҳир педагог Мунаввар Қорининг энг таҳликали даврда ҳам “ўзбек зиёли болаларини Германияга юбориб ўқитишга муҳтожмиз. Болалар ўқиб, илм билан таҳсил қилиб келсалар, миллатга катта хизмат қила оладилар” дея одамлар қалбида келажак шамини ёқиши ҳамон илм аҳли юрагини ўртаб юборади. Бунданда улуғ, бунданда буюк бир иш борми миллат учун? Не шарафки, жадидлар қуёш каби шундай яралган эди, жисму жонларида шундай фидоийлик собит эди.

Шу даврнинг яна бир ёниқ юлдузи, ўзбек халқининг қомусий олими, шоир, носир, ўткир публицист ва драматург Абдурауф Фитрат ҳам юрт қайғусини ўз дарди деб билди. У миллий тараққиётнинг “ўзбекча” модели учун изчил кураш олиб борган ва давлат тузумини саҳна орқали фош эта олган мардонавор жадиддир.

“Юз йиллардан бери жафо кўруб, ғам чекиб келган туркнинг қонли кўз ёшларин этакларингга тўкарга келдим.

Қоронғуликлар ичра ёғдусиз қолган ўзбек кўзлари учун тупроғингдан сурма олғали келдим...” Буюк Соҳибқиронга қарата айтилган бу сўзлар аслида туркийларнинг шарафи, инсон қадр-қимматини ҳимоя қилиш учун кучли бир туғён, ички исён эканлиги аниқ намоён бўлади.

Тўғри, келажакни ёруғликка ундаган, Туркистонни жунбушга келтирган бу маърифатпарварлик ҳаракати катта тўсиқларга учради, тарих саҳифаларидан ўчирилди, миллат етакчиларига “миллатчилар” тамғаси урилди, ойдин юзлар қораланди. Бироқ, ёш авлод шууридан абад жой олган жадидларни на кишанли оёқлар ва на боғланган қўллар маърифат йўлидан қайтара олмади, мангуликнинг сири ҳам айнан шу аҳд ва жонфидоликдадир.

Айтиш жоизки, мамлакатда янгиланишлар тўлқинини яратган, Янги Ренессанс даврининг элпарвар жадиди бўла олган – маърифатпарвар аждодларимизнинг етук давомчиси — Давлатимиз раҳбари бугун халқимиз юрагида қолган жадидий аламларга малҳам бўлмоқда.

Сўнги йилларда бу ҳуррият элчилари хотирасини абадийлаштириш, жадидлар фаолияти ва меросини ўрганиш, ўргатиш масалаларига алоҳида эътибор берилмоқда. Мамлакатимизда ҳар йили 31 август санаси “Қатағон қурбонларини ёд этиш куни” сифатида кенг нишонланаётгани эса ёш авлод учун муносиб ёднома бўлди. Шунингдек, жадидлар тарихига оид илмий ва бадиий асарлар нашр этилаётгани, бадиий ва ҳужжатли фильмлар яратилаётгани, дунё ҳамжамияти иштирокида халқаро конференциялар ўтказилаётгани эса миллий таълим тарғиботчилари хотирасини қайта-қайта жонлантирмоқда. Бугун юртимизда уларнинг улуғ номлари билан аталувчи манзиллар, таълим масканлари ва сўлим гўшалар борки, уларга қадам босган ҳар бир ватандошимиз қалбида жадидона ҳислар уйғонади. Хусусан, Фарғона давлат университетида фаолият юритиб келаётган “Қатағон қурбонлари” тарихий хотира музейи — ҳозирги кунда вилоятда жадидчилик тарихини муҳим манбалар асосида тадқиқ этиш бўйича ўзига хос илмий институт вазифасини бажармоқда. Қувонарлиси, бу даргоҳ ҳамиша ёшлар билан гавжум, жадидлар ўтмишига қизиқиши ортиб бораётган талабалар сони йилдан йилга ортиб бормоқда.

Муҳтарам Президентимизнинг саъй-ҳаракатлари билан Ўзбекистон Олий суди томонидан 1030 дан зиёд мустабид тузум қатағонига учраган ватандошларимиз номи оқланиб, тарихий адолат қад ростлади ва минглаб жадидлар авлодлари қалбини яралаган доғлар битди.

Зеро, Янги Ўзбекистонда инсон қадри улуғланадиган адолатли, эркин ва обод жамият, халқпарвар давлат, фаровон ҳаёт барпо этишга қаратилган ислоҳотларимиз жадид боболаримизнинг эзгу ғоя ва дастурларига ҳар жиҳатдан уйғун ва ҳамоҳангдир.

Хулоса ўрнида айтиш жоизки, биз эришган бугунги фаровон ҳаёт, мустақил Ватан, бирдам бўлган халқ, осуда кунлар қурбонларсиз бунёдга келмаган. Жадидчиларимизнинг буюк намоёндаси — Абдулла Қодирийнинг “мозийға қараб иш кўрмак хайрлидир”, — деган ибратли жумлаларини эслаш кифоя. Жаҳолатга қарши курашиш, миллат шаънини ҳимоя қилиш орқали мустамлака бўлган Туркистонни дунёнинг тараққий этган мамлакатлари сафида кўришни орзулаган аждодларимиз бугун ўз мақсадларига эришдилар. Эндиликда бизнинг — бугунги кун эгаларининг зиммасида аждодларимиз асрий орзуларини рўёбга чиқариш, тинчлик ҳукмрон бўлган заминни асрай олиш, ўз интилишлари, ислоҳотлардаги иштироки, ташаббуслари орқали ёшларга кимларнинг авлоди эканлигини англатишдай кучли вазифа борлигини унутмаслигимиз даркор!

Ҳақиқатки, “Янги Ўзбекистон” келажагига билим, маърифат, тоза виждон, ҳалол меҳнат ва кучли салоҳият билан ҳисса қўшиш учун бизда куч ҳам, заковат ҳам, имконият ҳам етарли!

Баҳодиржон ШEРМУҲАММАДОВ,

Фарғона давлат университети ректори,

педагогика фанлари доктори, профессор